Ўзбекистон | 10:18 / 04.10.2023
4864
3 дақиқада ўқилади

Давлат ОТМларининг айримларини кўмир ва қуёш панеллари билан иситишга тайёргарлик бошланди

51 та олий таълим мумассасининг табиий газга мўлжалланган 91та қозонхоналарида кўмирга мўлжалланган қўшимча қозонлар ўрнатилади. Профессионал таълим муассасаларига 31,5 минг тонна кўмир харид қилиш учун 13,2 млрд сўм маблағ ажратилган.

Фото: Kun.uz

Давлат олий таълим муассасаларининг куз-қиш ойига тайёргарлиги қандай кетаётгани ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди. Унга кўра, республикадаги 115та давлат олий таълим муассасаларида жами 1218 та бино ва иншоот бор. Куз-қиш мавсумида муаммо чиқмаслиги учун улардаги 5 821 метр иситиш тармоқлари таъмирланган.

Маълум қилинишича, 31та олий таълим муассасасининг марказлашган иссиқлик тизимига уланган 92та талабалар турар жойларида ва 51та олий таълим муассасасининг табиий газга мўлжалланган 91та қозонхоналарида кўмир билан ишлайдиган қўшимча қозонларни ўрнатилади.

Профессионал таълим муассасаларига эса 31,5 минг тонна кўмир харид қилиш учун 13,2 млрд сўм маблағлар ажратилган. Ҳозиргача 31,7 минг тонна кўмир ёқилғиси харид қилиниб, тегишли профессионал таълим муассасаларига жўнатилган.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 5,2 минг тонна қўшимча кўмир ёқилғи захираси йиғилган.

Вазирлик таълим муассасаларида ўрнатилаётган қуёш панеллари ҳақида ҳам маълумот берди. 2023 йил октябр ҳолатига кўра, 30та академик лицейда қуёш панеллари ўрнатилган ва яна 11та академик лицейга ўрнатиш ишлари давом этяпти.

Республикадаги барча давлат олийгоҳларида йиллик эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун жорий йилда 44,8 МВт қуёш панеллари ўрнатиш бўйича дастур тасдиқланган. Ҳозир давлат олийгоҳларида жами 50 МВт қуёш панеллари ўрнатилиб, “Яшил энергия” ахборот тизимига тўлиқ киритилган.

Шунингдек, давлат олийгоҳлари 24,5 млрд сўмлик 2,7 МВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш учун шартномалар қилган. Уларга кўра, обектларга қуёш панеллари ўрнатиш ишлари якунлангандан сўнг белгиланган режа 118 фоизга (52,7 МВт) бажарилади ва йилига 105,5 млн КВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023 йил бошида энергетик коллапс туфайли газни тежаш мақсадида мактаб, боғча, шифохона ва заводларнинг маълум бир қисми кўмирда ишлашга мослаштирилиши бўйича президент қарори эълон қилинган эди. Шундан кейин Kun.uz кўмирга ўтишнинг экотизимга таъсирига оид халқаро таҳлиллар ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид