Жамият | 12:39 / 23.02.2024
11300
2 дақиқада ўқилади

Санэпидқўмита грипп ва ЎРВИдан ҳимояланиш чораларини эслатди

Ташкилотлар ва таълим муассасаларида грипп ва ЎРВИдан ҳимояланиш мақсадида хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб туриш, ҳар куни хоналарни тозалаш, хоналарнинг иссиқлик ҳарорати 22 градус даражадан паст бўлмаслиги тавсия этилади. 

Фото: Getty Images

Санэпидқўмита ташкилотлар ва таълим муассасаларида грипп ва ЎРВИдан ҳимояланиш учун қандай чоралар кўриш кераклигини эслатди

– гриппга қарши эмланиш;

– мавсумга хос кийиниш;

– ўз вақтида овқатланиш;

– хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб туриш ва кунда намли тозалов ишларини ўтказиш;

– ишлаб чиқариш корхоналари, даволаш профилактика ва ўқув муассасалари, болалар ва қариялар уйлари, ташкилот ва идораларда ҳамда турар жой биноларида иссиқлик режимига риоя қилиш, барча хоналарнинг иссиқлик ҳарорати 22 градус даражадан паст бўлмаслиги;

– грипп ва ўткир респиратор касалликларига хос бўлган симптомлар аниқланган шахслар билан масофа сақлаш;

– мактабгача тарбия муассасаларида ҳар куни болаларни камида 2 маротаба тоза ҳавога сайрга чиқариш;

– уюшган жамоаларда концерт заллари, кинотеатр, ўқув ва иш жойларида кунига вақти билан 3-4 маротаба шамоллатиб туриш.

Маълумот учун, грипп – юқумли респиратор касаллик, қўзғатувчиси – грипп вируси. Қишда ва эрта баҳорда кўп кузатилади. Унда бир неча кун давом этувчи юқори иситма, тананинг қақшаб оғриши, яққол намоён бўлувчи ҳолсизлик кузатилади.

ЎРВИ эса ўткир респиратор вирусли инфекциялар гуруҳи. Бу гуруҳга респиратор-синситиал инфекция, риновирус, аденовирус ва юқори нафас йўлларининг бошқа инфекциялари киради. Бурун битиши, томоқдаги оғриқ ва йўтал, аксириш ЎРВИ белгилари ҳисобланади. Ҳар 2 касаллик ҳам ҳаво-томчи йўли орқали ва бемор билан контактга киришганда юқади. Икковининг белгилари жуда ўхшаш, аммо грипп хавфлироқ.

Мавзуга оид