Жаҳон | 11:44 / 18.09.2023
4892
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Экспертлар ЕИнинг Хитойга қарамлиги ортиб боришидан хавотирда

Европа Иттифоқи етакчиларининг учрашуви учун тайёрланган ҳужжатга кўра, ёнилғи элементлари ва литий-ионли батареяларни ишлаб чиқаришда Европа Иттифоқи кўп жиҳатдан Хитойга таянади ва келгуси йилларда уларга талаб ортади. 

Фото: picture-alliance/Imagechina/D. Changzheng

Европа Иттифоқи қатъий чоралар кўрмас экан, 2030 йилга бориб у литий-ионли аккумуляторлар ва ёнилғи элементлари бўйича Хитойга Украинадаги урушгача энергия бўйича Россияга бўлгани каби, қарам бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳақда 17 сентябр, якшанба куни Европа Иттифоқи кенгашига 2023 йилнинг иккинчи ярмида раислик қилувчи Испания томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатга таяниб, Reuters хабар бермоқда

Ҳужжат 5 октябрда Гранадада бўлиб ўтадиган ЕИ етакчиларининг йиғилишида Европа иқтисодий хавфсизлигини муҳокама қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади, унда Европа комиссиясининг Европанинг Хитойга ҳаддан ташқари қарамлиги хавфини камайтириш ҳамда Африка ва Лотин Америкаси томон диверсификация қилиш зарурати бўйича таклифлари кўриб чиқилади. 

Европа энергияни сақлаш усулларига муҳтож 

Ҳужжатда айтилишича, қуёш ва шамол каби қайта тикланадиган энергия манбалари барқарор эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, Европа 2050 йилга бориб карбонат ангидрид гази ташламаларини нолга тенглаштириш мақсадига эришиш учун энергияни сақлаш йўлларини топиши керак. Бу, ўз навбатида, литий-ионли аккумуляторлар, ёнилғи элементлари ва электролизерларга бўлган талабнинг кескин ошишига олиб келади ва яқин йилларда бу кўрсаткич 10-30 баробар ортиши кутилмоқда. 

Ҳужжатда қайд этилишича, Европа Иттифоқи электролизерлар ишлаб чиқариш ва йиғишнинг оралиқ босқичларида кучли мавқега эга, бироқ ёнилғи элементлари ҳамда электр транспорт воситаларида қўлланиладиган литий-ионли аккумуляторларни ишлаб чиқаришда кўп жиҳатдан Хитойга таянади. «Қатъий чоралар кўрилмаса, Европа энергетика экотизими 2030 йилга бориб Хитойга боғлиқ бўлиб қолиши мумкин, у Украина уруши бошланишидан олдин Россия энергиясига бўлган қарамлик даражасида кутиляпти», дейилади ҳужжатда. 

Мавзуга оид