Жаҳон | 10:24 / 15.09.2023
5576
3 дақиқада ўқилади

Тўқаев: Қозоғистон Евросиёда транзит ҳаби сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаш ниятида

Қозоғистон президенти Душанбеда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича стратегик йўналишга қатъий содиқдир. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Душанбеда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V маслаҳат учрашувида сўзлаган нутқида айтиб ўтди

«Қозоғистон минтақа мамлакатларига экспорт ҳажмини 175 номдаги хомашё бўлмаган товарлари билан кўпайтириши мумкин. Товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтиришнинг асосий омили мамлакатларимиз ишбилармон доиралари бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Шунинг учун, менинг фикримча, улар учун қулай муҳит яратиш бўйича ишлар устувор вазифага айланиши керак», — дея Тўқаевнинг сўзларидан иқтибос келтирган Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати.

Президент Марказий Осиё давлатларининг транспорт-логистика салоҳиятини тўлиқ ишга солишга ҳам эътибор қаратди. 

«Бу стратегик ҳудуд минтақанинг жадал ривожланиши учун таянч нуқтасига айланиши мумкин. Биз дунёнинг янги иқтисодий географияси шаклланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Хитой, Европа, Россия ва Яқин Шарқ йўналишидаги савдо оқимларининг ошиши кутилмоқда. Марказий Осиё глобал шимол ва жанубни, ғарб ва шарқни боғловчи чорраҳада жойлашган. Бу бизнинг жиддий устунлигимиз бўлиб, кенг истиқболларни очади. Ҳозирги босқичда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши алоҳида ўрин тутади», — деди Тўқаев. 

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ўзининг энг яқин ҳамкорлари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган қатор йирик лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришни мақсад қилган. «Гап Дўст-Мўйинти, Бахти-Аяғоз, Дарбоза-Мақтаарал темирйўл лойиҳалари, шунингдек, Жанаўзен-Туркманистон чегараси автомобил йўли ҳақида бормоқда. Умуман олганда, Қозоғистон Евросиёда транзит ҳаби сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаш ниятида», - дея таъкидлади Қозоғистон раҳбари. 

Тўқаев, шунингдек, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг мавжуд механизмларини такомиллаштириш муҳимлигини қайд этди. 

«Бизда «Марказий Осиё» сайёҳлик брендини биргаликда тарғиб қилган ҳолда мамлакатларимизнинг ўзига хос табиати ва маданиятини бутун дунёга кўрсатиш учун ажойиб имконият бор», - деб ҳисоблайди Тўқаев. 

«Ишончим комилки, белгиланган вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», – дея хулоса қилди у. 

Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бундан ташқари, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев учрашувда фахрий меҳмон сифатида қатнашди.

Мавзуга оид