Ўзбекистон | 22:59 / 18.10.2023
11718
2 дақиқада ўқилади

Сайёҳлик ортидан миллиардлар: Самарқандда Бутунжаҳон туризм ташкилотининг юбилей сессияси ўтказилмоқда

Самарқанддаги халқаро сайёҳлик марказида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилмоқда. Йирик халқаро тадбирда 130 дан ортиқ давлатдан вакиллар қатнашяпти. Улар орасида кўплаб туризм вазирлари, йирик сайёҳлик ширкати раҳбарлари ҳам бор.

Ўзбекистон 3 миллиард долларлик лойиҳалар таклиф қилди

Ўзбекистон туризм вазири Азиз Абдуҳакимов сессияда нутқ сўзлар экан мамлакат иштирокчи инвесторларга 3 миллиард доллар қийматдаги лойиҳалар таклиф қилишини айтди.

«Сайёҳлик секторини ривожлантириш учун кўплаб енгилликлар бердик. Масалан, ҚҚС 20 фоиздан 12 фоизгача туширилди, ҚҚСни 7 кун ичида қайтариш имкони берилди. Божхона хизматида ҳам енгиллаштирилган тартиблар жорий қилинди. Хизматлар сифатини ошириш мақсадида инновацион стартапларни қўллаш ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш учун таълимга эътиборни оширдик.

Ҳурматли иштирокчилар, мамлакатнинг туристик салоҳиятини кўрсатиш мақсадида сизлар учун 5 минг квадрат метр ҳудудда кўргазма ташкил этганмиз. У ерда 14 та ҳудудимизнинг сайёҳлик йўнашлари ҳақида алоҳида маълумотга эга бўласиз.

Бу форумда инвесторларга умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар таклиф этилади. Истовчилар 170 та очиқ аукционларда иштирок этишлари мумкин», деди Абдуҳакимов.

Сайёҳлик маркази ҳудудида жойлашган экспомарказида барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон республикаси сайёҳлик салоҳиятига бағишланган кўргазмалар ташкил қилинди. У ерда инвестор ва хорижий меҳмонларга ҳудудлардаги машҳур ва энди очилган сайёҳлик йўналишлари бўйича маълумотлар берилди.

Сессия доирасида бир қатор меморандумлар ҳам имзоланди. Масалан, Самарқанд ва Қозон шаҳарлари сайёҳлик масаласида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишув имзолади. Бундан ташқари Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашув ўтказди.

Мавзуга оид