Спорт | 15:02 / 20.05.2024
12965
13 дақиқада ўқилади

Серлот «Реал»га 4 та гол урди, «Челси» ҳам еврокубокда. Кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Англия: майдон марказидан гол

«Ливерпул» – «Вулверҳэмптон» 2:0
Голлар:
1:0 – 34 Мак Аллистер, 2:0 – 40 Куанса.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Куанса, Робертсон, Эндо, Мак Аллистер, Эллиотт, Салоҳ, Диас, Гакпо.
«Вулверҳэмптон» – Жозе Са, Семеду, Буэно, Килмен, Гомеш, Аит-Нури, Лемина, Беллгард, Гомес, Ҳванг Ҳи Чҳанг, Матеус Куня.
Огоҳлантиришлар: Гомеш (45+1), Эндо (60).
Четлатиш: Семеду (28).

Юрген Клопп «Энфилд» билан ғалабали кунда хайрлашди. Лекин унинг кетиши идеал картинада бўлмади. Чемпионлик соврини ҳам, Европа Лигаси ғолиблиги ҳам йўқ, унинг хайрлашув мавсумида биргина Лига кубоги қўлга киритилди. Аммо унинг даврида узоқ кутилган АПЛ ғолиблиги, асосий еврокубокдаги ғалаба қўлга киритилди ва кўпчилик учун эталонга айланган ажойиб футбол намойиш этилди. Ушбу немис мутахассиси ўзидан яхши мерос қолдириб кетмоқда — улардан бири бўлган Куанса эса бу мавсумни премер лига тарихидаги энг сермаҳсулига айлантирган гол (1223-гол) муаллифига айланди.

Клопп қайд этган рақамларнинг ўзи у ҳақда ҳаммасини айта олади. Унинг даврида «Ливерпул» бир мавсумдаги энг кўп очкосини жамғарди (99), ғалабалар улуши бўйича клуб тарихидаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди (60,9), лигадаги энг яхши ғалабали серия (18 ўйин), бир мавсумдаги энг кўп ғалаба (46) ва энг кўп гол (147). Ниҳоят, Клопп — мерсисайдликлар тарихида барча асосий тўрт совринни қўлга киритган ягона мутахассисга айланди: Чемпионлар лигаси, Англия чемпионати ва иккита миллий кубок. Ва албатта, Юрген — ажойиб инсон сифатида хотираларда қолмоқда: унинг фанатлар билан куйлаши ва мухлисларни ўз ўрнига келаётган Арне Слотни илиқ кутиб олишга чорлаши — ажойиб финал аккорди бўлди.

«Челси» – «Борнмут» 2:1
Голлар:
1:0 – 17 Кайседо, 2:0 – 48 Стерлинг, 2:1 – 49, автогол Бадяшил.
«Челси» – Петрович, Чалоба, Тиаго Силва, Бадяшил, Кукуреля, Галлаҳер, Палмер, Кайседо, Стерлинг, Мадуэке, Жексон.
«Борнмут» – Нето, Ааронс, Сенеси, Забарний, Керкез, Кристи, Кук, Таверне, Клюйверт, Унал, Семенио.
Огоҳлантиришлар: Семенио (27), Кукуреля (27), Керкез (30), Гюсто (78), Сенеси (80).

Маурисио Почеттино олқишларга сазовор. Биринчи даврадан кейин «Челси» навбатдаги инқироз ботқоғига ботган деб ҳисоблашаётганди, аммо 2024 йил бошланганидан кейин лондонликлар тўпланган очколар сони бўйича фақат кучли учлик вакилларидан ортда қолди. Финишда авжига чиққан кўклар жамоаси қаторасига бешта ўйинда ғалаба қозонишди ва еврокубокларсиз ўтган йилдан кейин камида Конференциялар лигасидаги иштирокини кафолатлади. Агар «Манчестер Сити» Англия Кубоги финалида кечадиган дербида ғолиб чиқса, «Челси» Европа Лигасига йўлланма олади. Сўнгги турда «Борнмут» билан кечган ўйинни эса Кайседонинг майдон марказидан урган голи безаб берди. Палмер эса бу сафар ҳам ўйинни самарали ҳаракатсиз тарк этмади ва ғалаба голини урган Стерлингга ассистентлик қилди. 22 ёшли яримҳимоячи чемпионат давомида гол ва голли паслари сонини 33 тага етказди. Бу «Челси» тарихида Диде Дрогба (39) ва Фрэнк Лэмпарддан (36) кейинги учинчи натижа.

