12:10 / 06.10.2023
20175

“Дунё кезиб, одамларнинг эътиборини сув муаммоларига қаратяпмиз” – франциялик ёшлар Ўзбекистонгача велосипедда келди

Янги Зеландиядан велосипедда йўлга чиққан франциялик ёшлар Ўзбекистонга келди. Улар дунё кезиб, одамларнинг глобал сув муаммосидан хабардорлигини оширишни ният қилган. Жамоа турли мамлакатларда болалар учун мактабларда сув филтрлари ўрнатиб, ҳожатхоналар қуриб берди. Улар Kun.uz билан суҳбатда велосипедда саёҳат қандай экани, йўлда кўрган кечирганлари, Ўзбекистон ва дунёдаги сув муаммолари ҳақида гапирди.

Сув учун дунёни велосипедда кезиш

Бу франциялик тўртовлон яқиндагина ўқишни тамомлаб, бирга дунё кезиб, одамларга сув ҳақида маърузалар қилиш, уларнинг эътиборини сув муаммоларига қаратишга оид лойиҳани бошлашга қарор қилган.

Жамоа аъзолари – Петронил Сартарио, Вилям Прадие, Уго Додигие, Сезар де Гувил.

Улар саёҳатини 2022 йилнинг ноябр ойида Янги Зеландиядан бошлаган. Жамоа 20 та давлатни кезиб, сафарни 2024 йил феврал ойида Францияда тугатмоқчи.

Сентябрда Тошкентга келган французлар учун Ўзбекистон 11-давлат бўлди. Бунгача улар Янги Зеландия, Австралия, Индонезия, Сингапур, Малайзия, Ветнам, Камбоджа, Лаос, Ҳиндистон ва Қозоғистонда бўлган.

Шу пайтгача 8000 километр масофани босиб ўтишган, сафар сўнгида умумий масофа 20 минг километр бўлади.

“Бир умр эсда қоладиган иш бошлашга қарор қилдик” – Вилям

Биз болаликдан яқин дўстлармиз, шу сабабли жамоа бўлиб нимадир қилишни хоҳлагандик. Ҳаётимизни катта аҳамиятга эга ва бутун умримиз давомида ёдда қоладиган нарсалар билан бошлаш биз учун муҳим эди. Дунё бўйлаб велосипедда саёҳат қилиш шу мақсадимизни амалга оширишнинг ажойиб йўли эканини тушундик. Сув муаммоси кундан кунга долзарб бўлиб бормоқда. Биз одамларга сув барча нарсанинг марказида туришини тушунишда ёрдам беришимиз керак деб ўйладик. Шундай қилиб ўзимиз учун шахсий ютуқ ва одамларга фойда бўладиган ғояни бирлаштирдик.

Бу лойиҳа устида 1 йил ишладик. Бу вақт ичида ҳомийлар топдик ва улар билан музокаралар олиб бордик, Янги Зеландиядан то Франциягача бўлган бутун сафарни режалаштирдик. Лойиҳамизнинг саёҳат қисми эса 15 ой давом этади.

“Уйга қайтмасдан саёҳат қиламиз” – Уго

Режамиздаги барча давлатларни тўғридан тўғри велосипедда кезиб чиқамиз. Саёҳат давомида уйимиз бўлмайди, Франциядаги ўз уйимизга етиб олиш учун тинимсиз давлатдан давлатга ўтиб кетамиз. Саёҳат давомида Францияга қайтмаймиз.

“Жамоани ҳомийлар молиялаштиради” – Вилям

Лойиҳани тайёрлашни бошлаганимизда ҳомийлар топиш учун жуда кўп ҳаракат қилдик. Ҳозирда 20 га яқин ҳомийларимиз бор. Сув муаммолари ҳақида қайғурадиган компаниялар, одамлар бизни қўллаб-қувватлашяпти. Биз ёшларни қўллаб-қувватламоқчи бўлган инсонлар эса сув ҳақида бошқача тушунча ҳосил қилишга, хабардорликни оширишга ҳаракат қилмоқда.

