17:16 / 22.10.2023
34281

Лондонда дарвозабонлар «шоу» уюштирди, Рамос «Реал»га қарши ўйин қаҳрамони. Кун ўйинлари

«Арсенал» «Челси» билан ўйинда камбэк қилди, Рамос голдан қутқарди, жанжалда қатнашди, ғалаба голини уришига бир бахя қолди, «Реал» эса класико арафасида очко йўқотди.

Фото: JUSTIN SETTERFIELD/GETTY IMAGES

Шанба оқшомида Европа чемпионатларида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Челси – Арсенал 2:2
Голлар:
1:0 – 15, пеналти Палмер, 2:0 – 48 Мудрик, 2:1 – 77 Райс, 2:2 – 84 Троссар.
Челси – Санчес, Гюсто, Тиаго Силва, Колуилл, Кукуреля, Галлаҳер, Мудрик (Жексон, 66), Фернандес, Кайседо, Палмер (Жеймс, 84), Стерлинг (Мадуэке, 84).
Арсенал – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Томиясу, 46), Жоржинио (Смит-Роу, 68), Эдегор (Ҳавертц, 78), Райс, Мартинелли (Троссар, 78), Сака, Габриэл Жезус (Нкетиа, 68).
Огоҳлантиришлар: Палмер (8), Зинченко (11), Тиаго Силва (44), Кукуреля (71), Нкетиа (89), Уайт (90).

«Челси»даги ренессанс

Мухлислар «Челси» юқори даражасига қайтишини бир йилдан ошиқ вақтдан буён кутишмоқда. Фақатгина Лондон клуби мухлисларининг ўзи эмас: бошқа жамоа фанатлари рақибнинг мағлубиятлари устидан кулиши оддий ҳолат, аммо глобал олиб қараганда, ҳеч ким заиф «Челси»ни кўришни истамайди. Рақиблар кучли бўлса ўйинлар қизиқарли ва ғалаба ҳам ширинроқ бўлади.

Бутун ўтган мавсум футболга бегона масалалар билан ўтиб кетди: аввалига барча Тодда Боэлининг абжирлиги ва олди-ортига қарамай пул совуришини қизиқиш билан томоша қилди, кейин эса танқид қилишди, мавсум якунига келиб бунга кўникиб қолишди. Аммо «Челси» раҳбарияти ортиқ кулги бўлишни истамасди ва шунинг учун ёзда Маурисио Почеттино олиб келиниб, йўналиш ўзгартирилди. Мавсум стартида «Ливерпул»га қарши ўйин (1:1) жамоанинг бу мавсум учун нияти жиддий эканини кўрсатиб берди. Лекин тақвим осон бўлганига қарамай кўклар кейинги оралиқни муваффақиятсиз ўтказди, «Вест Ҳэм» (1:3), «Ноттингҳэм Форест» (0:1), «Астон Вилла» (0:1) клубларига мағлуб бўлинди, «Борнмут» билан голсиз дуранг қайд этилди (0:0), АПЛда фақат дебютант «Лутон» (3:0) устидан ғалабага эришилди. Сентябр ойи охирига келибгина «Челси»да ҳаёт аломатлари кўзга ташлана бошлади — кубок баҳсида «Брайтон» (1:0), АПЛда «Фулҳэм» (2:0) ва «Бёрнли» (4:1) клублари устидан ғалабага эришилди.

Почеттино учун синов

Шу туфайли «Арсенал»га қарши баҳс «Челси» учун чинакамига муҳим аҳамият касб этди — Почеттино жамоаси биринчи турдан кейин «катта олтилик» вакиллари билан учрашмаётганди, бу турда эса ҳақиқий синов кутаётганди. «Арсенал» ўтган турда «Манчестер Сити»ни мағлуб этган ва чемпионлик амбицияларини тасдиқлаганди. «Канонирлар» сафида икки ҳафта олдинги ўйинда етишмаган Сака ҳам дербигача тўлиқ соғайиб сафга қайтди.

«Челси»да ҳам ҳужум чизиғида ўзгаришлар киритилди: Жексон мавсум стартида ишончни оқламади, Бройя жароҳатланган, шундай экан, ҳужум марказида кутилмаганда жамоанинг 21 ёшли янги аъзоси Коул Палмер тушди. Прессинг уюштирилганда Галлаҳер ҳам олдинроққа чиқди ва жамоа 4-4-2 схемасига ўтди.