Испания: «Барса» иккинчи

«Барселона» – «Райо Валекано» 3:0
Голлар:
1:0 – 3 Левандовски, 2:0 – 72 Педри, 3:0 – 75 Педри.
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Мартинес, Кубарси, Жоау Канселу, Сержи Роберто, Гундўған, Лопес, Рафиня, Ямал, Левандовски.
«Райо Валекано» – Димитриевски, Балиу, Лежен, Мумин, Эспино, Гарсия, Паласон, Сисс, Оскар Валентин, Де Фрутос, Камело.
Огоҳлантиришлар: Ямал (10), Мумин (23), Рафиня (31), Кубарси (37), Оскар Валентин (50), Жоау Канселу (90+2).

Хави мавсум якунида истеъфога чиқарилиши тўғрисидаги хабарлар фонида «Барселона» иккинчи ўринни нақд қилди. Шунинг ўзи ҳам жамоа мухлислари учун руҳий қониқиш беради (Каталониянинг бошқа вакили «Жирона»дан олдинда бўлиш), қолаверса, кейинги Испания Суперкубогида иштирок этиш орқали саудияликларнинг миллионларига эга чиқиш мумкин. Бу ўйинда асосий ишни ҳозирги бош мураббий даврида юлдузга айланган футболчилар бажаришди. Ямал кўк-анорранглилар сафидаги 50-ўйинида ҳисобни очган Левандовскига ассистентлик қилди ҳамда шу куни уч дақиқа ичида дубл расмийлаштириб, ўйин масаласини ёпган Педрининг голларидан бири урилган ҳужумни бошлаб берди. У ҳет-трик амалга оширмоқчи бўлгани ва эрта алмаштирилганидан ранжиганини тан олди. Аммо у бош мураббийни қўллаши аниқ. Худди ўйин давомида «Хави, қол!» дея ҳайқириб турган мухлислар каби.

«Вилярреал» – «Реал» 4:4
Голлар:
0:1 – 14 Гулер, 0:2 – 30 Ҳоселу, 1:2 – 39 Серлот, 1:3 – 40 Васкес, 1:4 – 45+2 Гулер, 2:4 – 48 Серлот, 3:4 – 52 Серлот, 4:4 – 56 Серлот.
«Вилярреал» – Йоргенсен, Москера, Байи, Куэнка, Алберто Морено, Парехо, Комесаня, Ахомаш, Жерар Морено, Серлот, Гедеш.
«Реал» – Лунин, Рюдигер, Милитао, Фран Гарсия, Модрич, Себалос, Валверде, Браим Диас, Гюлер, Васкес, Хоселу.
Огоҳлантиришлар: Алберто Морено (45+5), Камавинга (66), Траоре (84), Себалос (86).

Ҳафта ўртасида 36-чемпионлик титулини нишонлаган «Реал» «Алавес»ни тор-мор этганди (5:0). Амалда иккинчи таркибда тушган қаймоқранглилар Вилярреалдаги ўйинда ҳам биринчи бўлимдаёқ тўртта гол уриб, ўйин масаласини ҳал қилгандек эди.