“Ҳомийлик маблағларини одамларнинг сувдан фойдаланишини яхшилашга сарфлаймиз” – Петронил

Ҳомийларнинг бир қисми озиқ-овқат ва турар жой харажатлари учун пул ажратади. Аммо ҳомийликнинг яна бир қисми борки, ёрдам беришни истаган ҳар қандай инсон биз билан ишлаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлар орқали саъй-ҳаракатларимизни молиялаштиради. Масалан, Камбоджа, Малайзия, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги 5 та турли хил ННТлар билан ишладик. Бу ҳомийлик маблағларини сув филтрлари ўрнатиб бериш, ҳожатхоналар ва бошқа сув иншоотларини қуриш учун сарфлаб, одамларга сувдан фойдаланиш имкониятини яхшилашга ёрдам бердик.

“Ўзбекистонда асосий муаммо сувнинг миқдорида” – Вилям

Марказий Осиёга келганимизга кўп бўлмади. Ҳамон одамлар билан учрашяпмиз ва вазиятни ўрганяпмиз. Бу ердаги ҳолат биз шу вақтгача кўрган ва билган жойларимиздан мутлақ фарқ қилади. Дейлик, Жануби-Шарқий Осиёдаги муаммолар кўпроқ сувнинг сифати билан боғлиқ. Бу ерда эса асосий муаммо сувнинг миқдорида эканига гувоҳ бўляпмиз. Бу ҳудуд дунёдаги тўртинчи энг катта сув захираси бўлган Орол денгизининг қуришини бошдан кечирган. Сув фаровонлиги ҳақиқатан ҳам ўзгариб бораётганини кузатяпмиз, жамиятда сувдан фойдаланишнинг барча шакллари ҳам ўзгаряпти, шаҳарлар кенгайяпти. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлдик, бу шаҳар ҳам жуда катталашяпти, Ўзбекистонда эса Тошкент шаҳри худди шундай катталашиб боряпти. Улар кундан кунга кўпроқ сувга муҳтож бўлмоқда, бундан кейин сиз иқлим ўзгариши сабабли қайта тикланмайдиган манбаларингиздан тобора кўпроқ сув ишлата бошлаймиз. Кўпроқ сув ишлатасиз, афсуски, унинг ўрнига етарлича сув қайтиб келмайди. Баъзи нуқталарда сиз танлов қилишга мажбур бўласиз: сувни қишлоқ хўжалиги учун ишлатиш керакми ёки саноат учун? Ёки аҳоли истеъмоли учун? Бу шуни англатадики, сиз йилнинг иссиқ даврларида ерларни камроқ суғоришингизга тўғри келади ва бу ҳолат тобора оддий ҳолга айланади, келгуси йилларда бундай ҳолатларга қарши туриш қийин бўлиши мумкин.

“Сув деганда ҳожатхоналар, санитария ва сув қувурларини унутамиз” – Петронил

Ҳар бир давлатнинг сув борасида ўзига хослиги бор, шу билан бирга уларда ўхшаш муаммолар ҳам учрайди. Масалан Австралия иқлими Ўзбекистонникига ўхшаш, шу сабабли бу икки давлатнинг муаммолари ҳам ўхшаб кетади. Агар сиз Жануби-Шарқий Осиё билан таққосласангиз турфахилликни кўрасиз, чунки у ерда саноат ва пластик ифлосланиш жуда юқори эканига гувоҳ бўлдик. Хуллас, у жойнинг муаммоси сув танқислиги билан боғлиқ эмас, балки унинг сифатига оид. Масалан, Олмаота шаҳрида ҳам бўлдик ва у ерда ҳолат мутлақо бошқача, муаммолар ҳам ўзгача. Баъзи одамларнинг айтишича, Олмаотада 20 йил олдин қувурлар яхши ҳолатда бўлгани учун улар ҳеч қандай муаммосиз жўмракдан сув ичишган. Аммо ҳозир бундай эмас. Шаҳардаги барча қувурларни қайта таъмирлаш учун маблағ керак ва улар энди жўмракдан келган сувни ича олмайди. Бу эса жиддий муаммо. Биласизми, кўпинча биз сув ҳақида гапирганимизда, ҳожатхоналар, санитария ва сув қувурларини унутамиз. Биз фақатгина сувга эга бўлиш ҳақида ўйлаймиз аммо у билан боғлиқ турли муаммолар ҳам бор.