Умуман олганда, «Челси» жамоавий ўйини жуда яхши ташкиллаштирилгани билан ҳайрон қолдирди: бутун жамоа бўйлаб ҳимоядан ҳужумга ўтилди ва ҳужумдан ҳимояга қайтилди, ҳимоячилар ўз позицияларини жуда яхши ушлашди, хусусан, Сака ва Эдегор ўйиндан бутунлай узиб қўйилди.

Палмернинг голи

Кўклар ҳужумда ҳам барча ишни тўғри бажаришди ва тезкор гол уришди. Бунда Салибанинг ҳам қўли ёрдам бериб юборди — Стерлинг қанотдан тўп узатган ва Мудрик бош билан зарба берганида француз ҳимоячиси қўли билан тўп йўналишини ўзгартирди, аввалига бу ҳолатда фол қайд этмаган ҳакам видеотакрордан кейин қарорини ўзгартирди.

Бу ҳолатда аввалига Палмер тўпни олиб нуқта томон ҳаракатланди, аммо Стерлинг ундан тўпни олиб қўймоқчи бўлди, фақат ўтган мавсумда янгиланган жамоа етакчиси бўлиб қолган Энцо Фернандес унга халал бермаслик кераклигини кўрсатди, ёш ҳужумчи эса зарбани аниқ ижро этди. Эътиборли томони Коул бу мавсумда «Арсенал»га икки жамоа сафида туриб гол урди, у «Манчестер Сити» сафида Англия Суперкубоги учун ўйинда Аарон Рамсдайлни узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан доғда қолдирганди, бу сафар эса Райя унинг зарбаси йўналишини топа олмади. Палмер «Челси»нинг ҳам муҳим футболчисига айланиб бормоқда — у қаторасига иккинчи турда ўз номини таблога ёздириб қўйди.

«Арсенал» эса биринчи бўлимда яққол голли вазиятлар ярата олмади. Аввалига кучли ёмғир жамоага ўз ўйинини кўрсатиш имконини бермаганди, кейин эса мезбон ҳимоячилари ўйин беришмади. Нисбатан хавфли вазиятлар сифатида Райснинг жарима майдонига ёриб киргани, аммо на яхши пас, на аниқ зарба йўллай олганини, шунингдек, Жезуснинг яқин масофадан йўллаган зарбаси дарвозабон томонидан тўсилганини кўрсатиш мумкин. «Челси»да эса вазиятлар етарли эди, ҳужумлардан бирида Палмерни иккинчи голдан бир неча сантиметр ажратиб қолди.

Қизиқ томони, «Челси» – бу мавсумдаги ўйинларда тўпга эгалик қилиш бўйича АПЛнинг иккинчи жамоаси бўлиб турганди ва бу кўрсаткич борасида фақат «Сити»дан ортда қолаётганди. Аммо бу баҳсда «Арсенал» тўпни назорат қилди ёки «Челси» атайлаб ташаббусни бериб ўйнади. Биринчи бўлим якунларига кўра мезбонлар ўйиннинг 37,5 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди, аммо зарбалар бўйича – 7:2 ҳисобида устунлик қилди.

Мудрикнинг голи

Танаффусда «Арсенал»дан ҳужум чизиғини янгилаши кутилганди, аммо Артета қанотдаги Зинченкони Томиясуга алмаштирди - украиналик ҳимоячи ўйиндан олдин миллий жамоадаги шериги, ўтган мавсумда «Арсенал»га келиши кутилган, аммо сўнгги дақиқаларда рақиб сафига ўтиб кетган Мудрик ҳақида кўп гапирган, агар у бу ўйинда гол урса, жазолаш билан таҳдид қилганди. У ўйин стартидаёқ бутунлай бошқа қанотда ҳаракатланган Мудрикка кераксиз вазиятда қўполлик ишлатиб, сариқ карточка олганди.

Мураббий эса балки дарвозабонни ҳам алмаштирган бўларди, у бир ой олдин берган интервюсида дарвозабонлар ҳам ўйинни тактик нуқтайи назардан ўзгартира олиши мумкинлиги ҳақида айтганди, аммо Рамсдейл шу кунларда фарзандли бўлгани туфайли қайдномага киритилмаганди.

Райя эса иккинчи бўлим бошидаёқ оддий вазиятда иккинчи голни ўтказиб юборди — Мудрик ўз қанотидан тўпни жарима майдонига оширди, аммо тўп йўналишини ўзгартирди ва олдинроққа чиқиб кетгани испаниялик дарвозабон устидан ўтиб дарвоза тўрига бориб тушди. Унинг бахтига бу вақтда Зинченко майдонда эмасди.

