Ўзбекистон | 14:00 / 18.10.2023
4653
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига старт берилди

Фото: InnoWeek-2023

17 октябр куни “Креатив таълим ва инновация – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси” шиори остидаги тўрт кун давом этадиган “InnoWeek-2023” инновацион ғоялар ҳафталигига старт берилди. Бу йилги ҳафталик “Ёшлар”, “Стартаплар”, “Илм-фан ва тижоратлаштириш” ва “Креатив таълим” йўналишларида ташкил қилинмоқда. 

Бир ҳафта давомида талабалар шаҳарчасидаги “Алпомиш” муз саройида “InnoWeek-2023” Инновацион маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтади. Кўргазмада “Илм-фан ва тижоратлаштириш лойиҳалари”, “Ёшлар академияси”, “Стартап лойиҳалар”, “Креатив таълим” ва “Хорижий давлатлар” стендларида 150 га яқин ташкилотлар 200 дан зиёд инновацион маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. 

Бундан ташқари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги биносининг кўргазмалар залида Кузги тижоратлаштириш форуми доирасида кўргазма ташкил этилади. Унда Баҳорги тижоратлаштириш форумида танлов орқали саралаб олинган, тармоқ муаммоси ечимига қаратилган тижоратлаштириш ҳамда стартап лойиҳалари иштирок этиши кутилмоқда.

“InnoWeek-2023” доирасида 20 дан зиёд мамлакатдан 250 дан ортиқ экспертлар 50 та тадбирда иштирок этиши кўзда тутилган. Жанубий Корея, Германия, Малайзия, Россия ҳамда Эрон Ислом Республикаси каби мамлакатлардан 90 га яқин инновацион корхоналар жалб этилган.