22:01 / 11.09.2023
24037

Ўзбекистоннинг икки клуби Марказий Осиёда қиммат таркибга эга клублар рўйхатига кирди 

Германиянинг Transfermarkt портали бутун дунё футбол клубларининг тахминий трансфер нархини ҳисоблаб чиқди. Марказий Осиёнинг энг қиммат таркибга эга футбол клублари бешлигига Қозоғистоннинг 3 клуби ва Ўзбекистоннинг 2 клуби кирди.

Қозоғистон Суперлигасида иштирок этувчи «Астана» клуби Марказий Осиёнинг энг қиммат таркибга эга футбол клуби ҳисобланади. Германиянинг Transfermarkt портали унинг қийматини 14,2 млн еврога баҳоламоқда. «Астана» таркибида иштирок этувчи гамбиялик Дембо Дарбо трансфер қиймати 1,8 млн еврога тенг. 

Иккинчи ўринда Қозоғистоннинг яна бир вакили - Чимкентнинг «Ордабаси» клуби жойлашган. 2023 йил август ойи ҳолатига кўра, бу клуб футболчиларининг умумий нархи 11,8 млн еврони ташкил қилади. Унинг таркибидаги энг қиммат футболчи – украиналик Артём Беседин (1,2 млн евро). 

Марказий Осиё клублари орасида учинчи ва тўртинчи ўринларни Ўзбекистоннинг «Пахтакор» (11,1 млн евро) ва «Навбаҳор» (10,4 млн евро) клублари банд этган. Тошкент клуби марказий яримҳимоячиси Одилжон Ҳамробеков 1 млн еврога, Наманганнинг «Навбаҳор» клуби етакчиси Жамшид Искандеров эса 850 минг еврога баҳоланган. 

Ниҳоят, минтақадаги қиммат футбол клублари квинтетини Қозоғистоннинг яна бир вакили – барча футболчиларининг трансфер қиймати 9,73 млн еврога тенг бўлган «Ақтўбе» клуби якунлайди. Ушбу клубнинг энг қиммат футболчиси - қозоғистонлик Максим Самородов (700 минг евро). 

Тожикистон клублари орасида Душанбенинг «Истиқлол» клубига тенг келадигани йўқ. Transfermarkt унинг таркибини 5,1 млн еврога баҳоламоқда. Кейинги ўринларда Кўлобнинг «Равшан» ва Хўжанднинг «Хўжанд» клублари – ҳар бири 2,48 млн евро. 

Қирғизистонда энг қиммат клуб - Қантнинг «Абдиш-Ота» клуби (4,5 млн евро), Туркманистонда - «Арқадағ» клуби (1,3 млн евро). 

Марказий Осиёда футбол клублари бюджетини ошкор қилиш одат эмас. Шу боис минтақадаги энг бой клуб номини айтиш қийин, деб ёзди Asia-Plus. Баъзи ОАВ хабарларига кўра, Наманганнинг «Навбаҳор» ва Тошкентнинг «Пахтакор» клубларининг бюджети тахминан 10 млн долларни ташкил этади. ОКМК клуби активида ҳам тахминан шунча пул бор. Қозоғистонда, айрим манбаларга кўра, «Астана» бюджети 10 млн доллардан ошади. 

Тожикистонда «Истиқлол» клуби бюджети тахминан 2 млн долларга баҳоланган, бошқа клубларнинг активларида эса 100-800 минг доллар бор. Қирғизистон клублари билан ҳам вазият шундай. Туркманистон футбол клубларининг бюджети ошкор этилмаган. 

Норасмий маълумотларга кўра, Туркманистон клублари Тожикистон ва Қирғизистон клубларига қараганда кўпроқ пулга эга, аммо Қозоғистон ва Ўзбекистон клублари билан рақобатлаша олмайди. 

Top