Жаҳон | 16:02 / 11.01.2024
5015
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг Харкивдаги меҳмонхонага зарбаси оқибатида турк журналистлари жароҳат олди

10 январ куни кечқурун Россия қўшинлари Харкивга яна ҳужум қилди. Ракеталардан бири меҳмонхонага келиб тушган. Бир кишининг аҳволи оғир, яна 10 нафарининг аҳволи ўртача ёки енгил даража. Яраланганлар орасида турк нашри журналистлари ҳам бор. 

Фото: Sofiia Gatilova/REUTERS

Россия 10 январ, чоршанба куни кечқурун Харкивга ҳужум қилди ва битта ракета шаҳарнинг Киев туманидаги меҳмонхонага келиб тушди, деб хабар берди Telegram’да Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумда С-300 ракеталари ишлатилган. «Отишма натижасида меҳмонхона мажмуаси биноси зарар кўрди, у ерда зарба вақтида 30 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари бўлган. Шунингдек, бир нечта автомобил ёниб кетган», - дея қўшимча қилди у. Синегубовнинг сўзларига кўра, жабрланганлар 11 нафари экани маълум, улардан 9 нафари тиббий муассасаларга етказилган. Улардан бири, 35 ёшли эркакнинг аҳволи оғир.

Шаҳар мэри Игор Тереховнинг айтишича, Харкив марказига иккита ракета қулаган. «У ерда ҳарбийлар йўқ эди. Аммо 30 нафар тинч аҳоли вакиллари бўлган», - дея тасдиқлади Харкив мэри. Меҳмонхонадан ташқари турар жой бинолари - коммунал ва хусусий иншоотлар, шунингдек, автосалон ва ишлаб чиқариш корхонаси зарар кўрган, дея қўшимча қилди Терехов.

Туркия ОАВ журналистлари жароҳатланди 

Харкив вилояти прокуратураси раҳбари Александр Филчаковнинг айтишича, ракеталар Россия Федерациясининг Белгород вилоятидан учирилган. Унинг маълумотларига кўра, яраланганлар орасида - Туркия ва Гуржистон фуқаролари бор, уларнинг ҳар иккиси - турк ОАВ вакиллари, аммо айнан қайси нашр экани аниқлаштирилмаган. «Тинч аҳолига қарши яна бир террорчилик ҳаракати», дейилади хабарда. 

Харкивда аввал ҳам журналистлар отишма остида қолган

30 декабр куни Германиянинг ZDF телеканали журналистлари Харкивни рус қўшинлари томонидан ўққа тутилиши чоғида яраланган эди. Тасвирга олиш гуруҳи шаҳар марказидаги Kharkiv Palace меҳмонхонасида бўлганида, у Россия ҳужумига учраган. Барча журналистлар тирик қолди. Суратга олиш гуруҳи билан ишлаган украиналик таржимон жиддий жароҳатлар олди – қовурғаси ва учта умуртқа суяги синган. Бу ҳақда 31 декабр куни ZDF суратга олиш гуруҳи аъзоларидан бири - мухбир Алиса Юнг маълум қилди.

Меҳмонхона маъмуриятининг унга айтишича, меҳмонхонада ижарага берилган 15 та хонадан 10 тасида журналистлар бўлган. 

Германия журналистлари уюшмаси ва ZDF телеканали раҳбарияти Харкив меҳмонхонасига уюштирилган ҳужум ҳамда журналистлар жароҳатланганини кескин қоралади. «Бу Россиянинг эркин матбуотга навбатдаги ҳужуми», деди телеканал бош муҳаррири Беттина Шаустен ва ZDF Украина тинч аҳолисига қарши урушни ёритишда давом этишини билдирди. 

Мавзуга оид