14:27 / 28.11.2023
59261

Қизамиқ ва грипп нега кўпайяпти? – касаллик белгилари ва ҳимояланиш усуллари ҳақида

Асосан куз-қиш мавсумида тарқаладиган қизамиқ ва грипп юқумли касалликлари бу мавсумда ҳам кўпайган. Ўзбекистонда қизамиқ ва грипп билан боғлиқ эпидемиологик вазият, касалликлар белгилари ва улардан ҳимояланиш йўллари қандай? Kun.uz шу каби муҳим саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутахассисларидан жавоб олди.

Фото: AP

Қизамиқ кўпайгани ҳақида хабарлар тарқаляпти, бу хабарлар қанчалик асосли?

– Қизамиқ мавсумий касаллик бўлиб, ушбу касаллик асосан куз-қиш мавсумларида рўйхатга олинади. Бугунги кунда қўшни давлатларда қизамиқ касаллиги кўпаймоқда ва четга бориб келаётган қизамиққа қарши эмланмаган аҳоли, болалар орасида қизамиқ билан касалланиш рўйхатга олиняпти.

Қандай ҳимоялаш мумкин?

– Қизамиқдан ҳимояланишнинг ягона усули – эмлаш. Миллий эмлаш календари асосида ҳар бир ота-она яшаш манзилидаги поликлиникага мурожаат этиб, фарзандини 1 ёшда ва 6 ёшда қизамиққа қарши эмлатиши керак. Касаллик белгилари пайдо бўлиши билан шифокорга ёки тез ёрдамга мурожаат этиш лозим. Беморни алоҳидалаш зарур. Шифокор тавсияси асосида керакли даволаш олиб борилади.

Қизамиқ асосан қайси ёш гуруҳларида учрайди, белгилари қандай намоён бўлади?

– Қизамиқ ҳар хил сабабларга (вақтинча кўчиб кетган, тиббий чеклов берилган, эмлашдан бош тортган) кўра эмланмаган аҳоли ва болаларда учрайди. Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари яллиғланиши, конъюнктивит, терида ўзига хос босқичма-босқич доғли тошмалар тошиши билан кечади.

Грипп қандай касаллик ва у қандай йўллар билан юқади?

– Грипп бу – ўткир юқумли касаллик бўлиб, зарарлаш ва оғир интоксикация билан кечади. Грипп асосан ҳаво-томчи механизми билан тарқаладиган касаллик. У соғлом кишиларга касаллик ҳаво-томчи йўли билан ўтади. Касаллик атрофдаги соғлом одамларга асосан ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда тез юқади. Ҳавода сақланиб турган грипп вируси соғлом одамни тезроқ хасталайди.

Жорий мавсум юртимизда гриппнинг тарқалиш кўрсаткичи қандай?

– Кўпинча одамлар катта шаҳарларда гриппга дуч келишади. Ҳозирги вақтда грипп бўйича жорий эпидемик вазият сақланиб қолмоқда. 2023 2024-йиллардаги эпидемия мавсумида грипп ва ўткир респиратор инфекциялар бўйича мавсумга хос ҳолат кузатилмоқда.

Кимлар хавф гуруҳига киради?

– Грипп билан касалланиш аҳолининг ҳар хил ёшлари орасида тақсимланишига келсак, асосан ёш болалар касалланади, фақат шуни айтиб ўтиш керакки, А вирусининг янги тури келтириб чиқарган эпидемияда болалар ва катта ёшдагилар касалланади, аммо касалланиш даражаси фарқи камроқ бўлиши мумкин.

Кўпинча қуйидаги аҳоли гуруҳлари зарар кўради:

  • ҳомиладор аёллар;
  • 6 ойдан ошган болалар ва нафас олиш тизими ҳамда юрак-қон томир тизимининг айрим сурункали касалликлари бўлган катталар;
  • 60 ёшдан ошган шахслар;
  • 6 ойдан 59 ойгача бўлган болалар;
  • тиббиёт ходимлари;
  • меҳрибонлик уйлари, қариялар ва ногиронлар учун “Саховат” интернат уйлари, “Мурувват” ногирон ва ногирон болалар интернат уйлари, болалар майдончалари, болалар уйларида, шунингдек, болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаб, мактаб-интернатлар) яшовчи шахслар; жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсони бўлганлар.

– Грипп хасталиги катталарда қандай белгилар билан намоён бўлади?

– Грипп нафас йўлларининг яллиғланиши билан бошланиб, кейинчалик беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилиши, бош ва томоқ оғриши, бурун битиши, бурундан суюқлик ажралиши, йўтал, мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, иштаҳанинг бузилиши, баъзи ҳолларда қусиш ҳолатлари кузатилади.

Аксар беморлар бу касалликни кўпинча оёқда ўтказиб юборади. Бу қанчалик тўғри?

– Касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлганда, кўп беморлар тиббий ёрдамга мурожаат қилмайди. Бундай беморларда, айниқса, юрак-қон томир тизимидан кўпинча асоратлар мавжуд. Касаллик янада оғирлашади. Беморлар узоқроқ муддат даволанишига тўғри келади.

Top