“Осиёда ҳамма жойда сув бор, лекин сифати ёмон” – Вилям

Жануби-Шарқий Осиёда асосий муаммо санитария билан боғлиқ. Сув етарлича бўлиши мумкин, лекин ичишга яроқли сув жуда кам ва санитария ҳолати жуда ёмон. Бу эса кўп касалликлар келтириб чиқариши мумкин, чунки яшаш учун умумий муҳит жуда ёмон.

Ҳиндистон, Ветнамга борсангиз, аксар одам касал эканини кўрасиз, кўплаб болалар сифатсиз сув ичгани учун касалланганига гувоҳ бўласиз. Аммо бу ердаги вазият умуман бошқача, сувнинг сифати жуда яхши, тоғлардан чучук сув оқиб келади. Осиёда эса ҳамма жойдан сув топишингиз мумкин, бироқ сувнинг жуда ёмон сифати туфайли унинг истеъмоли ҳам хавфли.

“Ўзбекистонда дронимизни олиб қўйишди” – Вилям

Ўзбекистонга келганимизга кўп бўлмади, шу сабабли бу ердаги вазият ҳақида бирор нарса дейишга бироз эрта. Чегарани кесиб ўтганда бир қийинчиликка дуч келдик. Ўзимиз билан саёҳатимизни суратга олиш учун дрон олиб келгандик. Бу қийинчилик биз учун кутилмаган бўлди.

Бизни чегарада тўхтатишди ва дронни ўзимиз билан олиб киришга рухсат беришмади. Уни чегарада қолдирдик. Дронни қайтариб оламиз, балки уни Францияга юбориш учун Қозоғистонга қайтиб борармиз, ёки кейинроқ Туркияга сафаримиз давомида олишимиз ҳам мумкин.

Ўзбекистонда одамлар биз билан жуда яхши муносабатда бўлди. Оилалар бизга тунаб қолишга жой беряпти, улар жуда меҳмондўст экан ва бу ерда вақтимизни чоғ ўтказяпмиз.

“Велосипедда саёҳат одамлар ўйлагандан қимматроққа тушади” – Вилям

Харажатлар ҳақида гапирсам, сарф-харажат давлатларга боғлиқ. Масалан, Янги Зеландия ва Австралия бизга қимматлик қилмади. Велосипед ва бошқа нарсалар сотиб олишга кўпроқ пул кетади. Бундай саёҳат одамлар ўйлаганидан кўра қимматроққа тушади, чунки касал бўлиб қолганда шифохонага боришга тўғри келган. 30–40 минг доллар атрофида пул сарфлаган бўлишимиз мумкин.

Велосипедда юриш спорт билан шуғулланиш дегани, шу сабабли кўпроқ овқат ейишга тўғри келади. Овқатланишга биз кутганимиздан кўпроқ пул сарфладик.

“Индонезияда бир оила билан уларнинг тилини тушунмай яшадик” – Петронил

Саёҳатимиз давомидаги энг қизиқ воқеа ҳақида гапирсам, бу шубҳасиз, Индонезияга сафаримиз давомида бир ҳафта маҳаллий оила билан кичик оролда яшаганимиз бўлди. У жой туристик бўлмаган, кичик бир қишлоқ эди.

Оила билан бирга овқатланардик, энг қизиғи, улар билан гаплаша олмасдик, чунки биз индонез тилини билмасдик.

Шундай қилиб, улар билан шунчаки тана ҳаракатлари, табассум орқали гаплашдик. У ерда бўлиш бизга жуда ёқди.

