Жаҳон | 21:18 / 12.09.2023
25076
5 дақиқада ўқилади

Ливияда даҳшатли тошқин. Қурбонлар сони 3 мингдан ошди

Ливияда содир бўлган сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 мингдан ошди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати вакиллари хабар қилган. Шарқий Ливия администрацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу рақамларни тасдиқлади.

Фото: Reuters

Қизил Хож ва Қизил Ярим Ой халқаро ташкилоти бедарак йўқолганлар сони 10 мингдан ошганини тахмин қилмоқда. Қидирув-қутқарув операциялари вақтида қурбонлар сони янада ошиши мумкин. Дерна шаҳрининг ўзида 700 та жасад шахси аниқланмай қабристонлар олдида териб қўйилгани айтилмоқда. Reuters билан телефонда суҳбатлашган амалдорлардан бири Дернанинг 25 фоиз қисми йўқ бўлиб кетганини айтган. «Қурбонлар сони жуда кўп бўлади, жуда-жуда кўп. Ўликлар ҳар ерда ётибди, денгизда, водийларда, бинолар остида», деган у.

Мамлакатнинг тошқиндан жабр кўрган қисмларида шунчаки ўлган жасадларни йиғиб, уларнинг сонини аниқлаш ҳам муаммога айланган. Шунингдек, одамлар биринчи тиббий ёрдам ололмаяпти, жабрланганлар касалхонагача етиб бориши ҳам қийин. Уйсиз қолганлар озиқ-овқат, бирламчи ҳаётий зарур маҳсулотларга эҳтиёж сезмоқда.

Ливия шимоли-шарқида Даниел тўфони олиб келган кучли ёмғирлар сув тошқинларини келтириб чиқарган. Шаҳарлар ва қишлоқлар сув остида қолган. 100 мингдан ортиқ одам яшовчи Дерна шаҳри офатдан энг кўп жабр кўрган ҳудуд бўлди. Шаҳардаги эскирган ҳимоя воситалари ва икки асосий дамба сув тўлқинини қайтара олмаган. Дерна дарёсидаги икки тўғон бузилиб, шаҳарни сув остида қолдирган. Шаҳардаги учта кўприк буткул вайрон бўлган, кварталлар сув остида қолган. Дерна одатда қуруқ дарё бўлиб, фақат ёғингарчилик мавсумида тўлиб оқади.

Шундоғам сиёсий ҳолат мураккаб бўлган Ливияда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Мамлакат ҳукумати халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган. Сув остида қолган баъзи шаҳарлар билан умуман алоқа йўқолган, шу боис қурбонлар сони янада ошиши мумкин. Офат зарар келтирган ҳудудларда электр энергияси, интернет алоқаси ва ҳар қандай коммуникация воситалари ўчган.

Мамлакат армияси офат оқибатлари билан курашишга киришган. Ҳозиргача қутқарув операциялари вақтида 7 нафар ҳарбий бедарак йўқолгани маълум. Маҳаллий телеканалларда ҳам ҳолат ҳақида армия вакиллари хабар бермоқда. Ливия шарқидаги Бенгази, Сус, Ал Маж шаҳарлари ҳам жиддий зарар кўрган. Ливия шарқида комендантлик соати эълон қилинган, мактаб ва дўконлар ёпиб қўйилган. Шунингдек, мамлакатдаги 4 та йирик нефт портлари ҳам вақтинча ёпилган.

Аввалига қурбонлар сони 150 нафар экани айтилди. Бу хабар эълон қилингач Ливия шарқий қисми бош вазири Усама Ҳамад маҳаллий телеканал эфирига чиқиб қурбонлар сони 2 мингдан ошгани, яна минглаб одамлар бедарак йўқолганини айтди.

Ливия ғарбидаги Мисрат шаҳри ҳам тошқиндан зарар кўрган. Офат кузатилган шарқий Ливия марказий бошқарув администрацияси Бенгазида жойлашган ҳукумат бошқаради. Халқаро тан олинган ва бошқаруви пойтахт Триполида бўлган ҳукумат ҳам тошқин оқибатларини бартараф этишда қатнашмоқда.

Қизил Ҳоч жамиятининг Ливиядаги вакили Тамер Рамаданнинг айтишича, офат кўлами маҳаллий ҳукумат удда қила олмайдиган даражада катта. Шу сабаб халқаро ёрдам жуда зарур.

Маълум бўлишича, мутахассислар вайрон бўлган икки тўғон хавфсиз эмаслиги ҳақида аввал ҳам огоҳлантирган. Офат вақтида эса дерналиклар дамбалар ёрилганидан бехабар қолган. Дерналик Хузайфа ал Хасадининг «Ал Хурра» телеканалида айтишича, офат бу қадар катта зарар етказганига сабаблардан бири ҳудуднинг рельефи бўлган. «Сув тўпланадиган баъзи водийлар 400 метр пастликда, шу сабаб сув атом бомбаси каби ёпирилиб кўприклар, уйларни вайрон қилди. Об-ҳаво шароити ўрганилмаган, тўфон йўлига тушиб қолиши мумкин бўлган оилалар эвакуация қилинмаган», дейди у.

Ливия 2011 йил Муаммар Қаззофий ўлдирилганидан кейин иккита ўзаро душманлик кайфиятидаги ҳукуматлар томонидан бўлиб олинган. Ҳар икки ҳукумат офат сабаб мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилган.

Ўтган ҳафтада худди шу тўфон Греция, Туркия ва Болгария қирғоқларига ҳам ёпирилган, оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлганди. Иқлимшунослар бундай тошқинлар, Европа жанубида кузатилган рекорд даражадаги иссиқ ва ёнғинларга иқлим ўзгаришининг жиддий оқибатлари бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид