ТерДУда Чехия – Ўзбекистон халқаро археологик экспедициясининг 20 йиллиги нишонланди
Термиз давлат университети Сурхондарё вилоятида кўплаб археологик объектларининг кашф этилиши, қазишма-тадқиқот ишларининг олиб борилишини қўллаб-қувватлаб келади. Натижада тупроқлар қаърида яшириниб ётган тарихий обидалар ва улардаги қадимги буюмлар, осори-атиқлар қайтадан кашф этилмоқда. Бу эса ўз навбатида юртимизга қизиқувчи хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг сони ортишига сабаб бўляпти.
Айни пайтда Термиз давлат университети кўплаб давлатлар билан халқаро экспедиция ишларини олиб бормоқда. Ўзбекистон-Чехия. Бу ана шу халқаро йирик лойиҳалардан бири бўлиб, кўплаб олимларни бир маконда бирлаштирди. Термиз давлат университети ва Карлово университетлари ўртасида тузилган археологик илмий шартномага, Ўзбекистон-Чехия халқаро археологик экспедициясига 20 йил тўлди.
Шу муносабат билан Термиз давлат университетида “Заратуштрадан Чингизхонгача” номли кўргазма ташкил этилди. Унда Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ватслав Йилек, Ўзбекистон-Хитой халқаро экспедициясининг содиректори Ма Жиян, Ўзбекистон-Франция халқаро экспедициясининг содиректори Пеьр Лериш, Ўзбекистон-Чехия халқаро экспедициясининг содиректори Ладислав Станчо, ТерДУ ўқув ишлари бўйича проректори Расул Тўраев, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Обид Шофиев профессорлар Шопўлат Шайдуллаев, Сайфулла Турсунов ва кўплаб тарихчи олимлар иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро экспедиция иш бошлаган кезлари йирик лойиҳаларни амалга оширишни кўзлаган ва бугун олимлар ана шу мақсадларига эришди. Масалан, Шеробод воҳасининг археологик ёдгорликларининг харитаси яратилди, воҳада жойлашган ҳар бир ёдгорликнинг археология паспорти тузилди. Бу тўғрисида Прага шаҳрида монография ҳам чоп этилди.
Худди шундай Бойсун, Жарқўрғондаги археология ёдгорликларида ҳам салмоқли ишлар олиб борилганини кўриш мумкин. Кўҳитангтоғ ён бағриларида жойлашган 9 та, илгари номаълум бўлган бронза даврига, 14 та илк темир даврига оид ёдгорликлар кашф этилди. Халқаро кўргазмада сўзга чиққанлар томонидан шунингдек, Александр Македонский ва Юнон Бақтрия даврига оид, илгари фанда номаълум бўлган Искандартепа, Даҳна-и Жом, Қапчиғай, Дарбанд каби ёдгорликлар кашф этилиб, 500 дан ошиқ нумизматик манбалар тўплангани ва пул муносабатлар тарихи ўрганилгани ҳақида тўхталиб ўтилди.
“Термиз давлат университети Ўзбекистон-Чехия халқаро экспедициясини олиб боришда яқиндан ёрдам бериб келади. Профессор Шопўлат Шайдуллаев билан биргаликда биз мана шу экспедициясига раҳбарлик қилиб келмоқдамиз. Мени қувонтирган жиҳат, бу сурхондарёлик олимларнинг тарихий ёдгорликларни ўрганишга бўлган қизиқишидир. Халқаро ҳамкорликда кўплаб илмий-оммабоп мақолалар, монографиялар чоп этилди. Ўйлайманки, бизнинг самарали ҳамкорлигимиз давомида биз ҳали яна кўплаб ютуқларга эришамиз”, — дейди, Ўзбекистон-Чехия халқаро экспедициясининг содиректори Ладислав Станчо.
Кўргазма доирасида тадқиқот жараёнида тарихий ёдгорликларда ўрганилган маълумотлар, топилмалар ҳақида талабаларга презентация қилинди.
Меҳмонлар тадбирдан сўнг, Термиз давлат университети ҳудудида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, замонавий ўқув бинолари ва иншоотлари, инновацион технологиялар, лаборатория, кутубхона ва талабалар турар жойларининг моддий техник базаси билан танишди.