Тошкентда рейд: ноқонуний қурилишлар ва қоидабузарликлар бўйича чоралар кўрилди
13 феврал куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтда мавжуд ноқонуний қурилишлар ҳамда қурилишлар сифати юзасидан рейд тадбирлари ташкил этилди.
Ўрганиш ишлари дастлаб Юнусобод тумани Посира маҳалласи ҳудудида қурилаётган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектидан бошланди.
Маълум бўлишича, M.Xўжаҳмедов томонидан барпо этилаётган савдо-маиший хизмат кўрсатиш биносининг қурилиш-монтаж ишлари Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалигининг ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан рўйхатдан ўтмасдан туриб бошланган.
Инспекция мутахассислари томонидан объект тегишли тартибда рўйхатдан ўтгунга қадар қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиш бўйича ёзма кўрсатма берилган. Шунингдек, МЖтКнинг 99-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштириш ишлари олиб бориляпти.
Кейинги манзил – Юнусобод тумани 9-мавзеда “Zo'rsan Residence Developer” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой объекти бўлди.
Мониторинг тадбирлари давомида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Тоир Алиматов аниқланган бир қанча камчиликларга тўхталиб ўтди:
“1500 хонадондан иборат 16 қаватли турар-жой объектида олиб борилаётган ҳандақ-котлован ишларида техника хавфсизлиги чоралари кўрилмаган. Яъни, ҳандақ атрофи 1.10 метр баланликдаги ҳимоя тўсиқлари билан ўралмаган. Ҳудуд атрофида тозалаш тадбирлари олиб борилмаган. Хавфли ҳудудлар олдида тегишли белгилар ўрнатилмаган”, – дейди у.
Қурилиш-пудрат ташкилоти масъулларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Рейд тадбирлари Чилонзор тумани Чўпонота кўчаси 14-уй манзилида “Leader House Building” МЧЖ томонидан қурилаётган объектни ўрганиш ишлари билан давом этди.
Маълум бўлишича, мавжуд савдо дўкони биносини ертўла қисмида автотураргоҳ ташкил қилиш шарти билан 1-2-қаватлари савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган ўрта қаватли турар-жой биносига қайта ихтисослаштириб, реконструкция қилиш объектининг қурилиш-монтаж ишлари ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан туриб амалга оширилган.
Инспекция томонидан қурилиш ишларига маъсул раҳбар ўринбосарига нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 496-сонли қарори билан белгиланган талаб асосида ёзма кўрсатма расмийлаштирилган ҳамда кўрсатма талабларини ўз вақтида бажармагани учун МЖтКнинг 99-моддаси 7-қисми бўйича 2022 йил 3 ноябрда маъмурий жазо қўлланилган.
Шунга қарамай “Leader House Building” МЧЖ томонидан яна қурилиш ишлари олиб борилаётгани аниқланган ҳамда инспекция томонидан 2023 йилнинг 2 февралида 309-сонли ёзма кўрсатма расмийлаштирилган. Кўрсатма талабларини ўз вақтида бажармагани учун 2023 йил 30 мартда МЧЖ раҳбар ўринбосарига нисбатан МЖтКнинг 99-моддаси 7-қисми бўйича маъмурий жазо қўлланилган.
“Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалигининг ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан қўйилган талабларни бажармасдан ШНҚ (шаҳарсозлари нормалари ва қоидалари) ва ҚМҚ (Қурилиш меъёрлари ва қоидалари) талабларини қўпол равишда бузган ҳолда қурилиш-монтаж ишларини давом эттираётган ушбу МЧЖ маъсул раҳбарларига нисбатан Тошкент туманлараро Иқтисодий судига даъво аризаси киритилган”, – дейди инспекция мутахассиси Шаҳзод Сапарбоев.
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:26 / 08.11.2024