Universalbank пластик карталардан пул ечиб олиниши борасидаги вазиятга изоҳ берди
Пул Unired иловаси орқали турли банкларнинг карталаридан ўғирланганлиги маълум қилинди.
11 ноябр куни эрталаб баъзи Universalbank мижозлари карталарида маблағ етишмаётганлигига дуч келишган. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Бугунги кунда Universalbank Киберхавфсизлик маркази билан биргаликда ушбу ҳолатни текширмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, антифрод тизими муаммоларни аниқлаган, банк Unired иловасидаги барча жараёнлар вақтинчалик тўхтатилган. Бир неча юз миллион сўм Universalbank томонидан музлатилган.
"Биз бўлиб ўтган воқеаларга жиддий ёндашамиз ва тегишли органлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ушбу воқеани текширмоқдамиз. Содир бўлган нохушлик сабабли, банкимиз Unired иловасидаги барча операцияларни вақтинча тўхтатди. Ушбу қарор мижозларимизнинг маблағларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган эҳтиёт чораси сифатида қабул қилинди. Шунингдек, биз банкнинг антифрод тизими орқали музлатилган маблағларни қайтариш учун барча зарур чораларни кўрмоқдамиз", - дея хабар беради банк матбуот хизмати.
Universalbank банк хизматларининг юқори даражадаги хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлашга содиқлигини таъкидлаб, зарар кўрган мижозлардан Тошкент шаҳар ИИББ киберхавфсизлик бўлимига ёки банкнинг Афросиёб кўчаси, 14 манзилда жойлашган офисига мурожаат қилишларини сўрайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазиятни тўла ўрганиб чиққач, мижозларга пул қайтарилади.
Қўшимча маълумот олишни хоҳловчилар мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматига (+998 (71) 200-11-10) мурожаат қилишлари мумкин.