Ўзбекистон | 09:43 / 30.11.2023
8817
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан БААга боради

Шавкат Мирзиёев 30 ноябр — 2 декабр кунлари БМТнинг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференциясида иштирок этиш учун Дубайда бўлади. Давлат раҳбари ялпи сессияда нутқ сўзлаши ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 30 ноябр — 2 декабр кунлари БМТнинг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференциясида иштирок этиш учун Дубай шаҳрида бўлади.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, иқлим бўйича глобал саммитда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларининг давлат ва ҳукуматлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари қатнашади.

Тадбир кун тартибидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси асосий қоидаларини амалга ошириш, бугунги экологик таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, «яшил» тараққиёт мақсад ва вазифаларини илгари суришда кенг ҳамкорлик масалалари ўрин олган.

Шавкат Мирзиёев саммитнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлаши ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон БМТнинг Ҳадли конвенциясига 1993 йилда қўшилган, 2018 йилда Париж битими иштирокчиси бўлган.

Мавзуга оид