Жаҳон | 11:31 / 13.11.2023
4811
3 дақиқада ўқилади

Финландия Исроилдан ракеталарга қарши мудофаа тизимини сотиб олди

Исроил Мудофаа вазирлиги бош директори Эял Замир етакчи баллистик ракета ва учувчисиз учоқларни тутиб олиш тизимларидан бири бўлган «Довуд чопони»ни Финландияга 317 миллион еврога сотиш бўйича шартнома имзолади.

Фото: Globallookpress

Исроил НАТОнинг янги аъзоси Финландия билан «Довуд чопони» ракеталарга қарши мудофаа тизимини сотиш бўйича шартнома имзолади. 12 ноябр, якшанба куни Исроил Мудофаа вазирлиги вазирлик бош директори Эял Замир томонидан имзоланган ушбу келишувни «тарихий» деб атади. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Америка компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тизим баллистик ва қанотли ракеталарни, дронларни ва бошқа учиш аппаратларини, жумладан, самолётларни тутиб олиш ва зарарсизлантиришга қодир.

Апрел ойида НАТОнинг 31-аъзосига айланган Финландия иттифоққа қўшилганидан кўп ўтмай «Довуд чопони»ни сотиб олиш ниятини эълон қилди. Битим ҳажми 317 миллион еврони ташкил этди.

Германия ҳам Исроилдан ҳаво мудофаасини сотиб олган 

Сентябр ойида Исроил Германия билан Arrow 3 ҳаво мудофаа тизимини етказиб бериш бўйича шартнома тузган эди. Исроил ҳукумати маълумотларига кўра, мудофаа шартномасининг қиймати тахминан 3,3 миллиард еврони ташкил қилган. Американинг Boeing компанияси билан ҳамкорликда яратилган тизим 2025 йил охиригача Германияда чекланган миқёсда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. 

Arrow 3 ҳаво ҳужумидан мудофаа мобил тизими 2400 километргача масофадан отилган баллистик ракеталарни тутиб олишга қодир. Келажакда у Германияни барча маълум турдаги ҳаво ҳужумларидан ишончли ҳимоя билан таъминлаши керак. Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг сўзларига кўра, Arrow 3 НАТО ҳаво мудофаа тизимига ҳам киритилиши керак. 

Мақсад - «осмондаги бўшлиқларни» йўқ қилиш 

Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланиши натижасида 2022 йилда Германия Европа янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими – «Европа осмон қалқони»ни яратиш ташаббуси билан чиқди. Бундай қалқонни яратишдан мақсад ҳаво мудофаасидаги бўшлиқларни бартараф этишдир. Берлин томонидан таклиф қилинган осмон мудофааси ўрта ва узоқ масофали ракеталарни ёки ҳужумчи дронларни зарарсизлантириш учун мос келадиган турли хил тизимлар мажмуасини, шу жумладан Россиянинг эҳтимолий ҳаво ҳужумларидан ишончли ҳимояни ўз ичига олиши керак. 

Мавзуга оид