09:59 / 19.01.2024
3025

Брюссел Душанбени журналистларга босим ўтказишни тўхтатишга чақирди

Тожикистонда мустақил журналистлар таъқибларга учрамоқда. Европарламент Тожикистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятдан хавотирда ва Европа комиссиясига тожик оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини эслатди.

Фото: DELFI / ANDRIUS UFARTAS

Европарламент расмий Душанбе мустақил матбуот, ҳуқуқ фаоллари ва ҳукумат танқидчиларига нисбатан қўллаётган ҳаракатларни кескин қоралайди. Шунингдек, Европа Иттифоқини бу давлат билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар чоғида Тожикистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олишга чақиради. Бу ҳақда 18 январ, пайшанба куни Страсбургда қабул қилинган резолюцияда айтилади.

Журналистлар ҳолати

Қарорда айтилишича, бугун Тожикистонда оммавий ахборот воситалари мамлакат мустақилликка эришган 1991 йилдан бери энг оғир аҳволда. Айрим тожик журналистлари 7 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қарор муаллифи бир қатор журналистлар «ижтимоий муаммолар ва инсон ҳуқуқлари бузилишини ёритишдаги касбий фаолияти учун» қамалганини ва муҳим мустақил ахборот воситалари таъқибларга дуч келишини билдирган.

Ҳужжатда қайд этилишича, расмий Душанбе айрим қонунлардан мустақил тожик оммавий ахборот воситалари ходимларини таъқиб қилиш учун асос сифатида фойдаланади. Бу, ўз навбатида, «Россия ташвиқоти ва дезинформациясига, хусусан, Украинага қарши урушни ёритишда ёрдам беради».

ЕИ - Тожикистон ҳамкорлигида ОАВ билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олиш керак

Европарламент Тожикистон ҳукуматини «ҳукумат танқидчиларини ҳимоя қилаётган журналистлар ва адвокатларни таъқиб этишни тўхтатиш»га ва асоссиз ҳибсга олинганларни дарҳол ва сўзсиз озод қилишга, уларга қўйилган барча айбловларни олиб ташлашга чақирди. Резолюцияда расмий Душанбега «ОАВ ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши ҳар қандай демократик жамият асоси экани» эслатилади.

Шу муносабат билан депутатлар Европа Иттифоқи институтларини Тожикистон билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар ва Душанбенинг 6 минг турдаги товарларни Европа Иттифоқига божсиз экспорт қилиш имконини берувчи Умумий имтиёзлар тизимига (GSP+) қўшилиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқишда бу мамлакатда «сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни ҳам эътиборга олишга» чақирди. 

Европа комиссияси ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, ўз навбатида, «Тожикистондаги фуқаролик жамияти, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил оммавий ахборот воситалари ходимларини қўллаб-қувватлашни, жумладан, ҳимояга муҳтожлар учун маблағ ва визалар ажратишни кучайтириши керак», дейилади резолюцияда.

Top