Жаҳон | 17:01 / 02.11.2023
8630
5 дақиқада ўқилади

Уран, нефт ва Қозоғистонга инвестиция – Макрон ва Тўқаев нималар ҳақида гаплашди?

Асосий энергетикаси АЭСларга таяниб қолган Франция учун Қозоғистон урани ҳар доимгидан ҳам муҳимроқ бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, Франция президентининг Марказий Осиё давлатларига ташрифи – геосиёсий вазият туфайли минтақа яна Ғарбнинг эътиборига туша бошлагани билан изоҳланмоқда.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

1 ноябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон Қозоғистонга расмий ташриф билан келди ва Остонада президент Қосим-Жўмарт Тўқаев билан музокаралар ўтказди. Франция етакчисининг Қозоғистонга ташрифи маҳаллий ва хорижий нашрларда турлича баҳоланмоқда.

Биринчидан, Қозоғистон Франциянинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади, 2022 йилда ўзаро товар айланмаси 30 фоизга ўсиб, 4 миллиард долларга етган. Франция қозоқ иқтисодиётига киритган инвестициялар миқдори 18 миллиард доллардан ошади. Мамлакатдаги ўнлаб соҳаларда французларнинг 200 га яқин компаниялари фаолият юритади.

Ташриф тафсилотлари ҳақида тўхталган Reuters нашри Макрон ташриф буюраётган Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Украинага босқини ортидан яна Ғарб эътиборини жалб қила бошлаганини айтган. Қозоғистоннинг аҳамияти Россия жорий этилган санкциялар ортидан унинг ўринбосари ўлароқ нефт маҳсулотларини етказиб бериши ва уранга бой эканлиги билан боғлиқ. Французларнинг Orano компанияси аллақачон Қозоғистон уран саноатига кириб келган. Бундан ташқари, Қозоғистон Хитой ва Европа йўналишидаги асосий бўғинлардан бири ҳисобланади.

Остонадаги учрашувда Франция президенти Эммануэл Макрон Украинадаги уруш масаласида Москва томонида бўлишдан бош тортгани учун Қосим-Жўмарт Тўқаевни олқишлаган.

“Мен баъзилар сизга қўяётган бўлиши мумкин бўлган геосиёсий босимлар, қийинчиликларни... ҳеч қанақасига кам баҳоламайман. Франция сизнинг “ҳар қандай кучли давлатнинг вассали бўлишдан бош тортадиган, кўп векторли ва мувозанатли муносабатлар” ўрнатишга интилишингизни қадрлайди.

Биз дўстларимизнинг ва уларнинг суверенитетини ҳурмат қиламиз. Қачонки биз уларга керак бўлганимизда биз у ердамиз,” — дея Макроннинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Нашрнинг ёзишича, Ғарб давлатларининг Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик фаоллиги Россияда ташвиш уйғота бошлаган. Гарчи Кремл расмийси Дмитрий Песков Қозоғистон мустақил давлат ўлароқ ташқи муносабатларини ўзи ҳал қилишини айтган бўлса-да, РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Россиядан “қўшнилари, дўстлари ва иттифоқчиларини” тортиб олишга ҳаракат қилмоқда, деган.

Бошқа нашрлар, хусусан Bloomberg ҳам ўз манбаларига таяниб, Макроннинг сафаридан кўзлаган асосий мақсади Франция энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, эканини айтади.

Россиянинг энергетик манбаларидан узилиш ва Нигерда бўлган давлат тўнтариши туфайли Африкадан уран келиши ҳам қийинлашиб қолган. Шу сабабли Эммануэл Макронга йирик француз тадбиркорлари ҳам ҳамроҳлик қилмоқда.

Қосим Жўмарт Тўқаев “тарихий”, деб атаган ушбу ташриф давомида икки давлат ўртасида бир қанча ҳужжатлар имзоланган. Хусусан, стратегик минераллар бўйича ҳамкорлик қилиш, қуввати 1Гвт'ли сақлаш тизими билан шамол электростанциясини қуриш, поезд локомотивларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, Франция тараққиёт агентлигини ташкил қилиш, француз тили мактабини очиш каби келишувлар имзоланган.

“Мамлакатингиз жойлашган ҳудуд ва унинг катта майдони жуда муҳим. Биз шунинг учун ҳам иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Бу имзолаган ҳужжатларимизда ҳам кўринади”, деган Макрон. 2023 йилда Қозоғистон ва Франция ўртасида алоқалар стратегик шерикчилик даражасига кўтарилганига 15 йил тўлмоқда. Тарафлар буни ҳам алоҳида эътироф этиб ўтган. Бундан ташқари, 2024 йил сентябр ойидан қозоқ-француз университети очилиши кутилмоқда.

Шу куннинг ўзида бўлиб ўтган қозоқ-француз тадбиркорлари иштирокидаги бизнес-форумда эса Тўқаев икки мамлакат учун энергетика сектори энг муҳим бўлиб қолишини, Қозоғистон Францияга нефт экспорти ҳажмини оширишга тайёрлигини айтган. Бундан ташқари, уран етказиб беришда катта потенциал борлиги ҳам таъкидланган.

“Қозоғистон уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Бу билан биз Европанинг уранга бўлган эҳтиёжини тўртдан бирини қоплаймиз. Франция энергия секторининг 63 фоизини атом энергетикаси ташкил қилар экан, бизда бу соҳа бўйича ҳамкорликнинг катта потенциали бор. Шунингдек, бизнинг углерод чиқиндилари даражасини нолга тушириш ва муқобил энергия бўйича қарашларимиз, режаларимизга мос келади”, деган Тўқаев.

Қозоқ етакчисининг айтишича, мамлакат ҳудудида умумий қиймати 46 триллион доллардан ортиқ бўлган 5 мингтадан кўпроқ қазилма бойликлар, нодир металлар жойлашган ҳудудлар бор. Тўқаев француз компанияларини уларни ишлаб чиқариш жараёнига қўшилишга чақирди.

Макрон Қозоғистонга 1 кунлик ташрифи давомида расмий учрашувлардан ташқари “Этноовул” кўргазмасига бориб қозоқлар маданияти билан танишди. Шунингдек, Остонадаги университетлардан бирида талабалар билан мулоқот қилишга ҳам улгурган.

Мавзуга оид