Ўзбекистон | 15:09 / 28.11.2023
4276
2 дақиқада ўқилади

Янги Зеландиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Янги Зеландиянинг янги элчисини қабул қилди.

Фото: ТИВ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Янги Зеландия элчиси Сара Мэри Уолшни қабул қилди.

«Янги Зеландиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Сара Уолш хоним билан учрашиш ва унинг ишонч ёрлиқларини қабул қилишдан мамнунмиз, - деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида. -  Самарали ҳамкорлик учун инновацион қишлоқ хўжалигидан тортиб яшил энергиягача бўлган кўплаб янги ва истиқболли йўналишларни ўрганиш орқали мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ масофани қисқартириш йўлларини муҳокама қилдик. Элчи хонимга икки томонлама муносабатларимиздаги улкан салоҳиятни рўёбга чиқаришга қаратилган фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз».

Сара Мэри Уолш Янги Зеландиянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаган Йэн Александр Хилл (қароргоҳи Москва шаҳрида) ўрнига тайинланди.

Фото: ТИВ

Ўзбекистон ва Янги Зеландия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 11 мартда ўрнатилган. 2019 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Янги Зеландия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режимни жорий қилди. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Ўзбекистонга Янги Зеландиядан 736 нафар сайёҳ келган.

Мавзуга оид