09:00 / 04.11.2023
6812

Ринат Ахметовнинг компанияси Россияга қарши Қримдаги активлар бўйича судда ғалаба қозонди

Ҳаагадаги арбитраж Россияга Ринат Ахметов компаниясига 267 миллион доллар тўлашга мажбуриятини юклади, деб хабар берди ДТЭК. Фоизлар зарарнинг тўлиқ миқдори тўланмагунча ҳисобланиши давом этади. 

Фото: AP

Ҳаагадаги Халқаро арбитраж суди украиналик миллиардер Ринат Ахметовга тегишли ДТЭК энергетика компаниясининг аннексия қилинган Қримдаги активларини мусодара қилиш бўйича Россияга қарши даъвосини тўлиқ қаноатлантирди. Компаниянинг 2 ноябр куни хабар беришича, арбитраж Россияга ДТЭК фойдасига 267 миллион доллар миқдоридаги зарарни, жумладан, фоизлар ва ҳукм чиқарилган кундаги суд харажатларини тўлашни буюрган. Фоизлар зарарнинг тўлиқ миқдори тўланмагунча ҳисобланиши давом этади

«Бугунги қарор Россияни Қримдаги Украина сармояларини экспроприация қилгани учун жавобгарликка тортишнинг яна бир муҳим босқичидир», деди ДТЭКни судда ҳимоя қилган Covington & Burling LLP адвокатлик идораси ҳамкори Марни Чик. 

ДТЭК Россия активлари жойлашган давлатлар ҳудудида суд қарорини тан олиш ва уни ижро этишга рухсат бериш жараёнини зудлик билан бошлашни режалаштираётганини айтди. 

Қрим аннексия қилинишидан олдин ДТЭК ушбу яриморолдаги «ДТЭК Крымэнерго» энергия тақсимлаш ва таъминот компаниясига эгалик қилган. «ДТЭК Крымэнерго»нинг Россияга даъвоси бўйича суд жараёни 2017 йилдан бери давом этаётганди. 

2023 йил апрелида Ҳаага Доимий арбитраж суди қошидаги Арбитраж трибунали Россияга 2014 йилда Қримнинг қўшиб олиниши натижасида миллий компания кўрган зарарлари учун Украинанинг «Нафтогаз»ига 5 миллиард доллар тўлашга мажбуриятини юклади.

Top