Ўзбекистон | 13:09 / 27.12.2023
10306
6 дақиқада ўқилади

Коррупция: у билан курашиш қачон самарали бўлади?

Бугунги дунёда сиёсий тафаккур жуда ривожланган. Ҳар бир аҳамиятли, катта ҳодисани англаш даражаси жуда юқори. Жумладан, таҳдидларни англаш ва уларнинг реал ёки потенциал зарарларини чамалаш тизимли йўлга қўйилган. Дунё экспертларининг фикрига кўра, инсоният тарақиётига энг катта зарар етказаётган омиллардан бири – бу коррупция.

Коррупция – бу шунчаки кимларнингдир ноқонуний олди-берди қилиши эмас. Коррупциянинг ўз фалсафаси бор. Ҳар қандай кишилик жамиятида, инсонлар ўртасида турфа хилдаги рақобатлар бўлади. Коррупция – нохолис, осон, тез ва малакасизлик билан рақобатда ютиш демакдир. Коррупциянинг энг катта таҳдиди – жамиятда интеллект ва малака эмас, аксинча, малакасизлик ва билимсизлик ғалабасидир.

Коррупция – бу нафақат давлат ва жамият ўртасидаги муносабат, балки ҳар бир инсоннинг турли ҳолатлари ўртасидаги зиддият ёки курашдир. Мисол учун, бир талабанинг икки ҳолатдаги келажагини тасаввур қилиб кўрайлик. Биринчи ҳолатда, у коррупциялашган тизимдаги олий ўқув юртини тамомлади, иккинчи ҳолатда эса коррупциядан холи бошқа ўқув юртини битирди. Битта мутахассиснинг икки ҳолатдаги билим ва малакаси ўртасида албатта фарқ бўлади. Ва тизим қанчалик коррупциялашган бўлса, фарқ шунчалик катта бўлад.

Коррупциялашган тизимдаги дипломли мутахассис – у қанчалик яхши одам бўлмасин, унинг билимлари ва малакасида катта нуқсонлар бўлади. Чунки уни ўқитган устозлар ҳам юқори малакали бўлмаган ва қоидага кўра бўлиши ҳам мумкин эмас. Қолаверса, тизим талаба ва устозларни максимал интеллект олди-бердисига мажбурламайди, олий ўқув юртлари ўртасида жиддий интеллектуал рақобат бўлмайди, талаба ва ўқув муассасаси ўртасида коррупция бўлар экан – талаба ўқиш ва иш топиш учун интеллект йиғишни эмас, пул бериш ва олишни устувор вазифа деб билади.

Ҳар қандай давлатда маълум даражада коррупция билан курашиш бўлади. ҳаттоки, коррупциялашган авторитар ва тоталитар давлатларда ҳам. Чунки марказий ҳокимият ва давлатнинг устувор манфаатларини ҳимоя қилиш учун коррупция билан курашиш керак. Коррупция – давлатни емирувчи, ўрнатилган қонун-қоидаларни секинлик билан издан чиқарувчи энг зарарли ҳодисадир.

Мисол учун, йўл қоидаси – инсонларнинг ҳаётий хавфсизлиги билан боғлиқ масала. Агар йўл қоидаларини ўрнатиш ва сақлашда коррупция урфга кирса, инсонлар ўлими ва жароҳатланиши одатий ҳолга айланиб қолади. Чунки коррупциялашган тизимда, бир томондан қоидалар ва жарималар адолатли эмас, пул йиғиш мақсадида ўрнатилса, бошқа томондан, жамиятдаги қудратли шахслар бу тизимни четлаб ўтиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистонда 2016 йилда ҳокимият ўзгаргач, давлатнинг табиати ҳам ўзгарди. Унга қадар Ўзбекистонда қаттиқ авторитаризм руҳияти ҳукмрон эди. Ижтимоий фикр катта ҳажмдаги қўрқув билан муттасил тўйинтириб бориларди. Бугун Ўзбекистонда сўз эркинлигининг зарурати, ҳуқуқий давлатчилик, реал иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни англаш ва амалга оширишга интилиш кузатилмоқда. Ижтимоий фикрда нисбий илиқ сиёсий муҳит ўрнатилган. Танқидий фикрлаш секинлик билан бўлса-да, ривожланиб бормоқда.

Янги сиёсий муҳит – янги сиёсий маданият деганидир. Нисбий илиқлик, давлат бошқарув тизимида, сиёсий элитада, жамиятда олдинги даврда ўрнатилган “ўйин қоидалари”ни қанчалик ва қай томонга ўзгарди деган саволни қўяди. Биринчи маъмурият даврида, коррупцияга қарши кураш ҳам репрессив усулларда, ўта марказлашган ва сиёсий мотивлашган ҳолда кечди. Бошқарув формуласидан репрессив элементлар аҳамиятининг туширилиши эса “коррупция билан кураш қай усулларда бўлади” деган масалани долзарблаштирган эди. Яъни иккинчи маъмурият олдида янги бошқарув формуласининг элементларини шакллантириш вазифаси турарди. Жумладан, коррупция таҳдидини аниқлаш ва у билан курашиш усуллари борасида. Бир томондан, ижтимоий тафаккурни қўрқитмаслик, иккинчи томондан, совуққонлик ва изчиллик билан коррупцияга қарши курашиш.

Transparency International халқаро ташкилотининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистон коррупциялашув даражаси индексида 2016 йилда 156-ўринда бўлган бўлса, 2022 йилга келиб 126-ўринга кўтарилди. Яъни 30 балга яхшиланди. Лекин 126-ўрин ҳам “давлатда ва жамиятда коррупциянинг миқдори юқори” деган маънони беради. Ушбу ташкилот, коррупция, монополиялар ва бошқа иллатлар билан курашиш учун фуқаролик жамиятини ривожлантиришни муттасил маслаҳат бериб келади.

19 декабр куни Қатар давлати ва БМТ томонидан таъсис этилган, дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашдаги фаолларнинг хизматларини эътироф этиб келадиган мукофотни топшириш маросими Ўзбекистонда бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашишга қаратилган нутқ билан сўзга чиқиб, “демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган Ўзбекистонда, коррупцияга қарши курашиш борасида катта режа ва вазифаларни ўз олдимизга қўйганмиз” деди.

Коррупцияга қарши курашиш ва демократик ислоҳотларнинг ўзаро боғлиқлиги – муҳим урғу. Чунки дунё тажрибасида, коррупцияга қарши икки концептуал кураш усули бор. Бири авторитар-репрессив усуллар билан курашиш. Бунда коррупция марказий бошқарувда сақланиб қолаверади. Ва, иккинчиси – ҳуқуқий-демократик бошқарув усули бўлиб, бунда коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти, мустақил ОАВ, эркин сайловлар ва сиёсий плюрализм – энг самарали воситалар ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид