Иқтисодиёт | 18:33 / 13.12.2023
15967
5 дақиқада ўқилади

Президент ҳузуридаги кенгаш маркировкалаш бўйича жаримани камайтиришни сўрамоқда

Фискал белгиларни акс эттириш ва маркировкалаш қоидаларини бузган тадбиркорлар охирги чоракдаги соф тушуми миқдорида жаримага тортилмоқда. Бу жазони енгиллаштириш бўйича топшириқ ижросидан эса дарак бўлмаяпти. Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши бу масалада давлат раҳбари ва ҳукуматга мурожаат қилишга қарор қилди.

Жамоатчилик кенгаши йиғилиши / Фото: Савдо-саноат палатаси

12 декабр куни Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Савдо-саноат палатаси ва Жамоатчилик кенгаши раиси Даврон Ваҳобов олиб борди. Унда кенгаш аъзолари, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича палата билан ҳамкорликда ишлайдиган вазирлик, идора ва ташкилотлар расмийлари иштирок этди.

“Ўтказилган йиғилишда кўплаб тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини инобатга олган ҳолда Солиқ кодексининг 227-1-моддасида назарда тутилган жазо чораларини енгиллаштириш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари батафсил муҳокама қилинди ва якуний хулоса Президент администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгилаб олинди”, – дейилади Савдо-саноат палатаси хабарида.

Солиқ кодексининг 227-1-моддаси нима ҳақда?

Бу моддада солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялаш ва маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Унда шундай дейилади:

“Фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш —

реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”.

Топшириқ ижроси кечикяптими?

Тадбиркорлар бу қоидабузарлик учун белгиланган жарима ҳаддан ташқари юқори эканидан шикоят қилмоқда. Улар бу борада давлат раҳбарининг 2023 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида президентга ҳам мурожаат қилган эди.

Мурожаат инобатга олиниб, бу масала очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан сентябр ойида имзоланган президент қарорига ҳам киритилган эди.

Қарор билан тасдиқланган йўл харитасининг 27-бандига кўра, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар миқдорини ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган зарар миқдорига мутаносиб равишда белгилаш бўйича қонун лойиҳаси 2023 йил ноябр ойигача ишлаб чиқилиши керак эди.

Топшириқ ижросига масъуллар сифатида Солиқ қўмитаси раиси Қудбиев, адлия вазири Тошқулов, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ҳайдаров, Бизнес-омбудсман Қосимов ва Савдо-саноат палатаси раиси Ваҳобод кўрсатилган.

Айни пайтгача қонун лойиҳаси тайёр бўлгани ёки йўқлиги, парламентга қачон киритилиши борасида расмий хабарлар бўлмади.

“Жарималар миқдори триллион сўмдан ошган”

Иқтисодчи Отабек Бакиров сўнгги кунларда тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланган жарималар миқдори жами триллион сўмдан ошиб кетгани ҳақида ёзди.

“Мамлакатда 42 фоизлик яширин иқтисодиёт мавжуд бўлган шароитда жазо ва жарима чоралари албатта ишлаши муҳим. Лекин, қоидаларни бузиш учун Солиқ кодексининг 227-1-моддасида кўрсатилганидек, “реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима” миқдори ҳеч қайси ақлга сиғмайди. Айтишларича, охирги кунларда бизнесга қўлланилган жарималарнинг умумий ҳажми триллион сўмдан ошган. Бу қоида сўзсиз ўзгартирилиши, қайта кўриб чиқилиши керак”, – деди Бакиров.

Иқтисодчи 12 декабр ССПда бўлиб ўтган президент ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши йиғилишида янграган айрим фикрларни келтириб ўтган:

  • “Солиқчиларнинг ўзи: ‘Бўлди ўзларингни банкрот деб эълон қилаверинглар’ дейишмоқда”.
  • “Битта маркировкаланмаган товар учун 100 млрд сўм жарима қўлланилмоқда”.
  • “Маркировкалаш қоидаси сотувчига эмас, қонунда ёзилганидек ишлаб чиқарувчи ва импортчига қўлланилиши зарур”.
  • “Миллий ахборот тизимига уланмаслик учун жазо аналоги бўйича касса аппарати ишлатилмагани учун жазога тенглаштирилиши керак”.

“Тушунишимча, бизнес репрессив қоидаларни юмшатиш учун компромиссларга тайёр. Лекин қарор қабул қилувчилар бунга розими?

Шахсан мен, аввал кодекснинг 227-1 моддаси бўйича иш кўриш тўхтатиб турилишини, шундан кейингина бизнес ва давлат ўртасида тенг мулоқот асосида янги қоидаларни яратиш тарафдориман. Зероки, бузуқ қонунни тузатиб бўлмайди”, – дея таъкидлади Отабек Бакиров.

Мавзуга оид