Аммо танаффусдан кейин ақл бовар қилмас ишлар бўлиб кетди. Биринчи бўлимда битта жавоб голи урган Серлот саккиз дақиқадаги уч голи билан «Вилярреал»ни ўрнидан кўтарди. Агар ўтган мавсумда «Жирона» форварди Кастеляноснинг «Реал» дарвозасига покери бўлмаганида, ҳозир норвегиялик ҳужумчини ноёб натижа муаллифи сифатида тан олиш мумкин эди. Энди эса бундай футболчилар сони икки нафарга етди. Қолаверса, Серлот бу голлари билан ла лиганинг энг яхши тўпурари бўладиган бўлди. Скандинавиялик ҳужумчи бир кечада голлари сонини 23 тага етказиб, Беллингҳемни (19 гол) ортда қолдириб, Довбик (21)ни ҳам қувиб ўтди. Тур қаҳрамони бунинг учун учта голига ассистентлик қилган Жерар Моренодан миннатдор бўлиши лозим.

Италия: «Интер» мағлубиятдан қутулиб қолди, Лукаку хайрлашув голини урди

«Интер» – «Лацио» 1:1
Голлар:
0:1 – 32 Камада, 1:1 – 87 Думфрис.
«Интер» – Зоммер, Дармиан, Ачерби, Павар, Бастони, Димарко, Мхитарян, Чалхонўғли, Барелла, Тюрам, Мартинес.
«Лацио» – Проведел, Марушич, Габаррон, Казале, Хила, Пеллегрини, Весино, Дзакканя, Камада, Ровелла, Кастелянос.

Скудеттони анча олдинроқ нақд қилиб бўлган «Интер» мавсумни шунчаки якунлаб қўйиш билан шуғулланди ва чемпион мақомида ўтказган ўйинлари очко йўқотишлар билан бирга кечди. Хусусан, «Торино» (2:0) ва «Фрозиноне» (5:0) устидан қозонилган ғалабалар орасида якунда барибир қуйи лигага равона бўлган «Сассуоло»дан сенсацион равишда мағлубиятга учралди. Бу сафар эса нерадзуррилар 
ўз уйида ўтган йил сентябридан буён илк бор мағлуб бўлиши мумкин эди. Аммо ўшанда (унда ҳам «Сассуоло»га қарши ўйинда) гап сенсация ҳақида борган бўлса, «Лацио» эса Маурисио Сарри ўрнига Игор Тудор келганидан кейин барқарор жамоага айланган. Симоне Индзаги собиқ жамоасига қарши ўйин охирида мағлубиятдан қутулиб қолди, Дюмфрис Алексис Санчеснинг жарима зарбасидан узатмасини бош билан дарвоза тўрига йўллади.

«Рома» – «Женоа» 1:0
Гол:
1:0 – 79 Лукаку.
«Рома» – Свилар, Челик, Лиоренте, Ндика, Анхелинио, Паредес, Кристанте, Пеллегрини, Балданци, Бове, Лукаку.
«Женоа» – Жозеп Мартинес, Спенс, Волякко, Васкес, де Винтер, Аарон Мартин, Бадел, Стротман, Френдруп, Экубан, Ретеги.
Огоҳлантиришлар: Паредес (72), Лукаку (79).
Четлатиш: Паредес (72).

«Рома» ўзи учун олтинчи ўрин ва Европа Лигаси йўлланмасини кафолатлади. Бу вазифани бир эпизоднинг ўзида икки бор сариқ олган Паредес қийинлаштирганди. У аввалига фол учун, кейин ҳакамнинг қарорига реакцияси учун огоҳлантирилди. Аммо «бўрилар» камчилик бўлиб қолган ҳолатда тишини кўрсата олишди, Лукаку эса Ал-Шаъровийнинг узатмасидан кейин ғалаба голини урди. Бу катта эҳтимол билан Ромелунинг «Олимпико»даги сўнгги ўйини бўлиб қолади. Камида «Рома» футболкасидаги сўнггиси.

Франция: финишдаги ақл бовар қилмас ҳолат

«Метц» – «ПСЖ» 0:2
Голлар:
0:1 – 7 Солер, 0:2 – 12 Ли Кан Ин.
«Метц» – Укиджа, Колен, Эрей, Сане, Юдоль, Камара, Ндорам, Жан-Жак, ван ден Керкхоф, Диалло, Микаутадзе.
«ПСЖ» – Навас, Мукиеле, Данилу Перейра, Лукас Бералдо, Мендеш, Солер, Угарте, Меюлю, Ли Кан Ин, Асенсио, Гонсалу Рамуш.