Меҳмонларнинг уйғониши

«Челси» шундан кейин барча параметрлар бўйича рақибдан яхшироқ кўринди ва вазиятлар яратди, аммо мезбонларда ўйинни ғалабали ҳисобда тугатиб қўйиш учун тажриба ва совуққонлик етишмади. Райя ҳимоядан чиқишда яна бир қўпол хатога йўл қўйди ва тўпни олдириб қўйди, аммо бу вазиятда Палмернинг зарбаси бироз ноаниқ кетдиди. Кейин эса захирадан тушган Жексон ўта қулай вазиятда ўта суст ҳаракат қилиши учинчи голдан сақлаб қолди, Райя бу вазиятда тўпни унинг оёқларидан олиб қўйди.

Шундан кейин хато қилиш навбати мезбонлар дарвозабонига келди: Санчес прессинг остида тўпни узоқлаштиришда жуда ноаниқ ҳаракат қилди ва Райс узоқ масофадан осонлик билан бўш қолган дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди.

82-дақиқада эса икки жамоада муҳим алмаштиришлар бўлди: «Челси» сафида Рис Жеймс тушди, у 1-турдан буён қайдномага илк бор киритилганди. «Арсенал» сафида Ҳаверц ва Троссар пайдо бўлди. 2 дақиқа ўтиб Жеймс тўпни узоқлаштирди, уни ҳавода эгаллаб олган Райс боши билан Уайтга етказиб берди, у эса қанотдан марказдаги Ҳаверцни тўп билан таъминлади, «Челси»нинг собиқ футболчиси Сакага узатди – англиялик вингер эса ўйинда илк бор бўш қолдирилди ва дарвоза устуни олдида очилган Троссарга ассист берди - 2:2! Меҳмонлар ўйини чиқмаган кунда ҳам камбэк амалга оширди.

«Челси» бу зарбадан кейин ўзига кела олмади ва қолган вақт ичида гол уришдан кўра гол ўтказиб юборишга яқин эди. Почеттино жамоаси ўз ўйинини топиб бораётганини намойиш этди, аммо ҳали топ-даражадан узоқда. Мавсумни мағлубиятсиз давом эттирган «Арсенал» эса яна «Сити» билан қўшҳокимликка қайтди.

«Ливерпул» – «Эвертон» 2:0 
Голлар:
1:0 – 75, пеналти Салоҳ, 2:0 – 90 Салоҳ.
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате (Матип, 67), Цимикас (Нуньес, 62), Собослаи, Мак Аллистер, Гравенберх (Эллиотт, 62), Салоҳ, Диогу Жота, Диас (Гомес, 81).
Эвертон – Пикфорд, Янг, Тарковски, Брэнтуэйт, Миколенко (Шермити, 88), Ҳаррисон (Кин, 46), Дукуре, Гарнер, Онана (Данджума, 80), Кэлверт-Льюин (Бету, 61), Макнил (Паттерсон, 46).
Огоҳлантиришлар: Янг (18), Тарковски (32), Конате (50).
Четлатиш: Янг (37).

АПЛда кун ўйинлари Мерсисайд дербиси билан бошланди, унда «Ливерпул» анча қийинчилик билан ғалабага эришди. Қизилларга Янг 37-дақиқада майдондан четлатилиши ҳам у қадар ёрдам бермади. Ушбу фахрий футболчи «Эвертон»нинг принципиал рақибга қарши ўйинларида қизил карточка олган 16-футболчисига айланди. Бу АПЛ тарихидаги исталган икки жамоа қарама-қаршилигидаги максимал кўрсаткич.

Шанба кунги ўйиндан кейин Юрген Клопп жамоаси «Эвертон»га қарши ўйинларда 27-бор гол ўтказмаслик орқали яна бир рекорд ўрнатди. Бунда Алиссоннинг ҳиссаси катта, у «ирислар»га қарши 9 ўйиндан 7 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Бу жамоа бразилиялик посбонга 412 дақиқадан буён гол ура олмаяпти. «Ливерпул» сафида «Энфилд»даги қаторасига 13-ўйинда гол ёки голли пас қилаётган Салоҳ борлигида бу рақибда имконият йўқ эди.

