10:08 / 17.10.2023
6268

Гуржистон КС президентга импичмент жараёнини бошлашга рухсат берди

Гуржистон Конституциявий суди ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясининг тақдимномасини қаноатлантирди, у президент Саломе Зурабишвили мамлакатнинг асосий қонунини бузганини маълум қилган.

Фото: Гуржистон президентининг расмий сайти

Гуржистон Конституциявий суди мамлакат президенти Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёнини бошлашга рухсат берди. 16 октябр, душанба куни Конституциявий суд ҳукмрон «Гуржистон орзуси – Демократик Гуржистон» партиясининг конституциявий тақдимномасини қаноатлантирди, у давлат раҳбари томонидан конституция бузилганини аниқлаган, деди суд раиси Мераб Турава жонли эфирда. Қарорни Конституциявий суднинг тўққиз аъзосидан олти нафари қўллаб-қувватлади.

Шу билан бирга, Конституциявий суд Саломе Зурабишвили Гуржистон ҳукумати розилигисиз хорижга чиқиб ва расмийлар билан учрашиб, мамлакат конституциясининг 52-моддасини бузган деб тан олди. Конституциявий суд қарори энди парламент томонидан тасдиқланиши керак. Импичмент масаласи яқин икки ҳафта ичида ялпи мажлисда овозга қўйилади, дея қўшимча қилди Турава.

Зурабишвилининг чет эл сафарлари туфайли импичмент жараёни

1 сентябр куни ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси давлат раҳбарига нисбатан импичмент жараёнини бошлашини маълум қилди. Партия раиси Ираклий Кобахидзенинг қайд этишича, парламентдаги сиёсий кучлар мувозанатидан келиб чиқиб, импичментда муваффақият қозониб бўлмайди, чунки 150 тадан 100 та овоз керак, ҳукмрон сиёсий куч эса бундай рақамни мухолифат қўллаб-қувватламасидан туриб қўлга кирита олмайди. Бироқ, импичмент жараёнини бошлаш «партиянинг конституциявий бурчидир», деди у.

«Гуржистон орзуси» Зурабишвили ҳукумат рухсатисиз хорижга сафарга кетгани учун асосий қонунни бузганини таъкидламоқда. Гуржистон Конституциясининг 52-моддасига кўра, президент ташқи муносабатларда вакиллик ваколатларини амалга оширади, вазирлар маҳкамасининг розилиги билан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб боради.

Саломе Зурабишвили 31 август куни президент Франк-Валтер Штайнмайер билан музокаралар ўтказиш учун Германияга келди ва Гуржистонга Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун номзод мақомини беришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Европа етакчилари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Тбилисидаги ҳукумат бу сафарни маъқулламади. Гуржистон вазирлар маҳкамаси Саломе Зурабишвилининг 22-24 август кунлари Украинага, сентябрда Швейцария ва Болгарияга, октябрда Полша, Бельгия ва Данияга, шунингдек, декабр ойида Бирлашган Араб Амирликлари, Чехия ва Исроилга боришига рухсат бермаган.

Зурабишвили ва ҳукмрон партия ўртасидаги келишмовчиликлар

Саломе Зурабишвили 2018 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган эди. Расмий равишда у мустақил номзод сифатида кўрсатилган, аммо уни «Гуржистон орзуси» қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик, давлат раҳбари ва сиёсий куч ўртасидаги муносабатлар Россиянинг Украинага қарши уруши ва Москва билан муносабатлардаги келишмовчиликлар фонида ёмонлаша бошлади.

Гуржистон Украина ва Молдова билан деярли бир вақтда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган. 2022 йил июн ойида Украина ва Молдова ЕИ аъзолигига номзод бўлди, бироқ Гуржистон бу мақомни олмади. Брюссел уни «қолган устуворликлар ҳал этилиши биланоқ» Гуржистонга тақдим этишга ваъда берди.

Top