Бир ҳафта муқаддам «Парк де Пренс» билан хайрлашган Мбаппе чемпионатнинг сўнгги турида қатнашмади. Ва гап Луис Энрике жамоани асосий юлдузсиз ўйнатишни хоҳлаётганида ҳам эмас, балки Килианнинг саломатлигида. Сон қисмидаги мушакларида ноқулайлик ҳис қилган сардор ҳафта ўртасида — «Ницца»га қарши қолдирилган ўйинни ҳам ўтказиб юборганди. Европа чемпионати арафасида таваккалчилик қилиш тўғри бўлмасди ҳам. Мбаппе «ПСЖ»га бир ҳафтадан кейин — Франция Кубоги финалида «Лион»га қарши ўйинда керак бўлади, лионликлар бу турда Ляказеттнинг 90+6-дақиқада «Страсбур» дарвозасига пеналтидан урган голи билан (2:1) Европа Лигасига йўлланма олди.

Чемпионлар лигасида эса «ПСЖ» билан «Монако» ва «Брест» ўйнайди — учинчи жамоа «Лилл»ни ортда қолдирган. Гаврдаги ўйиндаги ғалаба ёрдам бермаган «Марсел» эса еврокубокларсиз қолди. Куннинг асосий драмаси эса «Лорян» билан боғлиқ воқеа бўлди. Бу жамоа «Клермон» дарвозасига жавобсиз бешта гол йўллади. Ўтиш ўйинларига ўтиш учун яна бир аниқ зарба ёки «ПСЖ»нинг учинчи голи керак эди. Аммо униси ҳам, буниси ҳам рўй бермади. Натижада «Метц» элитада қолиш имкониятига эга бўлди.

Кун статистикаси

  • Исак «Нюкасл»нинг сўнгги 20 йил ичида футбол камида 25 гол урган 1-футболчиси бўлди.
  • Нидерландия чемпионатининг сўнгги олти мавсумида 4-марта энг яхши тўпурарлар сони икки нафарни ташкил этмоқда. Бу сафар Люк де Йонг (ПСВ) ва Павлидис (АЗ) 29 тадан гол уришди.
  • Арда Гулер «Реал» сафидаги илк 328 дақиқасида 6 гол урди. Бу Беллингҳемнинг шу давр оралиғидаги натижасидан иккитага яхшироқ.
  • 6-бор Англия чемпионлиги Хосеп Гвардиолага бу кўрсаткич борасида афсонавий Жорж Рэмси ва Боб Пейсли билан тенглашиб олиш имконини берди. Бундан юқорироқ кўрсаткичга фақат Алекс Фергюсон эришган - 13 соврин.
  • Сафардаги 12 қуруқ ўйин — «Фенербаҳче»нинг клуб рекорди такрорланишидир, бунақаси 1970 йилдан буён кузатилмаганди.
  • «Кристал Пэлас» бош мураббийлигига Оливер Гласнер тайинланганидан кейин клуб ҳужумчиси Матета 13 гол урди. У бу оралиқда АПЛдаги энг юқори кўрсаткични қайд этди.
  • Биринчи бўлимларда 19 гол — АПЛдаги ўйин кунида 1992 йилдан буён энг юқори кўрсаткич, ўшанда ўйинларда танаффусгача 21 гол урилганди.
  • ПСВ миллий биринчиликда қаторасига 50 ўйинни голсиз тарк этмасдан, ўзига хос серияни давом эттирмоқда. Эйндҳовенликлар мавсум давомидаги барча 34 ўйинда гол урган илк жамоага айланди.
  • 103:33 — А Серияда сўнгги 20 мавсумдаги энг кеч гол урилган дақиқа, бу гол муаллифи «Удинезе» яримҳимоячиси Самаржич бўлди.

Мавзуга оид