10:05 / 19.02.2024
3827

«Оппенгеймер» BAFTA киномукофотининг 7 номинациясида ғолиб чиқди

Атом бомбасининг отаси ҳақидаги филм энг яхши филм, Кристофер Нолан энг яхши режиссёр, Киллиан Мерфи эса энг яхши актёр деб топилди. Украиналик ҳужжатли филмлар режиссёри Чернов ҳам Британиянинг BAFTA киномукофотини олди. 

Киллиан Мерфи Фото: Getty images

Триллер элементлари бўлган «Оппенгеймер» биографик филми Британия кино ва телевидение санъати академиясининг (BAFTA) еттита номинациясида ғолиб чиқди. Тақдирлаш маросими 18 феврал, якшанба куни Лондонда бўлиб ўтди

«Оппенгеймер» 2023 йилнинг энг яхши филми деб топилди ва унинг яратувчиси Кристофер Нолан «Энг яхши режиссёр» номинациясида ғолиб чиқди. Атом бомбаси яратувчиси Роберт Оппенгеймер ролини ижро этган ирландиялик Киллиан Мерфи энг яхши актёр деб тан олинди, филмда америкалик бизнесмен Люис Штраусс образини яратган кичик Роберт Дауни эса «Энг яхши иккинчи пландаги актёр» мукофоти билан тақдирланди. Бундан ташқари, Ноланнинг 13 йўналиш бўйича номинацияга киритилган ижоди энг яхши операторлик иши, энг яхши монтаж ва энг яхши филм мусиқаси учун мукофотларга сазовор бўлди. 

«Бечора бахтсизлар» бешта ҳайкалча олди 

Аризона штатидан бўлган Эмма Стоун Йоргос Лантимоснинг «Бечора бахтсизлар» филмидаги роли учун энг яхши актриса деб топилди. Ушбу филм, шунингдек, энг яхши бўяниш ва соч турмаги, энг яхши костюм дизайни, энг яхши визуал эффектлар ва энг яхши рассом иши учун номинацияларда ғолиб чиқди. Стоун аллақачон «Ла-Ла Ленд» мусиқий филми учун ушбу номинацияда мукофотни қўлга киритган. 

Иккинчи пландаги энг яхши аёл роли учун мукофот Александр Пэйннинг «Қолганлар» комедия-драмасида бош ролни ижро этган америкалик Давайн Жой Рэндолфга берилди. Энг яхши оригинал сценарий мукофоти французлар Артур Арари ва Жюстин Триега «Қулаш анатомияси» драмаси учун топширилди. 

Қамал қилинган Мариупол ҳақидаги филм учун мукофот

«Энг яхши ҳужжатли филм» номинациясида ғолиблик «Мариуполда 20 кун» филми учун украиналик Мстислав Черновга насиб этди. Хаяо Миязакининг «Бола ва қуш» тўлиқ метражли картинаси энг яхши анимацион филм деб топилди. 

BAFTA тарихида биринчи марта «Энг яхши Британия филми» ва «Энг яхши инглиз тилида бўлмаган филм» номинациялари ғолиби битта картина – Жонатан Глейзернинг «Қизиқиш зонаси» драмаси бўлди. Шунингдек, у энг яхши овоз учун мукофотни олди. 

Top