Ўзбекистон | 21:04 / 16.02.2024
20360
2 дақиқада ўқилади

Президент Шерали Жўраев номини абадийлаштириш бўйича ташаббус билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ўзбек қўшиқчилик санъати ривожида ўчмас из қолдирган Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий мукофоти совриндори, машҳур ҳофиз Шерали Жўраев номини барча алоҳида ҳурмат билан эсга олишини таъкидлади.

Давлат раҳбари Андижон шаҳридаги санъат мактабига Шерали Жўраев номини бериш таклифини илгари сурди. 

Бу мактаб Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида замонавий кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Янги ўқув ва турар жой биноси, зарур инфратузилма объектлари барпо этилади, шунингдек, Шерали Жўраев бюсти ўрнатилади.

«Агар умри давомида адолатсизлик бўлмаганда эди, балки ҳозир Шерали Жўраев ёнимизда бўлар эди.

Шерали Жўраев, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиевага ўхшаган инсонларни таърифлашга баҳолар етмайди, ҳақиқатда ҳозир бундай инсонлар етишмайди», деган давлат раҳбари.

Марҳум қўшиқчининг катта ўғли Шоҳжаҳон Жўраев ҳам сўз олиб, отасининг ижоди икки даврга бўлиниши, 90-йиллардан бошлаб 25 йил давомида тақиқда юргани, 2016 йилдан эса иккинчи даври бошлангани ҳақида гапирди.

«Биз ҳар йили мустақиллик байрамини томоша қилиб, отамиз чиқармикин, Ўзбегимни айтармикин, деб дуо қилардик.

Шу кунни сиз отамизга қайтиб бердингиз. Отам қайтиб келиб, ота 40 ёшимни қайтариб бердилар, деганди», дейди у.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид