Ўзбекистон | 18:51 / 09.11.2023
31141
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев Путин билан учрашувда Марказий Осиёда кутилаётган сув танқислиги ҳақида гапирди 

Унинг сўзларига кўра, бу муаммо қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни 30 фоизга камайтириб юборади. 

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Марказий Осиёда яқинлашиб келаётган сув танқислиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда у Россия президенти Владимир Путин иштирокида Қозоғистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форумида сўзлаган нутқида маълум қилди. 

«Иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқлари, айниқса, қишлоқ хўжалигида сувнинг юқори интенсивлиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёдаги қурғоқчилик ва сув тошқинлари ҳосилдорликнинг 30 фоизга камайишига олиб келади. Қишлоқ хўжалигимиз сувнинг 60 фоиздан ортиғини истеъмол қилади ва сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этишни талаб қилади. Бу мутлақо долзарб вазифа», деди Тўқаев. 

Қозоғистон президенти таъкидлаганидек, ушбу чақириқларга жавобан мамлакат сув хўжалигини модернизация қилишга киришди. 20 та янги ва камида 15 та мавжуд сув омборини реконструкция қилиш, 3,5 минг км дан ортиқ каналларни модернизация ва рақамлаштириш режалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, бу 2027 йилгача қўшимча икки км.куб сув билан таъминлаш имконини беради. 

Қозоғистон давлати раҳбари мамлакатда янги Сув кодекси ишлаб чиқилаётганини эслатди. Шунингдек, Россия билан биргаликда йирик дарёлар - Иртиш ва Урал ҳавзаларида тадқиқот олиб бориш бўйича ягона йўл харитаси амалга оширилмоқда. 

«Бундай мураккаб муаммони бир давлатнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳал қилиб бўлмаслигини қайд этмоқчиман. Бу масалага манфаатларнинг оқилона мувозанатини ҳисобга олган ҳолда биргаликда ёндашиш керак. Фурсатдан фойдаланиб, Россия билан стратегик ҳамкорлигимиз сув ресурсларидан икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида биргаликда оқилона фойдаланишга мутаносиб ёндашувни кафолатлашига умид билдирмоқчиман», деди Тўқаев.

Мисли кўрилмаган глобал муаммолар олдида Қозоғистон ва Россия учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ, деб қўшимча қилди Қозоғистон раҳбари.

Мавзуга оид