Қуйида Тўқаевнинг мурожаатномасида тилга олиб ўтилган энг асосий масалалар мазмуни ва иқтибосларини келтирамиз.

«Менинг асосий вазифаларимдан бири — Қозоғистонни комфорт ва хавфсиз ҳаёт ҳудудига айлантиришдир».

«Ички ишлар вазирлиги барча турдаги ҳуқуқбузарликлар учун қатъий чора кўришга мажбур. Ҳуқуқий давлатда жиноятчиликка ўрин йўқ. Шу сабабли бандитизм таг-туби билан йўқ қилиниши керак. Бу экстремистлар, шу жумладан, диний радикалларнинг вайронкор фаолиятига ҳам тааллуқли».

«Қозоғистонда бирор бир белгига кўра камситиш йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди. Бундай фактлар қонунга кўра таъқиб қилинади.

Сир эмаски, барчамизга яхши таниш бўлган кир ниятли кишилар, шу жумладан хориждан туриб ҳаракат қилувчи кимсалар, жамоатчилик фикрини манипуляция қилиб, мамлакатимизга қарши асоссиз айбловлар билан чиқиш қилиб келмоқда.

Қозоғистон жамияти ичида бўлиниш ҳосил қилиш учун яхшигина пул тўлаб қўйилган бу найранглар, албатта, муваффақиятсизликка юз тутади. Чунки бизда ҳеч қачон қандайдир «фобиялар» бўлмаган, йўқ ва бўлмайди ҳам».

Келгуси йилдан Қозоғистонда туманлар ва вилоят миқёсидаги шаҳарлар ҳокимлари фақат тўғридан тўғри сайловлар орқали сайланади.

«Сиёсий ислоҳотлар — бир марталик кампания эмас. Агар мамлакатнинг ривож топиши учун бу зарур бўлса, бундай ислоҳотлар доимий равишда ўтказилади».

«Ўрта синф кучайиши керак. Иқтисодиётнинг ўсиши ижтимоий нотенглик даражаси пасайиши билан бирга содир бўлиши шарт».

«Банклар иқтисодиётга янада кўпроқ пул тикиши лозим. Бу борада зарур қонун қабул қилинади».

«Бюджетда иккинчи даражали вазифаларга ҳаддан зиёд пул сарфлаш ҳолатларини камайтириш керак».

«Мамлакатга инвестициялар жалб қилишга кўпроқ эътибор бериш керак. Барча ҳокимлар ва вазирлар ҳам жараёнда иштирок этмаяпти».

«Активларни қайтариш масаласида. Бизнесменлар давлатга пешвоз чиқиши лозим, акс ҳолда улар билан бошқача гаплашамиз».

«Моношаҳарларга қайтадан жон бахшида этиш керак. Мамлакатнинг ишлаб чиқариш салоҳияти тўлиқ очилиши керак».

«Автосаноатнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тўлиқ ўзини қоплаши керак. Автомобилсозлик кластери пайдо бўлиши керак».

«Мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётни табиий газ билан  таъминлаш — ҳукумат олдига қўйилган асосий вазифалардан биридир».