Жамият | 14:35 / 18.09.2023
20603
3 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб ҳар куни эрта уйғониш мумкин?

Ҳар куни тонгги 05:00 да уйғониш кўпчилик учун осон иш эмас. Айниқса, тунги фаолликни афзал кўрувчилар учун. Бироқ буни одатга айлантириш сизнинг турмуш тарзингиз учун бир нечта фойдали жиҳатларни тақдим этиши мумкин. Келинг, агар ҳар куни эрта уйғонсангиз, нималар юз бериши мумкинлигини биргаликда кўриб чиқамиз.

Самарадорлик ошади. Бутун дунё ухлаётган вақтда сиз уйғониб, атроф-муҳитнинг тинчлиги, сокинлигидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Бу диққатни жамлаш ва ишлаш учун айни вақт. Муваффақиятга эришган кўплаб инсонлар шу боисдан ҳам кам вақт ичида кўпроқ иш қилиб олиш учун тонгги вақтларни маъқул кўради.

Шахсий ривожланиш имконияти. Бу вақт шахсий ривожланиш, ўсиш учун айни муддао ҳисобланади. Инсон турли фаолликлар (масалан, йога, медитация ёки шунчаки китоб ўқиш) орқали жисмоний ҳамда ақлий жиҳатдан ривожланишни давом эттириши мумкин.

Соғлом турмуш тарзи. Доимий тонгги 05:00 да уйғониш бошқа яхши одатларни ҳам ўзлаштиришга ёрдам беради. Масалан, жисмоний тарбия, фойдали нонушта тайёрлаш мумкин. Шунингдек, жисмоний, руҳий саломатлик ҳақида мунтазам қайғуриш ҳам одатга айланади.

Уйқунинг яхшиланиши. Қатъий кун тартиби ва эрта уйғониш сабаб уйқу ҳам яхшиланади. Бир вақтда ётиш ва уйғониш сабаб организм уйқу циклларини бошқаришни ўрганади. 

Оила учун вақт. Агар оилали бўлсангиз, улар билан бирга вақт ўтказиш учун бу ҳам бир қўшимча имконият. Улар билан суҳбатни тонгги сокинликда амалга ошириб кўринг, сизга хуш келиши аниқ.

Қандай қилиб эрта туриш мумкин?

Ҳар куни эрта туришда сизга қуйидаги маслаҳатлар кўмак бериши мумкин. 

Кун тартибини тузинг. Уни аниқ белгилаб, амал қилинг — ҳар куни ҳатто дам олиш кунларида ҳам.

Босқичма-босқич мослашиш. Агар сиз одатда кеч уйғонсангиз, бирдан 05:00 да уйғонишга ҳаракат қилманг. Ҳафтасига оралиқни 15-30 дақиқага қисқартиб боринг ва ўзингиз кўзлаган вақтга етинг.

Кечқурун режалаштиринг. Тонгги стрессни камайтириш ва эрта туришга кечқурундан тайёрланинг. Бу ўз ичига кийим-кечак танлови, нонушта тайёргарлиги ва кун тартибини тузиш кабиларни ўз ичига олиши мумкин.

Мотивация яратинг. Нима учун тонгги 05:00 да турмоқчи эканингизни аниқлаб олинг ва буни ўзингиз учун мотивация сифатида ишлатинг. Бу сиз учун мақсадларга эришиш, шахсий ривожланиш ёки ҳаёт сифатини яхшилаш ҳам бўлиши мумкин.

Қанча керак бўлса, шунча ухлаш. Етарли даражада ухлаётганингизга ишонч ҳосил қилинг. Катталар тетик ва самарадор бўлиши учун меъёрдаги уйқу вақти 7-9 соатни ташкил қилади. 

Кўриб турганингиздек, эрта уйғониш соғлом турмуш тарзи учун жуда фойдали. Бироқ бу нарса ҳаммага ҳам бирдек тўғри келмаслиги мумкин. Одам ўз эҳтиёжлари ва турмуш тарзига мос келадиган тартибни топиши керак. 

Мавзуга оид