Жаҳон | 14:24 / 08.08.2024
3771
2 дақиқада ўқилади

ИҲТ Исроилга Ҳамас етакчиси ўлими учун жавобгарликни юклади

ИҲТ ташқи ишлар вазирлари йиғилиши якунлари бўйича эълон қилинган декларацияда айтилишича, Ҳаниянинг ўлдирилиши Эрон суверенитети ва миллий хавфсизлигига «хавфли ҳужум»дир.

Фото: Anadolu Agency

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Теҳронда Ҳамас сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун Исроилни масъул деб ҳисоблади ва бу Эрон суверенитети ва миллий хавфсизлигига «хавфли ҳужум» эканини айтди.

Бу ҳақда Жиддада ИҲТ ижроия қўмитасининг ташқи ишлар вазирлари даражасидаги навбатдан ташқари йиғилиши якуний декларациясида айтилади.

Якуний декларацияда ИҲТ Теҳронда Ҳамас етакчисининг ўлдирилишини кескин қоралади.

Декларацияда айтилишича, қотиллик халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомини очиқдан очиқ бузган.

«Бу Эрон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий хавфсизлигига хавфли ҳужумдир», — дейилади ҳужжатда.

Декларацияда БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумларини тўхтатиш ҳамда Ғазо сектори барча қисмларига етарли ва барқарор инсонпарварлик ёрдамини етказиш масъулиятини ўз зиммасига олишга чақиради.

«Фаластин ҳудудларидаги Исроил минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказмоқда. Бу ҳолат БМТ Хавфсизлик кенгашининг халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича масъулияти доирасида шошилинч ва самарали аралашувни талаб қилади», — дейилади ҳужжатда.

Мавзуга оид