Мисрлик ҳужумчи бу сафар дубл расмийлаштирди, у иккинчи бўлимда арбитр VAR тавсиясидан кейин мониторга бориб, Кин тўпни қўл билан ўйнади деб топганидан кейин пеналти белгилади. Қўшимча дақиқаларда эса мезбонлар намунали ҳужум уюштирди ва Нунес голли пас берди. Уругвайлик ҳужумчи ЖЧ-2026 саралашида Бразилияга қарши ўйинда (2:0) кўп тер тўкканди ва бу ўйинда захирадан тушганига қарамай, ўзини кўрсатди.

Манчестер Сити – Брайтон 2:1
Голлар:
1:0 – 7 Алварес, 2:0 – 19 Ҳоланд, 2:1 – 73 Фати.
Манчестер Сити – Ортега, Уокер, Аканжи, Гвардиол, Стоунз (Рубен Диаш, 75), Бернарду Силва, Родри, Фоден, Доку (Грилиш, 75), Ҳоланд, Алварес (Аке, 90).
Брайтон – Стил, Данк, Игор Жулио, Марч (ван Ҳекке, 90), Гросс, Митома, Балеба (Гилмор, 66), Милнер (Велтман, 46), Аденгра, Уэлбек (Фергюсон, 16), Жоао Педро (Фати, 66).
Огоҳлантиришлар: Марч (36), Родри (38), Аканжи (63), Игор Жулио (64), Грилиш (84).
Четлатиш: Аканжи (90).

Шанба куни «Манчестер Сити» билан ақл бовар қилмас ҳолат рўй бериши мумкин эди. Бу турда ўта ноқулай рақибга қарши ўйин кутаётгани туфайли, Хосеп Гвардиола АПЛга келганидан буён илк бор қаторасига уч ўйинда ютқазиши, Ҳоланд эса — қаторасига учинчи ўйинни голсиз тарк этиши мумкин эди. Амалда униси ҳам, буниси ҳам рўй бермади. Лекин ўйиндан кейин кўпчилик норвегиялик ҳужумчи ҳақида эмас, балки ўйинда ҳисобни очувчи голни урган Алварес ҳақида гапирмоқда, у бу мавсумдаги голлари сонини еттитага етказди, унда шунингдек бешта голли узатма ҳам бор. «Шаҳарликлар» 49 ўйиндирки биринчи бўлимда эришилган устунликни ўйин охирига қадар сақлаб қолмоқда. Ўтган сафар биринчи бўлимдаги устунлик бой берилиши 2021йил майида кузатилганди — ўшанда «Сити» «Брайтон»га ютқазганди. Аммо «чайкалар» бу сафар Фати муаллифлигидаги ягона гол билан жавоб қайтара олишди.

Шеффилд Юнайтед – Манчестер Юнайтед 1:2
Голлар:
0:1 – 28 Мактоминей, 1:1 – 34, пеналти Макберни, 1:2 – 77 Диогу Далот.
Шеффилд Юнайтед – Фодерингэм, Богл, Робинсон, Трасти, Томас, Макати (Осборн, 78), Ҳамер (Траоре, 84), Норвуд, Винисиус, Макберни (Брюстер, 52), Арчер.
Манчестер Юнайтед – Онана, Диогу Далот, Эванс (Варан, 84), Магуайр, Линделёф, Бруну Фернандеш, Амрабат, Мактоминей (Эриксен, 63), Антони (Гарначо, 64), Рэшфорд (Маунт, 88), Ҳойлунд (Марсиял, 63).
Огоҳлантиришлар: Томас (37), Трасти (45), Винисиус (62), Эванс (82).

Буюк Бобби Чарлтон оламни тарк этган кунда «МЮ» ғалаба қозонмаса бўлмасди. Жамоа буни уддалади, аммо «қизил иблислар» ҳамон ёрқин ўйнай олишмаяпти.

Ўтган турда «Брентфорд» дарвозасига қўшимча дақиқаларда икки гол уриб (2:1), қаҳрамонга айланган Мактоминай керакли вақтда яна ўзини кўрсатди. Аммо кейинроқ жарима майдони ичида айнан унинг қўлига тўп тегиши туфайли пеналти белгиланди. Шу билан бирга, «Юнайтед» ижросида ёрқин вазиятлар кўп бўлмади. Фақат Бруну Фернандешнинг зарбаси тўсинга тегиши ёдда қолди. Аммо тен Ҳаг шогирдлари лиганинг атиги бир очко билан қолаётган ва сўнгги ўринда турган жамоани енга олмаса, яна кимни енгиши мумкин? Шундай экан, Диогу Далот иккинчи бўлимда Англия футболи афсонаси хотираси учун жарима майдони ташқарисидан қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Испания: Рамос «Реал»га қарши ўйинда қутқарди, Гризманн Суаресдан ўзиб кетди

Фото: FRAN SANTIAGO/GETTY IMAGES

«Севиля» – «Реал» 1:1
Голлар: 1:0 – 74, автогол Алаба, 1:1 – 78 Карвахал.
Севиля – Нюланд, Навас, Рамос, Гудел (Баде, 77), Акуня, Ракитич, Соу, Сумаре, Окампос, Лукебакио (Сусо, 67), Ан-Носирий.
Реал Мадрид – Аррисабалага, Карвахал, Алаба, Рюдигер, Менди, Фран Гарсия, Вальверде (Модрич, 67), Браим Диас, Кроос, Тчуамени (Камавинга, 67), Беллингҳем, Винисиус Жуниор, Родриго (Ҳоселу, 79).
Огоҳлантиришлар: Рамос (76), Навас (78), Окампос (85), Винисиус Жуниор (85), Анчелотти (85), Сумаре (87), Камавинга (90), Ламела (90).

Миллий жамоалар ўйинлари билан боғлиқ танаффус чоғида «Севиля» Европа Лигаси триумфатори Хосе Луис Мендилибарни истеъфога чиқарди ва ўз вақтида ла лигада ўйнаган, аммо ҳеч қачон Европада бош мураббий бўлиб ишламаган Диего Алонсога ишонч билдирди. Уругвайлик мутахассис ўз ватанида (жумладан, миллий жамоада), Парагвай, Мексика ва АҚШда (икки йил «Интер Майами»ни бошқарган) ишлаган, Европадаги илк ўйини эса ёмон чиқмади.

Алонсонинг янги жамоаси класико арафасида «Реал»ни икки очкодан маҳрум этганди, гарчи аввалига «Севиля»нинг мадридликларга қарши қаторасига бешинчи мағлубияти муқаррардек кўринаётганди. Аммо Валверденинг тезкор голи унга ассистентлик қилган Беллингҳем офсайдда бўлгани туфайли бекор қилинди. Кейин эса комик эпизод рўй берди. Арбитр Окампос меҳмонлар жарима майдони яқинида йиқилганидан кейин ўйинни тўхтатди, аммо улар ҳуштакни эшитишмади ва қарши ҳужумни давом эттиришди, ҳужум якунида Беллингҳем эса навбатдаги голини ўз услубида нишонлашга ҳам улгурди. Табиийки бу гол бекор қилинди, кўп ўтмай Карвахал Ракитичнинг зарбасидан кейин бўш бурчакка кетаётган тўпни олиб чиқишига тўғри келди.

Мадридликлар дарвозаси томон хавф солиниши давом этди. Акуня бурчакдан тўп ошириб берган вазиятда Ан-Носирийнинг босими Алабани фаолиятидаги илк автоголни уришга мажбур қилди. Якунда «Реал»ни мағлубиятдан икки киши қутқариб қолди. Биринчидан, Карваҳал, у ла лигада беш йилдан буён гол урмаганди, бу ўйинда эса Крооснинг узатмасидан кейин ҳаводаги курашлар қироли Ан-Носирини доғда қолдириб ҳисобни тенглаштирди. Иккинчидан, Кепа, у Серхио Рамоснинг зарбасидан кейин устун ёнидан кириб кетаётган тўпни қайтариб юборди. Рамос ҳам шу куни ўз жамоаси учун қаҳрамонга айланиб, тўпни дарвоза чизиғи устида қайтариб қолди. Ўйин охирида кичик можаро юзага келди ва одатдагидек бу сафар ҳам Винисиус Жуниор диққат марказида бўлди. Бразилиялик вингер ўйинни тезда бошлаб юбормоқчи бўлди, шунинг учун тўпни Рамоснинг қўлидан тортиб олди, кейин эса Нюланни туртди. Арбитр Винига сариқ карточка кўрсатди, Карло Анчелотти эса олов билан ўйнашишни истамади ва футболчисини тезда алмаштириб юборди, акс ҳолда у «Барселона» билан ўйин арафасида дисквалификацияга учраши мумкин эди.

«Селта» – «Атлетико» 0:3
Голлар:
0:1 – 29, пеналти Гризманн, 0:2 – 64 Гризманн, 0:3 – 70 Гризманн.
Селта – Виляр, Васкес (Гуаита, 28), Старфелт, Нунес, Санчес, Мингеса, Де Ла Торре (Дотор, 81), Белтран (Сотело, 61), Бамба, Аспас (Дувикас, 61), Ларсен (Родригес, 81).
Атлетико – Облак, Аспиликуэта, Эрмосо, Витцел, Лиоренте (Корреа, 57), Коке, Сауль (Де Паул, 57), Барриос (Рикелме, 46), Гризманн (Суюнчи, 76), Мората, Лино (Молина, 46).
Огоҳлантиришлар: Мингеса (30), Старфелт (51), Саул (54), Рикелме (87), Родригес (87).
Четлатиш: Виляр (25).

