Жаҳон | 18:13 / 16.12.2023
10669
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон мустақиллигининг 32 йиллигини нишонлади

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ватандошларини Мустақиллик куни билан табриклади.

Фото: Казинформ

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ватандошларини 16 декабрда  нишонланадиган Мустақиллик куни билан табриклади.

«Мустақиллик куни Қозоғистоннинг янги тарихий шароитларда эркинлиги ва мустақил тараққиётини ифодалайди. Ушбу муҳим кунда биз аждодларимизнинг суверен давлат ҳақидаги орзусини рўёбга чиқаришда беқиёс рол ўйнаган халқ қаҳрамонларига ҳурмат бажо келтирамиз. Мустақиллик юртимиз олдида янги уфқлар очди. Айнан мустақиллик эълон қилингандан сўнг Қозоғистонни халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айлантириб, дипломатик тан олиш жараёни бошланди. Мустақиллик ҳамма нарсадан устун! Ўтмиш ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиз – халқ фаровонлиги замирида ётган энг улуғ қадрият сифатида муқаддас мустақилликни асраб-авайлаш ва бор кучимиз билан ҳимоя қилишдир», дейилади табрик сўзида.

Республика мустақиллиги куни муносабати билан Қозоғистон президенти номига хорижий давлатлар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик мактублари ва телеграммалар келди.

«Ўтган давр мобайнида дўст Қозоғистон Республикаси турли соҳаларда улкан ўзгаришлар ва туб ислоҳотларни бошидан кечирганини, мамлакатнинг халқаро майдондаги ҳурмати ва нуфузи тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиман», дейилади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табригида.

1991 йил 16 декабрда Қозоғистон Олий Кенгаши сессияси мажлисида «Қозоғистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Шу куни қонунни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев имзолади.

Мустақиллик байрами муносабати билан мамлакат бўйлаб турли байрам тадбирлар ташкил этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид