Жаҳон | 09:23 / 10.11.2023
8665
2 дақиқада ўқилади

Россия вакили биринчи марта БМТ судига сайланмади

1946 йилдан бери биринчи марта Россия вакили БМТ Халқаро суди судялари таркибига киритилмади.

Фото: picture-alliance

2015 йилдан бери Ҳаагадаги Халқаро суд судяси бўлган Россия вакили Кирилл Геворгян иккинчи муддатга қайта сайланмади. 10 ноябр, пайшанба куни БМТ Бош ассамблеясида бўлиб ўтган овоз бериш чоғида у ассамблеянинг 117 нафар аъзоси қўллаб-қувватлаган Руминия вакили Богдан-Лучиан Аурескуга ютқазди.

Совет иттифоқи ва Россия судялари 1946 йилдан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг суд тизимида ишлаб келган. Шу тариқа, биринчи марта БМТ Халқаро судида Россия вакили бўлмайди.

Аурескудан ташқари яна уч янги судя БМТ Халқаро судига сайланди - Сара Халл Кливленд (АҚШ), Хуан Вердуско (Мексика) ва Дире Тлади (Жанубий Африка), шунингдек, амалдаги судя, Австралия вакили Хилари Чарлзуорт қайта сайланди.

БМТ Халқаро суди 15 судядан иборат бўлиб, уларнинг ваколат муддати - тўққиз йил. Шу билан бирга, бўш қолган беш ўрин учун ҳар уч йилда бир марта сайловлар ўтказилади. Кетма-кет бир неча муддат ишлаш учун ҳеч қандай тақиқ йўқ.

БМТ Халқаро судида Украинанинг Россияга қарши даъволари

Ҳаагадаги БМТ Халқаро суди Украинанинг Россияга қарши иккита даъвосини кўриб чиқмоқда. Биринчиси, 2014 йилда Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларнинг ҳаракатлари ва аннексия қилинган Қримдаги «ҳокимиятлар» билан боғлиқ. 34 давлат иштирок этаётган иккинчи жараён Россиянинг Донбассда геноцид ҳақидаги даъволари билан боғлиқ. Киевнинг таъкидлашича, Россия Геноциднинг олдини олиш тўғрисидаги конвенцияни суиистеъмол қилиб, ундан Украинага қарши урушни оқлаш учун фойдаланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид