11:17 / 02.02.2024
17514

Тоғ чўққисида эчки боқувчи чўпон

Ёрдонлик Абдуғани Тиллаев тонг саҳарда қишлоқдаги эчкиларни бир жойга йиғиб тоғга олиб чиқиб кетади. 58 ёшли чўпон анча тетик, тик қияликка қийналмай кўтарилади. Қош қорайганда эса печкага ёқиш учун бир қучоқ ўтинни елкасига ортиб тушади.

“Эсинг кирса, эчки боқ, деган нақл бор. Эчки боқиб, тирикчилик қиламиз. Ёзда сутини сотамиз, қатиқ ивитиб, қурут тайёрлаймиз, қишда эса семирганларини сўйиб еймиз.

Тонг саҳардан қош қорайгунгача чўққида бўламан. 150 бош эчки бор. Баҳорда болалаб яна кўпаяди. Қўйга қараганда эчкини боқиш анча осон. Хашакни камроқ ейди.

Ҳаво совиди дегунча чўққида бўрилар пайдо бўлади. Айниқса ҳаво айниганда, туман тушганида бўрилар ҳужумга ўтишади. Кўрмай қолсак, бўрига едириб қўямиз. Шундай воқеалар ҳам бўлади.

Ёшим 58 да. Анча-мунчаси бу тоғга чиқа олмайди. 4-5 км тепаликка кўтарилишга тўғри келади. Ёшлигимиздан шу тоғда юриб ўрганиб қолганмиз. Печкага ёқиш учун тоғдан бир кўтарим ўтин олиб тушаман”, дейди чўпон.

Шомга яқин эчкилар пастликка тушиб, ўз қўраларига тарқалишади. Эртаси куни тонгда Абдуғани чўпон уларни яна бир жойга тўплаб тоғга олиб чиқиб кетади...

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Top