Иқтисодиёт | 08:31 / 09.11.2023
17967
5 дақиқада ўқилади

“Мирзиёев ташаббуслари аллақачон ташкилотимиз анъанасига айланди” – ИҲТ бош котиби

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Хусрав Нозири Тошкентда ўтказиладиган навбатдаги саммит арафасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг навбатдаги 16-саммити арафасида Ўзбекистон президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёев билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим. Учрашувда таъкидланганидек, мазкур саммит Ўзбекистоннинг ИҲТ аъзолиги тарихида илк бор ўтказилмоқда. Шу маънода тарихий аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёевни 16-саммит Тошкентда ўтказилаётгани билан самимий табрикладим. Учрашувда бўлажак саммитга тайёргарликнинг бориши ҳақида президентга ҳисобот бердим. ИҲТ доирасидаги минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан ҳам самарали фикр алмашдик. Ушбу устувор йўналишлар – савдо, сармоя, транспорт, коммуникация, энергетика, фойдали қазилмалар, экология, туризм, барқарор ривожланиш, инсон ресурслари, парламент ва ҳуқуқий ҳамкорлик, шунингдек, Афғонистон масаласи.

Шу билан бирга, ташкилотимиз фаолиятида Ўзбекистон роли тобора ортиб бораётгани учун президентга миннатдорлик билдирдим. Кейинги икки йил ичида Ўзбекистон кўплаб янги ташаббуслар билан чиқди, улар ташкилотимизда кенг қўллаб-қувватланди. Бу ташаббусларнинг айримлари аллақачон амалга оширилмоқда, масалан, Ўзбекистон президенти таклифига биноан, ташкилотимиз доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги мулоқот платформасини ташкил этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди. Биз ҳозир ушбу янги тузилманинг биринчи йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўряпмиз.

Шунингдек, Ўзбекистон ташкилотимиз фаолиятида илк бор раисликнинг ҳар бир йили учун мавзу белгилаш масаласини илгари сурди. 2022 йилда Ўзбекистон ўз аъзолиги тарихида биринчи марта раисликни ўз зиммасига олди ва минтақамизда алоқаларни мустаҳкамлаш мавзусини таклиф қилди. Ўзбекистондан кейин навбат Озарбойжон раислигига етиб келди, у ҳам Ўзбекистон мисолида мавзу таклиф қилди. Мавзу яшил иқтисодиётга ўтиш ва ўзаро боғлиқлик эди. Келгуси йилнинг январидан эса вакиллик Эронга ўтади. Эрон ҳам ўз мавзусини таклиф қилди. Яъни Ўзбекистон президенти томонидан Ашхободдаги аввалги, 15-саммитда билдирилган ташаббус аллақачон анъанага айланиб бормоқда.

Биз транспорт ва коммуникация масалаларига ҳам катта эътибор қаратдик, чунки бу фаолиятимизнинг муҳим йўналиши. Бу борада турли транспорт-транзит лойиҳалари, жумладан, минтақамизнинг шарқи ва ғарби, шимоли ва жанубини боғловчи йўлаклар лойиҳасини амалга оширмоқдамиз. Шунингдек, ташкилот ҳудудидан Хитой ва Европа ўртасидаги савдо муносабатлари учун фойдаланиш мумкин. Бу масалаларнинг барчаси муҳокама қилинди ва Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви туфайли транспорт ва коммуникация соҳасидаги ушбу лойиҳаларнинг барчасини амалга оширишда, албатта, жуда муҳим рол ўйнайди.

Энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилдик. Айни пайтда биз иккита асосий лойиҳани амалга оширмоқдамиз – Боку шаҳрида ташкилотга аъзо мамлакатларнинг барқарор ва тоза энергияга ўтишига ҳисса қўшадиган Тоза энергия марказини, шунингдек, минтақавий энергия бозорини яратиш.

Ҳамкорлигимизнинг яна бир устувор йўналиши туризмдир. Шу муносабат билан Ўзбекистон президентини Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТ туристик пойтахти сифатида эълон қилингани билан табрикладим. Умид қиламизки, Шаҳрисабзда ҳам тегишли туризм тадбирлари ўтказилади ва бу нафақат Ўзбекистонда, балки ташкилотимизнинг бутун минтақасида туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Биз томонларни қизиқтирган бошқа халқаро масалаларни ҳам муҳокама қилдик ва фикр алмашдик ҳамда саммит муваффақиятли ўтиши ҳақида якдил фикрга келдик. Ушбу саммитда барча аъзо давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади. Бу жуда яхши кўрсаткич бўлиб, Ўзбекистоннинг ташкилотимиз фаолиятидаги ўрни ва роли аъзо давлатлар томонидан юксак эътироф этилгани кўрсаткичидир.

Kun.uz мухбири саволи: Ўзбекистон – Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темирйўли лойиҳасини амалга оширишда ИҲТ асосий рол ўйнаши мумкинми?

Албатта, бу йўлак ИҲТ аъзо давлатлар ҳудудидан ўтгани учун ушбу масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олган. Биз ушбу лойиҳани амалга ошириш учун саъй-ҳаракатларни таклиф қиламиз, чунки бу лойиҳа, хусусан, Ўзбекистондан Мозори Шарифгача бўлган темирйўл лойиҳаси нафақат алоқа ва савдо-транспорт муносабатларини ривожлантиришга, балки ИҲТ аъзоси бўлган, бироқ, шароитдан келиб чиқиб унинг ишида тўлиқ иштирок этолмаётган Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга ҳам хизмат қилади.

Мавзуга оид