Жаҳон | 14:29 / 13.11.2024
2177
2 дақиқада ўқилади

Финландия Тимченко ва Ротенбергнинг ҳоккей аренасини мусодара қилади

Ҳелсинки шаҳри бино вайрон бўлишини тўхтатиш учун россиялик Геннадий Тимченко ва Роман Ротенбергга тегишли спорт аренасини мажбурий мусодара этиш ташаббуси билан чиқяпти. 

Фото: Roopeank / Wikipedia

Ҳелсинки расмийлари россиялик ишбилармонлар Геннадий Тимченко (у Финландия фуқаролигига ҳам эга) ва Роман Ротенбергга тегишли шаҳарнинг энг йирик спорт аренаси Helsinki Halli'ни мажбуран мусодара этиш ташаббуси билан чиқмоқда. Бу ҳақда 12 ноябр, сешанба куни шаҳар ижроия кенгашига таяниб, Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Арена Россиянинг 2022 йилда Украинага ҳарбий ҳужумидан сўнг Тимченко ва Ротенбергга қарши киритилган санкциялар туфайли ёпилган эди. Ўтган йили, деб ёзади Reuters, Ҳелсинки, агар тадбиркорлар майдончани ихтиёрий равишда сотишга рози бўлмаса, улардан тортиб олиниши мумкинлигини маълум қилган.

11 ноябр, душанба куни шаҳар кенгаши арена экспроприацияси «бино вайрон бўлишини тўхтатиш ва йирик халқаро тадбирларни ўтказиш имконияти йўқлиги сабабли Финландия обрўсига путур етказилишининг олдини олиш учун» зарур деб қарор қилди», дейилади матнда. Шаҳар расмийларининг қўшимча қилишича, жараён бир неча йилга чўзилиши мумкин.

2023 йилда Ҳелсинки маъмуриятининг ҳисоб-китобларига кўра, арена ишламай қолганлиги сабабли шаҳардаги меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа корхоналар йилига 400 миллион еврогача зарар кўрмоқда.

Геннадий ва Елена Тимченко ЕИ судида санкцияларни олиб ташлашга эриша олмади

11 сентябр куни ЕИ суди эр-хотин Геннадий ва Елена Тимченколарнинг Европа Иттифоқи Кенгашига даъвосини рад этди, унда улар Россиянинг Украинадаги тажовузи учун санкциялар режими доирасида уларга нисбатан қўлланган чеклов чораларига эътироз билдиришди.

2022 йил июл ойида ЕИ Кенгаши санкциялар рўйхатидаги шахсларга Европа Иттифоқи юрисдикцияси остидаги активлари тўғрисида ҳисобот бериш мажбуриятини киритди. Брюссел бу ҳаракатни санкциялардан қочиш схемаларининг тобора мураккаблашиб бораётганига жавоб деб атади. Тимченколар Европа Иттифоқи Кенгаши шу тарзда ўз ваколатларини суиистеъмол қилганига ишоняпти. Бироқ, Люксембург суди Брюсселнинг бундай мажбуриятни юклаш ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид