Жаҳон | 10:34 / 13.09.2023
9603
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Маскнинг Украинага Қримга ҳужумда ёрдам беришдан бош тортганини текширмоқда

Илон Маск Украина қўшинларига Қримдаги Россия флотига ҳужум қилиш учун Starlink’дан фойдаланишга рухсат бермади. АҚШ сенаторлари «бундан буён АҚШ ташқи сиёсатини бир миллиардер эмас, балки Оқ уй белгилаши» учун нима бўлганини текшириш ниятида.

Фото: Nathan Laine/Bloomberg via Getty Images

АҚШ Сенати хусусий космик компания бош директори Илон Маск Украина қўшинларига Қримдаги Россия ҳарбий-денгиз кучларига ҳужум қилиш учун Starlink сунъий йўлдош алоқа тармоғидан фойдаланишга рухсат бермаганидан сўнг SpaceX бўйича текширув ўтказмоқчи. Бу ҳақда 11 сентябр, душанба куни кечқурун демократ сенатор ва Қуролли кучлар қўмитаси аъзоси Элизабет Уоррен маълум қилди.

«Конгресс бу ерда нима содир бўлганини ва бизда ташқи сиёсатни бир миллиардер эмас, балки ҳукумат юритишини таъминлаш учун етарли воситалар бор-йўқлигини текшириши керак», — дея Уоррен сўзларини келтирган Bloomberg ахборот агентлиги. Агентлик маълумотларига кўра, Маск бошқа йирик технология компаниялари раҳбарлари билан биргаликда 13 сентябр куни Сенатдаги ёпиқ эшитувларда иштирок этади. 

Уоррен, шунингдек, Пентагонни SpaceX билан тузилган шартномаларини текширишга чақирди. Унинг позициясини Сенат Қуролли кучлар қўмитаси раҳбари, демократ Жек Рид қўллаб-қувватлади. У мавжуд вазиятдан хавотир билдириб, сунъий йўлдошлар одатда ҳукуматлар томонидан назоратга олиниши ва уларнинг ишлаши бўйича қарорлар президентлар томонидан қабул қилинишини таъкидлади. 

Украинанинг Starlink’дан фойдаланиши

Украина Россия ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг деярли дарҳол Starlink’дан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. The New York Times (NYT) маълумотларига кўра, 2023 йил июлига келиб Киев 42 мингдан ортиқ Starlink терминалларини қабул қилган. 

Сенаторлар норозилигига сабаб бўлган вазият 2022 йилда содир бўлган. The New York Times манбаларига таяниб, ёзда у ҳақида ёзган. Илон Маскнинг 12 сентябрда чиққан таржимаи ҳолида бу факт тасдиқланган. 

Маскнинг биографи Уолтер Айзексон ёзишича, Украина сувости дронлари Россия кемаларига яқинлашганда, улар билан алоқа узилиб, қирғоққа чиқиб кетган. Китобда айтилишича, Маск «Россиянинг юқори мартабали амалдорлари билан» суҳбатдан сўнг, Россия ядровий қурол билан жавоб қайтаришидан хавотирланиб алоқани узишга қарор қилган. 

Илон Маскнинг реакцияси 

Биограф билан суҳбатда Маск Starlink «урушларда иштирок этиш» учун ўйлаб топилмаганини, у сунъий йўлдошлар орбитага оқим хизматларидан, таълим порталларидан фойдаланишни таъминлаш учун чиқарилганлигини таъкидлади, шунда одамлар « дрон ҳужумларини амалга оширмаган ҳолда, тинчлик йўлида яхшилик қилиши мумкин».

Тадбиркорнинг таъкидлашича, Starlink алоқаси Қрим яқинида ишламаган ва шунинг учун уни ўчира олмаган. Шу билан бирга, миллиардер Украина расмийларининг илтимосига биноан, бу Россия флотига ҳужум эканини ҳисобга олиб, уни «Севастополгача йўлда» зудлик билан ёқишга рози бўлмаганини тан олди. Агар алоқа ёқилганида, у Space X’ни уруш ва можаро домига тортиб кетган бўларди, бу эса унинг қоидаларига зид келади. 

«Бизнинг хизмат кўрсатиш шартларимиз Starlink’дан ҳужумкор ҳарбий амалиётлар учун фойдаланишни аниқ тақиқлайди, чунки биз фуқаролик тизимимиз, шунинг учун Украина расмийлари яна тақиқланган нарсани сўради», деб тушунтирди Маск. 

Путин - Маск ҳақида 

Россия президенти Владимир Путин 12 сентябр куни Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида Илон Маскни ажойиб шахс, фаол ва иқтидорли бизнесмен деб атади. «Хусусий бизнесга келсак, Илон Маск, албатта, ажойиб шахс. Фаол, иқтидорли бизнесмен. У кўп иш қиляпти, жумладан, Америка давлати кўмагида ҳам», - деди Россия президенти. 

Шу билан бирга, Илон Маск Америка Қўшма Штатларига содиқлигини таъкидлади. «Мен АҚШ фуқаросиман ва менда фақат битта паспорт бор. Нима бўлишидан қатъи назар, мен Америка учун курашаман ва у учун ўламан. АҚШ Конгресси Россияга уруш эълон қилгани йўқ. Мен хоин деётганларнинг ўзи сотқиндир», деди SpaceX раҳбари. 

Мавзуга оид