11:00 / 01.01.2024
15755

3 та ёмон, 3 та яхши ўзгариш – 2023 йилда иқлим ўзгариши нималарни бошдан кечирди?

Фото: AP

Иқлим ўзгариши келтираётган йирик муаммолар билан бирга яхшиларини ҳам санаш мумкин.

Кўпчилик кутганидай тезлик билан бўлмаса ҳам, қазиб олинадиган энергиядан воз кечилиб, қайта тикланувчи энергияга ўтиш давом этяпти. Ҳайвонот ва наботот дунёсида баъзи турлар йўқолиб кетгани эълон қилинган бўлса, янги турлар ҳам кашф этилди. Олдин йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган баъзи турлар кўпайиб бораётгани ҳам аниқланди.

Энг иссиқ йил

Халқаро метереология ташкилоти маълумотига кўра, 2023 йил инсоният тарихидаги энг иссиқ йил сифатида рекорд ўрнатиши кутиляпти. Бу йил ўртача ҳарорат саноат инқилоби давридан олдинги пайт билан солиштирганда 2,5 даража иссиқроқ бўлди. Июл, август, сентябр ва октябр рекорд даражадаги иссиқ ойлар сифатида қайд этилди. 4 июл эса ўтган 125 минг йил ичидаги энг иссиқ кун бўлди.

Ҳарорат ошишининг асосий омили бўлган қазиб олинувчи ёқилғиларнинг атмосферага чиқарадиган углерод ташламалари ҳам 2022 йилдан бери 1,1 фоизга ўсди.

Иссиқ ҳароратга шимолий яримшардаги Эл-Нино ҳодисаси ҳам сабабчи бўлди. Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмида сув юзасининг иссиқ ёки ўртачадан баланд ҳароратда бўлиши Эл-Нино ҳодисаси деб номланади. Халқаро Метереология Ташкилотига кўра, Эл-Нино сабаб 2024 йилда ҳарорат бундан ҳам кўпроқ исиши мумкин.

Ўрмон ёнғинлари

Бу йил содир бўлган ўрмон ёнғинлари Канада осмонини бутунлай, АҚШ осмонининг ҳам катта қисмини тутунга тўлдирди. Йил давомида Ер юзида рекорд даражада катта майдон — 18,5 млн гектар ер ёниб кетди. Бу майдон аввалги рекордга қараганда 3 баравар, Португалия давлати ҳудудидан эса 2 баравар катта.

Ўрмон ёнғинлари сабаб ҳам атмосферага углерод ташламалари чиқарилади. Бу ташламалар ҳарорат исиб бораверишига сабаб бўлади.

Эриб бораётган музликлар

Ер шарининг энг шимолий нуқталари бўлган Арктика ва Антарктидада ҳарорат сайёранинг бошқа қисмларига қараганда 4 баробар тезроқ исияпти. Охирги маълумотга кўра, 2023 йил Арктика учун энг иссиқ йил бўлган.

Антарктида денгиз музининг олдин ҳам ҳар йили ёзда маълум қисми эриган, бироқ музлик тагидаги океан ҳарорати кўтарилиб боргани билан барқарорлик сақлаб қолинган. Лекин ўшанда ҳам олимлар қачондир денгиз музлари чекинадиган вақт келишини прогноз қилишганди. Ўша вақт ҳозирга тўғри келмоқда. Антарктида музлиги майдонининг кичрайиб бориши унда яшовчи жонзотлар, жумладан, пингвинларнинг кейинги ҳаётига ҳам хавф туғдиряпти.

Ерда ҳарорат барқарор бўлишини таъминлашда музликларнинг ўрни катта. Улар қуёшдан келаётган нурни қайтариб, ерни салқинлатиб туради. Агар ер шари музликларидан ажралса ва эриган сувлар океанларга қуйилса, денгиз сатҳи кескин ошади.

Қайта тикланувчи энергия ҳажми ошяпти

Шунча йирик муаммодан кейин умидбахш ҳолатларга ўтамиз.

Ой бошида Дубайда бўлиб ўтган COP28 иқлим конференцияси 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия ҳажмини 3 баробарга ошириш ваъдаси билан якунланди.

Бу ваъда соҳага катта инвестиция киритиш кераклигини англатади. Лекин бунча сармоя киритиш имкони борлиги ҳам исботини топяпти.

2023 йилда қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш бўйича рекорд натижалар қайд этилган. Йил бошидаги ҳисоботларга кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида сарф қилинган глобал электр энергияси ҳажмининг 14,3 фоизи қуёш ва шамолдан олинган энергия ҳисобидан қопланган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 12,8 фоиз бўлган.

Электрокарларга қизиқиш ошяпти

Тоза электр энергияси инқилоби шахсий автомобиллар саноатига ҳам таъсир кўрсатяпти. Гарчи савдоси автомобил ишлаб чиқарувчилар ва ҳукуматлар кутганидан камроқ бўлса ҳам, АҚШда ва бошқа давлатларда кўчаларда ҳаракатланаётган электрокарлар сезиларли кўпайган.

Глобал миқёсда электромашиналар савдоси 20 фоизга, АҚШ ва Канадада савдо 43 фоизга, Хитойда эса 25 фоизга ўсган.

2040 йилга бориб глобал миқёсда сотиладиган барча автомашиналарнинг 75 фоизини электрокарлар ташкил этиши прогноз қилиняпти.

Янги турлар пайдо бўляпти

Табиатдаги яна бир умидли янгилик янги турларнинг пайдо бўлишидир. Май ойида 71 минг ҳайвон турларини ўрганиш натижасига кўра, уларнинг 48 фоизи камайиб бораётгани, 49 фоизи барқарорлиги, атиги 3 фоизи олдингига қараганда кўпайгани аниқланди. Ва тадқиқот хулосасига кўра, ҳайвонларнинг учдан бир қисмининг йўқ бўлиб кетишига узоқ муддатда ҳеч бир хавф йўқ.

Яна илгари йўқ бўлиб кетган деб ҳисобланган баъзи турлар 2023 йилги ўрганишлар давомида қайта аниқланган. Масалан, 1937 йилда охирги марта кўриниш берган “golden mole” ҳайвонот туриб шунча йилдан кейин яна пайдо бўлгани аниқланди.

Top