«Тоттенҳэм» — «Манчестер Сити» 0:2
Голлар: Ҳоланд (51, 90+1 пеналти).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, Дрэгушин, ван де Вен, Ҳёйберг (Скипп, 85), Мэддисон (Мур, 90+3), Бентанкур (Кулусевски, 55), Сарр (Ло Челсо, 85), Сон, Жонсон.
«Манчестер Сити» – Эдерсон (Ортега, 69), Уокер, Диаш, Аканжи, Гвардиол, Ковачич, де Брюйне (Доку, 69), Бернарду Силва, Родри, Фоден, Ҳоланд (Алварес, 90+5). 
Огоҳлантиришлар: Бентанкур (36), Сарр (57), Ромеро (63), Ковачич (70), Фоден (88), Силва (90+11). 

Хосеп Гвардиола — футболчиларнинг саломатлиги учун қайғуради ва мунтазам равишда тиғиз тақвимни танқид қилади. Табиийки, у футболчиларда нафақат жисмоний имкониятларнинг, балки ҳиссиётлар захирасининг ҳам чегараси борлигини тушунади.

Шу туфайли, ўтган турда «Фулҳэм» устидан қозонилган ғалабадан кейин Пеп ўтган мавсумдаги требл ортидан пасайиш бўлишини кутганини, аммо реаллик бошқачароқ бўлганини тан олди. Шу туфайли у футболчилардан бирор нарсадан хафа бўлишса ҳам, ҳиссиётларини яширмасликни сўради. Ва испаниялик мутахассис ўйин арафасида «Тоттенҳэм» майдонига сафар қилишнинг қийинчиликларига тўхталди, бу стадионда «Манчестер Сити» январдаги кубок ўйинига қадар АПЛ доирасида қаторасига беш мавсумда ғалаба қозона олмаган, бу ўйинларда бирорта гол ҳам урмаганди. Ҳозир эса бу серияга чек қўйиш орқали алоҳида мақсадга эришиш — АПЛда қаторасига тўрт мавсумда чемпион бўлган илк жамоага айланиш талаб этиларди.

«Тоттенҳэм» мухлислари учун эса бу аралаш туйғуларга бой кун эди. Улар учун нима афзаллигини аниқлаш қийин эди - азалий рақиб бўлган «Арсенал»га ёрдам бериш ёки Чемпионлар лигасига йўлланма олиш имкониятидан фойдаланиш. Стадион атрофида мухлислар ўртасида ўтказилган сўров натижалари ҳам шунга мос эди, фанатларнинг энг ажойиб ва кинояли жавоби эса Sky эфирида янгради: «Биз мағлубиятсиз вазиятдамиз. Агар ғалаба қозонсак, бундан ютамиз ва ҳатто ютқазсак ҳам ютуқда бўламиз».

Ва трибуналар одатий қўшиғини куйлади: «Агар сиз «Арсенал»дан нафратлансангиз, ўрнингиздан туринг!» Ўйиннинг  боши эса жамоа бош мураббийи Ангелос Постекўғлининг сўзларига мос кечди. У ўзининг севимли жамоаси ютқазишини истайдиганларни тушуна олмаслигини, «Тоттенҳэм» «Арсенал» учун эмас, ўзи учун ўйнашини айтди. Ўйин дебютидаёқ АПЛдаги250-ўйинида майдонга тушган Эдерсон Бентанкурнинг зарбасидан кейин тўсин остига кетаётган тўпни қайтаришига тўғри келди.

Шу куни уругвайлик яримҳимоячи биринчи бўлим давомида Фоденни таъқиб қилди. Аввалига у очиқчасига англиялик футболчининг оёқларига бутсасининг остки қисми билан зарба берди, аммо негадир огоҳлантиришсиз қолди. Кейин уни яна бир марта йиқитди ва бу сафар ўз қаршисида сариқ карточкани кўрди.