Ўзбекистон | 12:18 / 21.12.2023
34017
2 дақиқада ўқилади

Kimyo университети ректори Жанполат Кудайбергенов вафот этди

Ўзбекистондаги биринчи хусусий олий ўқув юрти бўлган Тошкент Kimyo халқаро университети ректори Жанполат Кудайбергенов 45 ёшида вафот этди.

KIUT Тошкент халқаро университети (Тошкент шаҳридаги собиқ Ёджу техника институти) ректори Жанполат Шамуратович Кудайбергенов 46 ёшида вафот этди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берган.

«Ўзбекистон илм-фан жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Тошкент Кимё халқаро университети ректори, иқтисодиёт фанлар номзоди, профессор Кудайбергенов Жанполат Шамуратович 2023 йил 21 декабр куни 45 ёшида вафот этди.

Жанполат Шамуратович меҳрибон устоз ва жонкуяр раҳбар, янгиликларга интилувчан инсон сифатида катта бир жамоани бошқарди. Унинг раҳбарлигида минглаб талабалар билим олди, шогирдлар етишиб чиқди, илмий изланишлар олиб борилди. Профессор Кудайбергенов Жанполат Шамуратовичнинг мамлакатимиз илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини инобатга олиниб, унинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланган. Ҳаётдан бевақт кетганига қарамай, Жанполат Шамуратовичнинг ўз ишига виждонан ёндашиши, хизматга содиқлиги, камтарлиги ва жамоавийлик руҳи келажак авлодларни илҳомлантиришда давом этади. 

Меҳрибон устоз, камтарин инсон Жанполат Шамуратовичнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», дейилади таъзияномада.

Жанпулат Кудайбергенов 1978 йил 10 мартда Нукус шаҳрида туғилган. 2000 йилда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини, 2001 йилда «Умид» президент жамғармаси орқали Бирмингҳэм университети (Буюк Британия)ни тамомлаган.

2010–2014 йилларда Тошкент молия институти «Ҳисоб ва аудит» факультети декани лавозимида ишлаган. 2014–2017 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида фаолият олиб борган.

2018 йилдан Ёджу техника институтининг ўқув ишлари бўйича проректори бўлган. 2019 йилдан Ўзбекистондаги биринчи хусусий олий ўқув юрти ректори лавозимида ишлаб келаётганди. 

У сўнгги вақтларда саломатлигини тиклаш учун даволанаётган бўлган.