5 июн куни Тошкентда Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала ва бошқа халқаро ташкилотлар расмийлари иштирокида “Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва ЖСТга аъзо бўлиш жараёни” мавзусидаги конференция бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбири конференция доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев билан суҳбатлашиб, ЖСТга аъзолик ўзбекистонликларга нима бериши, қайси қонун ҳужжатлари ташкилот талабларига мослаштирилгани ҳақида сўради.
“Тенг қоидалар асосидаги ўйинда ютганлар ютқизганлардан кўп бўлади”
— ЖСТга қўшилиш орқали энди маҳаллий қонунчилигимиздаги стандартлар, тарифлар, ҳаммаси халқаро стандартларга мослашиши ҳисобига бу маҳаллий тадбиркорларга янги бозорларга кириш имкониятини очади. Тўғри, уларнинг бозори очилиши билан бирга, бизнинг бозорлар ҳам хорижий инвесторлар, тадбиркорларга очилади. Бу қайсидир нуқталарда рақобатнинг кучайишига сабаб бўлади, бу эса маълум бир маҳаллий тадбиркорларга қийинчилик туғдириши ҳам мумкин. Бу – глобал савдода асосий элемент, унда ютадиган ва ютқизадиганлар бўлади. Бир нарсани унутмаслик керакки, тенг қоидалар асосидаги ўйинда ютганлар ютқизганлардан кўп бўлади.
Эътибор берган бўлсангиз, [Тошкентдаги конференцияда] ЖСТ директори бундан буён Ўзбекистон қўшиладими эмас, қачон қўшилади деган саволни ўртага ташлаш керак, деди. Гап муддатда. Биз техник музокараларни тезлаштириб, белгиланган дедлайн – 2026 йилгача қўшилиш мақсадимизга эришсак, бу кўп жиҳатлардан аҳоли учун танлов имкониятини яратади.
Қолаверса, бизнинг бош мақсадимиз бўлган аҳолининг турмуш тарзини яхшилашда муҳим инструмент бўлиб хизмат қилади. Чунки ЖСТга қўшилиш охирги мақсад бўлмаслиги керак, бу фақат инструмент, яъни ҳамма нарса савдо тўсиқларини олиб ташлаш, бизнес учун яхши шароитларни яратиш воситаларини ўзимиз учун ўзимиз қилишимиз керак. ЖСТ мана шу реформаларимизни тезлаштиришга, аъзолар билан савдомизни осонлаштиришга хизмат қиладиган платформа бўлади.
“Инвестиция тўғрисидаги қонунларни бирлаштириб, кодекс сифатида қабул қилишимиз керак”
— 2020 йилда музокаралар қайта бошланганидан бери музокараларда ҳукумат томонидан қайси қонун ҳужжатларини ўзгартиришимиз кераклиги ҳақида режа тақдим этилган. Шу режа асосида 8 та қонунни тўлиқ шаклда қайта кўриб чиқиш белгиланган. Масалан, стандартлаштириш тўғрисида, техник регламент тўғрисидаги, рақобат тўғрисидаги қонунларимиз қайтадан қабул қилинди. Ундан ташқари, жуда кўп қонунларга кичик-кичик ўзгартиришлар киритилди. Мисол учун, интеллектуал мулк ҳимояси тўғрисидаги қонун, реклама тўғрисидаги қонун ва жуда кўплаб қонунларга ЖСТ талабларига мослаштириш бўйича ўзгартиришлар киритилди.