«Селта» — лигада грандларга муаммо туғдирадиган қийин рақиблардан бири. Ва, масалан, ҳисоб 0:1 эканида Бамбанинг зарбаси тўсинга тегди. Аммо галисияликларни дарвозабон уялтириб қўйди. Биринчи бўлим ўрталарида Виляр жарима майдонига оддий узатмадан кейин тўпни қўлида ушлаб қола олмади ва хатосини тузатишга уриниб, Моратани йиқитди ва пеналти. Унинг ўрнига дарвозага туширилган Гуаита «Селта»га трансферидан кейинги илк ўйинида бир неча бор қутқарди, аммо иккинчи бўлимда яқин бурчагидан гол ўтказиб юборди.

Адолат учун айтиш керакки, бу гол урилган вазиятда барча Гризманн тўпни жарима майдони марказида қулай вазиятда очилган Моратага узатишини кутганди, французнинг ўзи ҳам шеригига қараб олиб тўпга зарба берди, аммо шу вазиятда тойиб кетди ва кутилмаганда ўзига хос бўлмаган тарзда ўнг оёғида гол уриб қўйди. Якунда Антуан «Атлетико» сафидаги тўртинчи ҳет-тригини нишонлаб, бу кўрсаткич бўйича (XXI асрда) Радамел Фалкао билан тенглашди. Бундан ташқари, Гризманнинг ла лигадаги голлари сони 181 тага етди. У Луис Суаресни ортда қолган ҳолда бешинчи ўринга кўтарилди.

Кун статистикаси

  • Бундеслигада бу борадаги статистика юритилиши бошланганидан буён 1-марта бир ўйиннинг ўзида икки дарвозабон — Бауманн («Ҳоффенҳайм») ва Грал («Айнтраҳт») голли узатма муаллифлари бўлишди.
  • «Штутгарт» ҳужумчиси Гирасси бундеслига стартидаги дастлабки 8 ўйинда 14 гол урган илк футболчига айланди. XXI асрда топ-5 лигаларда бундан зўрроқ старт фақат Криштиану Роналдуда бўлган («Реал»да, 2014/15 йиллар мавсумида 15 гол).
  • «Фейеноорд» ҳужумчиси Ҳименес иккинчи бор саккиз учрашувдан иборат самарали (гол ёки пас) серия қайд этди. Нидерландия чемпионатида бундай серия фақат Кор ван дер Гийпу (уч бор) ва Йоҳан Кройф (икки марта) томонидан қайд этилган.
  • «Вулверҳэмптон» яримҳимоячиси Педру Нету мавсумдаги олтинчи голли узатмасини амалга оширди. У АПЛнинг тўққиз туридан кейин энг яхши ассистент бўлиб турибди ва ўзининг бу борадаги мавсум рекордини такрорлади.
  • «Нюкасл» ҳимоячиси Триппиер қаторасига тўртинчи ўйинда шерикларига голли пас берди. У бу оралиқда олти балл ишлаб, Педру Нетуга етиб олди.
  • «Интер» дарвозабони Зоммер А Сериянинг дастлабки тўққиз ўйинидан 6 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Уч очколик тизимга ўтилганидан буён фақат яна икки дарвозабон стартда шундай натижага эришган — Лупателли («Рома» 1999/2000 ва 2001/02) ҳамда Алиссон («Рома» 2016/17).
  • «Хетафе» футболчилари бош билан саккизта гол уришди. Топ-5 лигаларда испанлар бу кўрсаткич борасида Берлиннинг «Унион» клуби билан етакчилик қилмоқда.
  • «Бешиктош»га қарши ўйинда (2:1) дубл қайд этган «Галатасарой» ҳужумчиси Мауро Икарди турк дербиларидаги 7 ўйинда 10 гол урди .
  • Дастлабки тўққиз турда 24 гол — «Нюкасл»нинг 94/95 йиллар мавсумидан буён энг яхши натижаси. Ўшанда «қарғалар» бу оралиқда 26 гол уришганди.
  • «Лацио» яримҳимоячиси Луис Алберто жамоа учун 50-голини урди.
Top