Жаҳон | 14:34 / 08.09.2023
6904
3 дақиқада ўқилади

Кубаликларни Россия-Украина урушига ёллаш иши бўйича 17 киши ҳибсга олинди

Прокурор Хосе Луис Ройеснинг айтишича, кубаликларни Украина урушига жалб қилишда иштирок этганлар 30 йилгача қамоқ ёки умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. 

Фото: Franklin Reyes/AP/picture alliance

Кубада ҳам мамлакатдаги, ҳам Россиядаги кубаликларни Россия армиясига жалб қилган жиноий тармоқ фаолиятига алоқадор 17 киши ҳибсга олинди. «Текширув натижасида ҳозиргача 17 киши ҳибсга олинди, улар орасида ушбу фаолиятнинг ички ташкилотчиси ҳам бор», — деди Куба ИИВ полковниги Сезар Родригес 7 сентябр, пайшанба куни кечқурун телевидениеда. 

У айбланувчиларнинг исмини келтирмади, лекин гуруҳ раҳбари кубаликларни ёллаш жараёнида Кубада яшовчи икки кишига таянганини айтди. Ўз навбатида, прокурор Хосе Луис Рейес жиноий тармоқ иштирокчилари содир этган жиноятларининг оғирлиги ва хусусиятидан келиб чиқиб, 30 йилгача қамоқ, умрбод қамоқ ёки ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкинлигини айтди. Улар турли жиноятларда, жумладан, одам савдоси, ёллаш фаолияти ва душманлик ҳаракатларида айбланиши мумкин. 

Украинадаги урушга кубаликларни ёллаш билан шуғулланган тармоқ фош этилди

Куба ҳукумати бир неча кун олдин ушбу мамлакат фуқароларини Россия-Украина урушида қатнашиш учун ёллашда гумон қилинаётган тармоқни аниқлаганди. Куба Ички ишлар вазирлиги «Россияда фаолият юритувчи, у ерда яшовчи кубаликларни ва ҳатто Кубадаги фуқароларни Украинадаги ҳарбий амалиётларда қатнашаётган қуролли кучларга ёллаш бўйича тармоқни зарарсизлантириш ва тугатиш устида ишламоқда», - дейилади Куба ТИВнинг 4 сентябр кунги баёнотида.

«Кубанинг душманлари мамлакат обрўсига путур етказиш ва уни бу ҳаракатларга шерик сифатида кўрсатиш мақсадида бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатмоқда, биз буни қатъиян рад этамиз», — дейилади баёнотда.  

Ташқи ишлар вазирлиги бу мамлакат «Украинага қарши урушда қатнашмаётгани», шунингдек, «қатъий ва аниқ тарихий позицияни эгаллаб тургани», бу ёллаш фаолиятини рад этиши ҳамда ва унга қарши миллий даражада ҳам, БМТ даражасида ҳам кураш олиб борилаётганини билдирди. Хусусан, Куба Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан маъқулланган ёллаш бўйича фаолиятга қарши бир қанча ташаббуслар муаллифи бўлган. 

Сўнгги пайтларда Куба ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар фаоллашди. Куба президенти Мигел Диас-Канел 2022 йил охирида Москвага ташриф буюриб, россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашди. Июн ойида Куба мудофаа вазири Алваро Лопес Миера Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан қабул қилинган эди.  

Мавзуга оид