“Камбоджада болаларга сув филтрини қуриб бердик” – Вилям

Саёҳатимиздан фахрланишга ва йиғлашимизга сабаб бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Камбоджада бўлганимизда мактабда яшаганмиз. Бир ҳафта болалар билан бирга бўлганмиз. Ўша қишлоқ мактабида яшаб, болалар учун катта сув филтрини қурдик. Болалар филтрлар атрофида югуриб, “қачон тайёр бўлади, қачон тайёр бўлади?” деб тинимсиз сўрашарди. Бир ҳафтада филтр тайёр бўлди, болалар раҳмат айтиб, сув ичишарди.

Ва бу биз учун бебаҳо туйғу, чунки биз ҳақиқатан ҳам нимадир қуриб, одамларнинг ҳаётларини ўзгартиришга ёрдам беришни, уларга илгари бўлмаган тоза сувга эга бўлиш имкониятини беришни яхши кўрамиз. Буни ҳаётимизнинг охиригача эслаймиз деб ўйлайман.

“Ҳиндистон харобаларини кўриб ҳайратда қолдим” – Уго

Яқинда биз Ҳиндистоннинг харобаларида бўлдик ва мен бутунлай ҳайратда қолдим, чунки одамларнинг бундай шароитдаги ҳаётини кўриш жуда даҳшатли эди. Айниқса сувсиз яшаш қанчалик қийин. Лекин шунга қарамай болалар ва аёллар яхши кайфиятда эканига гувоҳ бўлдик. Ҳар доим умид бор ва бу сиз учун курашишингиз керак бўлган ягона нарса.

“Таиландда анимист шаманлар уйида бўлдик” – Сезар

Миссиямиз давомида Таиландга сафаримиз чоғида анимист шаманларнинг уйида бўлдик. Кичкина уйга етиб бордик, муҳит жуда ғалати эди, ҳамма жой тутун ва уйда одам кўп эди, 2 кекса киши ўтирарди. Уларнинг ёши 120 да эди, чамамда. Бутун қишлоқ бу кекса одамларни ҳурмат қиларкан, чунки уларни сеҳрли кучга эга деб ишонишар экан. Биз улар билан таржима орқали гаплашдик. Бу жуда қизиқарли бўлди.

Келажак режалари

Петронил: Келажакда барча кўрган-кечирганларимиз ҳақида ўзимиз олган видео ва фотолардан, турли давлатларда учратган одамларнинг интервюларидан фойдаланиб, кино суратга олишни ҳам ўйлаганмиз.

Биз “Ғарбдаги янги сув” катта хайрия ташкилотига аъзомиз. Ташкилот турли шоулар орқали сув муаммолари борасида хабардорликни ошириш устида ишламоқда, бундай шоулар мактабларда ўтказилади. Лойиҳамиз якунига етганида сув борасида конференциялар ўтказишда давом этамиз.

Вилям: Кўпгина Европа мамлакатларида одамлар сувнинг жуда қимматли эканини, уни ҳимоя қилиш кераклигини тушунишмайди. Улар буни сезмайди, чунки бизда сув кўп. Бизнинг тизимимиз ҳали ҳам яхши, лекин у тобора яхши ҳолатини йўқотиб бормоқда.

Шунинг учун ҳам одамларга сувни муҳофаза қилиш кераклигини англатишимиз лозим. Хуллас, биз бу ишимизни давом эттирамиз.

Ва, албатта, сув ҳақида кўпроқ маълумот олиш ва одамларга сувга эга бўлишда ёрдам бериш учун Африкага велосипеддаги янги саёҳатимизни уюштирамиз.

Сезар: Самарқанд ва Бухорога ҳам сафар режа қилганмиз. Маҳаллий таомларидан татиб кўрамиз, бу машҳур шаҳарларни айланамиз. Ўзбекистондан кейин Гуржистонга, ундан кейин Арманистон, Туркия, Греция, Македония, Албания, Хорватия, Италияга борамиз, Энг охирги манзилимиз, албатта, ватанимиз Франция бўлади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтажчи – Жавоҳир Ғайратов.

Top