19:07 / 22.01.2024
17336

Термиз, Тошкент ва Жиззах ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар бўлиб турибди

Ўзбекистоннинг 7 та шаҳридa ўтказилган 22 январ ҳаво мониторингига кўра, Урганч шаҳри энг тоза ҳаволи шаҳар деб топилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент, Гулистон, Самарқанд, Нукус, Урганч, Термиз ва Жиззах шаҳарларидаги 22 январ ҳолатига кўра ҳаво сифати таҳлиллари маълум қилинди.

Ўзгидромет маълумотига кўра, шаҳарларда ПМ2,5 заррачалари ва азот диоксиди меъёрдан ошиши кузатилган.

ПМ2.5 ифлослантирувчи заррачалари кўплиги бўйича 1-ўринда Термиз –103 мкг/м3, Тошкент – 76.3 мкг/м3, Жиззах –60.8 мкг/м3, Самарқанд – 29 мкг/м3 ва Урганч – 11.6 мкг/м3 турибди. Шаҳарларда ПМ10 ва бошқа моддалар меъёрдан ошмаган. Фақат Самарқанд шаҳрида азот диоксидининг ошиши – 0,081 мкг/м3 кузатилган.

Маълумот учун, ПМ10 – ҳаво таркибидаги майда қаттиқ зарралар бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти унинг меъёрини 500мкг/м3 деб белгилаган. ПМ2,5 эса энг кичик дисперс зарралар ҳисобланиб, унинг меъёрий кўрсаткичи 1 метр куб ҳаво таркибида 5 мкг/м3 гача деб олинган. Азот диоксиди учун меъёр – 0.06 мкг/м3 деб тан олинган.

Маълумот учун, Ўзгидромет атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини қуйидаги шаҳарларда ўрнатилган автоматик режимда ишловчи станциялар орқали мониторинг қилиб боради:

– Тошкент шаҳридаги 2 та станцияларда (Юнусобод тумани, Бодомзор йўли, 1-тор кўчаси 72, Ўзгидромет; Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳкўчаси, Халқлар дўстлиги майдони);

– Гулистон (Буюк келажак маҳалласи);

– Жиззах (Зилол маҳалласи Авлоний кўчаси, 2-уй);

– Нукус (Олмазор кўчаси, 223-уй);

– Урганч (Ж. Мангуберди кўчаси, 2-уй).

– Самарқанд (Самарқанд ш., Университет хиёбони кўчаси, 17);

– Термиз (Ат-Термизий кўчаси, Санъат саройи).

Top