17:17 / 25.01.2024
12748

Пойтахт атрофида “яшил ҳалқа” ўрнига иссиқхона хўжаликларидан иборат “кулранг ҳалқа” шаклланди — Экология вазирлиги

Тошкент шаҳри атрофида кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналар сабаб “яшил ҳалқа” ўрнига “кулранг ҳалқа” ҳосил бўлган. Бунинг асосий сабаблари сифатида иссиқхона хўжаликлари ва Ангрен ИЭСда кўмирдан фойдаланиш ошгани, иссиқлик билан таъминлаш учун иссиқлик станциялари ва Тошкент ИЭСда мазутнинг кўпроқ ёқилаётгани каби бир нечта омиллар кўрсатилган.

Олдинроқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиш сабаблари ва кўрилиши керак бўлган чоралар ҳақида таҳлилларини эълон қилган эди. Вазирлик шаҳарни ифлослаётган манбалар ҳақида батафсил Gazeta.uz’га маълумот берган.

Тошкент атрофидаги иссиқхоналарнинг жойлашуви.
Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Нашрнинг вазирликка таяниб ёзишича, Тошкент атрофида кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналар сабаб “яшил ҳалқа” ўрнига “кулранг ҳалқа” ҳосил бўлган. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида иқтисодиёт тармоқларининг кўмирга бўлган талаби ортиб бораётгани, хусусан, иссиқхона хўжаликларининг кўмир ёқилғисидан фойдаланишга ўтказилгани кўрсатилган.

Кўмирда ишлайдиган иссиқхоналар ва Ангрен ИЭС

Қайд этилишича, охирги беш йилда иқтисодиётда кўмир истеъмолининг ўсиш суръати 22 фоиздан ошган. Агар 2018 йилда 6,8 миллион тонна истеъмол қилинган бўлса, 2022 йилда 8,3 миллион тоннадан ортган.

“Пойтахт атрофида “яшил ҳалқа” ўрнига ҳақиқатда иссиқхона хўжаликларидан иборат “кулранг ҳалқа” шаклланди ва улар кўмирдан фойдаланишга ўтгандан сўнг атрофдаги ҳудудлар, шу жумладан, пойтахтнинг ҳаво сифатига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатмоқда”, — деган вазирлик.

Вазирлик таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда иссиқхоналар сони 2,5 баробарга етди (Тошкент вилоятида — 2 баробар) ва бу иссиқхоналарнинг 60 фоизи иситиш тизимининг асосий манбаи сифатида кўмирдан фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, 2018 йилдан 2023 йилгача Тошкент вилоятидаги Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида кўмирдан фойдаланиш 2 баробарга ошди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 10 тонна кўмир ёқилганда 220 кг қурум, 360 кг олтингугурт оксиди, 80 кг углерод ва азот оксиди ҳосил бўлади.

Мазутдан фойдаланишнинг ошиши

Аҳолини иссиқлик билан таъминлаш учун иссиқлик станциялари томонидан мазутдан қўшимча ёқилғи сифатида фойдаланиш ифлосланишнинг иккинчи сабаби экани маълум қилинган.

Агар 2018 йилда Тошкент ИЭСда 118,9 минг тонна мазут сарфланган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 270 минг тоннадан ошган (ўсиш 2,3 баробар). Сўнгги беш йилда Ангрен иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланиш қарийб 2 баробар ошган.

Саноат корхоналари

Вазирлик Тошкент шаҳрида саноатнинг ўсиши ва бунинг натижасида ҳар йили атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кўпаяётганини ҳам қайд этган. Агар 2018 йилда Тошкент шаҳрида мамлакат жами саноат маҳсулотининг 18,4 фоизи ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 19,7 фоизга етди.

Автотранспорт воситалари заҳари

Автотранспорт воситалари сонининг кескин ўсиши ифлосланишнинг яна бир асосий сабабидир. 2021 йилда Ўзбекистонда 3,14 миллион автомобил рўйхатга олинган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 32 фоизга ошиб, 4,6 миллионга етди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги Аи-80 бензинидан фойдаланадиган автомобиллар атмосферага карбонат ангидрид ва майда ПМ2,5 зарралари чиқиндиларининг салмоқли қисмини ташкил қилишини қайд этди.

Тошкент бўйлаб ҳар куни ўртача 730 мингга яқин автомобил ҳаракатланади. Бундан ташқари, вилоятлардан пойтахтга кунига 300 мингтагача автомобил кириб келади.

Ноқонуний кесилаётган дарахтлар

Вазирлик маълумотига кўра, 2019 йилда дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинганига қарамай, нисбатан паст жарималар туфайли 2020 йилдан буён 49 мингга яқин дарахт (жумладан, 10,5 минг қимматбаҳо тур) ноқонуний равишда кесилган. Зарар 45 миллиард сўмга баҳоланяпти.

Бош режанинг йўқлиги

Вазирлик атроф-муҳит ифлосланишининг яна бир сабаби Тошкент шаҳрини ривожлантиришнинг тасдиқланган бош режасисиз жадал суръатларда олиб борилаётган қурилишлар эканини айтган.

“Ижтимоий ва давлат аҳамиятига эга бўлмаган янги турар жой мажмуалари ва бошқа объектларни ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатлари кузатилмоқда. Янги биноларга мораторий жорий этиш режалари эълон қилинди, аммо бу ҳали ҳужжатлаштирилмади”, – деган масъуллар.

Сўнгги беш йилда биргина пойтахтда 5400 та объект — турар жой бинолари, савдо, маиший ва ижтимоий соҳа объектлари (ўсиш 33 фоиз) барпо этилди.

Бундан ташқари, вазирлик қўриқланадиган табиий ҳудудларда чорва молларининг назоратсиз ва тизимсиз боқилиши, ер ости сув ресурсларидан асоссиз фойдаланиш ҳолатларини қайд этган.

Вазият иқлим ўзгариши ва экотизимга антропоген таъсир натижасида юзага келган экстремал об-ҳаво ҳодисалари, ерларнинг шўрланиши, қурғоқчилик ва чанг бўронлари туфайли янада оғирлашмоқда”, – дейилган хабарда.

Top