Жаҳон | 00:14 / 21.09.2023
8711
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти ва Покистон ҳукумати раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди. Хусусийлаштириш ва самарали давлат бошқаруви соҳаларида банкнинг экспертлик ва техник кўмагини кенгайтириш, карбонсизлаштириш, муқобил энергетика, инфратузилма ва коммуникациялар, сув таъминоти бўйича лойиҳаларни молиялаштириш ва уларга хусусий инвестициялар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш каби стратегик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Банкнинг дунё бизнеси етакчи вакилларидан иборат Маслаҳат кенгаши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасида Покистон Ислом Республикаси бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар билан учрашди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Музокараларда Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товар айирбошлашни ошириш учун қулай шароитларни яратиш ишларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперация алоқаларини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Тўқимачилик, фармацевтика, электротехника ва туризм соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди. Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалда илгари суриш борасида биргаликда ҳаракат қилиш муҳим экани қайд этилди.

Мавзуга оид