Жаҳон | 09:39 / 01.11.2023
4753
2 дақиқада ўқилади

Экофаоллар Германия канцлери офиси биносига бўёқ сепиб кетди

«Охирги авлод» ҳаракатининг иқлим фаоллари Берлиндаги федерал канцлер биноси деворига «Олаф ёлғон гапиряпти» деб ёзиб кетди. Уларнинг ҳаракатларига полиция аралашган.

Фото: Markus Schreiber/AP Photo/picture alliance

«Охирги авлод» ҳаракатининг экофаоллари 31 октябр, сешанба куни Германия федерал канцлери идораси биносини тўқ сариқ рангга бўяб, фасаднинг бир неча жойига «Олаф ёлғон гапиряпти» деб ёзиб қўйди. Улар ўз ҳаракатларини суратга олди ва уни Х платформасида (собиқ Twitter) тарқатди.

Умуман олганда, канцлер идорасида 60-70 га яқин атроф-муҳит фаоллари тўпланди, уларнинг баъзилари «Олаф ёлғон гапирмоқда» ва «Канцлер иқлим ҳақида ёлғон баёнот бермоқда» ёзувлари бўлган баннерларни кўтариб олган. Полиция намойишчиларнинг ҳаракатларига аралашиб, уларнинг айримларига нисбатан жисмоний куч ишлатган. Бир неча атроф-муҳит фаоллари шахсий маълумотларини аниқлаш учун қўлга олинди. 

Турли усуллар ёрдамида иқлимни муҳофаза қилиш учун кураш 

«Охирги авлод» Германия канцлери Олаф Шолц ва унинг ҳукуматини иқлим сиёсатидаги муваффақиятсизликда айблайди. Атроф-муҳит фаолларининг ҳаракатларига Шолцнинг ҳукумат «иқлим фалокатига» қарши курашиш бўйича етарли чоралар кўраётгани ҳақидаги баёноти сабаб бўлди. «Охирги авлод» ҳаракати бу баёнотни «ҳаёт учун хавфли ёлғон» деб атади. 

Ҳаракат аъзолари томонидан иқлимни муҳофаза қилиш муаммосига эътиборни қаратиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар турли усуллари туфайли кенг оммага маълум бўлди. Атроф-муҳит фаоллари дунёдаги энг йирик музейлардаги суратларга помидор шўрва сепиб, Бранденбург дарвозасини бўёқ билан бўяган ҳамда гавжум магистраллар ва аэропортнинг учиш-қўниш йўлакларига бостириб кирган, бу эса транспорт ҳаракатини фалаж қилиб, самолётларнинг парвоз жадвалини бузган. Фаолларнинг бир қисми жарима ва қамоқ жазоларига ҳукм қилинган. 

Мавзуга оид