2024 йилги давлат бюджети бўйича эҳтимолий рисклар маълум қилинди
Ҳисоб-китобларга кўра, сўм курсининг 100 сўмга қадрсизланиши бюджет харажатларини 400 млрд сўмга оширади. Олтин нархи унциясига 100 долларга пасайса, бюджет 4,5 трлн сўмни йўқотади. Газ-свет нархлари оширилмай қолса, бюджетга 1,5 трлн сўмлик қўшимча юклама тушади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган “Бюджетнома”да 2024 йил давлат бюджети прогнозларида кузатилиши мумкин бўлган рисклар санаб ўтилган.
Геосиёсий зиддиятлар кучаяётгани шароитида товар бозоридаги нархлар ўсиши ва тақчиллигига олиб келиб, бунинг натижасида мамлакатда инфляция босими кучайиши мумкинлиги асосий риск ўлароқ кўрилмоқда.
Глобал миқёсда озиқ-овқат нархларининг кескин ўсиши аҳолининг заиф қатламларига салбий таъсир қилиб, уларни озиқ-овқат нархларининг юқорилигидан ҳимоя қилиш заруриятини келтириб чиқариши мумкин, бу ўз навбатида, бюджетнинг ижтимоий харажатлари ошишига олиб келади.
“Бундан ташқари, инфляцион босим остида иш ҳақи ва пенсия тўловларининг қўшимча индексацияси амалга оширилиши, миллий валютанинг асосий жаҳон валюталарига нисбатан қадрсизланиши, меҳнат мигрантларининг оммавий мамлакатга қайтиши ва Ўзбекистонда доимий даромад манбаига эга бўлолмаслиги оқибатида давлат бюджетидан нафақа олувчи оилалар сонининг ортиши каби омиллар таъсирида бюджет харажатларининг ошиши кутилади”, – дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган қарз (кредит) маблағлари бўйича фоиз ставкасининг ўсиши ташқи қарз маблағларини жалб қилиш жозибадорлигини пасайтириши мумкин.
Ушбу глобал тренд ва ташқи омиллар натижасида давлат бюджети прогнозларида кузатилиши мумкин бўлган рисклар қуйидагича тасвирланмоқда:
- иш ҳақи миқдорининг қўшимча равишда 1 фоизга оширилиши йилига 1,3 трлн сўм атрофида;
- пенсия миқдорининг 1 фоизга оширилиши эса 600 млрд сўм миқдорида қўшимча харажатлар талаб этади;
- сўм алмашинув курсининг 100 сўмга қадрсизланиши йиллик давлат бюджети харажатларининг 400 млрд сўмга ошишига олиб келади;
- олтин нархининг прогнозда кўзда тутилган 1 унсия учун 1 800 доллар нархидан 100 долларга пасайиши 4,5 трлн сўм бюджет даромадлари камайишига;
- мис нархининг прогнозда кўзда тутилган 1 тоннаси учун 7 800 доллар нархидан 500 долларга пасайиши 940 млрд сўм бюджет даромадлари камайишига;
- энергия ресурслари тарифларининг оширилмай қолиши 1,5 трлн сўм бюджет даромадлари камайишига олиб келиши мумкин.
Маълумот учун, 2024 йил бюджет қонуни лойиҳасига кўра, давлат бюджети даромадлари 270,3 трлн сўмни, харажатлар эса 279,6 трлн сўмни ташкил қилиши кутилмоқда. Давлат бюджети лойиҳаси 4 фоизлик дефицит билан ишлаб чиқилган.
Шунингдек, келгуси йилда иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар миқдорини ошириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойида юридик шахслар учун энергоресурслар тарифлари оширилиб, аҳоли учун тарифлар ўзгаришсиз қолди. Маиший истеъмолчилар учун электр энергияси ва газ тарифларига 2024 йил май ойида ўзгариш киритилиши мумкин.
Мавзуга оид
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
14:37 / 18.11.2024
Бюджет харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаяпти — президент
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
17:50 / 30.10.2024