Жаҳон | 23:39 / 15.09.2023
11707
2 дақиқада ўқилади

Франция супермаркети харидорларни «шринкфляция» ҳақида огоҳлантира бошлади

Carrefour супермаркети харидорларни маҳсулот ҳажми/оғирлиги пасайгани, натижада нархи «хуфёна» ошгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

Фото: Reuters

Франциядаги Carrefour супермаркетлар тармоғи пештахталарда харидорларни «шринкфляция» ҳақида огоҳлантирувчи белгиларни қўйишни бошлади.

«Шринкфляция» – бу истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилари томонидан нархларни яширин тарзда ошириш усулидир: маҳсулот нархи ошганини билдирмаслик мақсадида, унинг қадоғи камайтирилади.

Carrefour вакиллари шу йўл билан ишлаб чиқарувчи компанияларга босим ўтказмоқчи эканини, нархларни пасайтиришга эришмоқчи эканини айтмоқда.

Carrefour «шринкфляция»га учраган 26 та маҳсулотни аниқлади, уларнинг қадоқлари кичрайиб кетган, аммо нархи ўзгармаган. Масалан, Nestle томонидан ишлаб чиқарилган Guigoz сут маҳсулоти қадоғи 900 граммдан 830 граммгача қисқарган. Lipton Ice Tea чойи шишасининг ҳажми 1,5 литрдан 1,25 литргача камайтирилган. Viennetta музқаймоғи вазни 350 граммдан 320 граммгача камайган.

Франциянинг иккинчи йирик озиқ-овқат чакана сотувчиси Carrefour бундай маҳсулотларни пештахталарда «Ушбу маҳсулот ҳажми/оғирлиги пасайди, амалда эса нархи ошди», деган ёзувлар билан жойлаштирмоқда.

Британия истеъмолчилари ҳам «шринкфляция» кундалик товарлар нархига таъсир қилганини даъво қилмоқда: мушуклар учун озиқ-овқатдан тортиб шоколадли печениегача.

Бироқ, Британия супермаркетлари Carrefour компанияси ортидан боришни истамайди. Чакана савдо бўйича мутахассис Гед Футтер сўзларига кўра, бу стратегия чакана сотувчилар ва товар етказиб берувчилари ўртасидаги муносабатларни бузиши мумкин. Футтернинг фикрича, Carrefour шу йўл орқали бошқа супермаркетлар билан рақобатлашишга ҳаракат қилмоқда, аммо бу жуда қўпол ва хатарли усул.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид