Жаҳон | 21:15 / 23.02.2024
22744
8 дақиқада ўқилади

Ҳусийчилардан уч ҳужум, Украинага ҳарбий ёрдам ва Россияга қўшилиш истагидаги Днестрбўйи — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.

Фаластиндаги вазият

Ғазода XXI асрда энг юқори қотиллик даражаси кузатилмоқда. БМТ бош котибининг 2016–2019 йилларда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрдамчиси бўлиб ишлаган Эндрю Гилморнинг айтишича, Ғазода 1994 йилда Руандада кузатилган геноциддан сўнг энг йирик оммавий қирғин даражаси кузатилмоқда.

ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Усома Ҳамданнинг таъкидлашича, «Ал-Ақсо бўрони» операцияси Вашингтон ва Тел-Авивнинг минтақада тартиб ўрнатиш бўйича лойиҳасига чек қўйган.

«Ал-Ақсо бўрони» операциясининг ютуқларидан бири АҚШнинг Яқин Шарқдаги янги лойиҳаси барбод қилингани бўлди», — деган Усома Ҳамдан.

Ғазода Исроил агрессияси қурбонлари 29 минг 410 кишига етди. Ярадорлар сони 69 минг 465 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги бир сутка ичида 9 марта оммавий қирғин уюштирилган. Оқибатда 97 киши ўлган, 132 киши яраланган

Ғазода айни жамда 700 мингдан ортиқ инсон турли юқумли касалликлар ва бошқа дардларга мубтало бўлган.

БМТ ўз ҳисоботида Ғазо секторида фаластинлик аёллар ва қизларнинг Исроил аскарлари томонидан номусига тегилгани фактини тасдиқлади. 

Қизил денгиздаги вазият

Яманнинг шимолий-ғарбий қисмини назорат қилаётган исёнчи «Ансоруллоҳ» ҳаракатига аъзо ҳусийчилар Қизил денгизда Американинг эсминец кемасига пилотсиз парвоз қурилмалари билан ҳужум қилинганини таъкидлади.

Бу ҳақда ҳусийчиларнинг вакили Яҳё Сария телевизион эфирда маълум қилган.

Яманлик исёнчи-ҳусийчилар Адан қўлтиғида Islander тижорат кемасини ҳам нишонга олишган.

Шунингдек, ҳусийчилар Исроил жанубидаги араблар томонидан Умм ар-Рареш деб аталувчи ҳудуддаги объектларга бир қатор қанотли ракеталар ва пилотсиз парвоз қурилмалари воситасида ҳужум қилган.

Украинага ёрдам

Дания Украинага кейинги 10 йил ичида ҳарбий ёрдамни кафолатлади.

Мамлакат бош вазири Метте Фредериксеннинг таъкидлашича, томонлар тегишли келишувни имзолаб бўлишган. Бош вазирнинг сўзларига кўра, келишув G7 давлатларининг ташаббусига кўра имзоланган, уни Европа Иттифоқининг 32 та давлати қўллаб-қувватламоқда. Украина билан худди шундай хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги ҳужжатни Буюк Британия, Германия ва Франция ҳам имзолаган.

Дания 247 млн долларлик янги пакет доирасида Украина учун ҳаво мудофаа тизимлари, дрон ва 15 минг артиллерия снарядларини сотиб олади, улар бир неча ой ичида Киевга топширилади.

Буюк Британия эса Украинага яна Бримстоне ракеталарини берадиган бўлди. Ёрдам партияси 200 та ракетадан иборат, деган мамлакат мудофаа вазири Грант Шаппс. Танкларга қарши бошқариладиган ракетанинг бу модели узоқ масофадаги мўлжални ўзи лазер воситасида нишонга олиб, ура олади.

Германия парламенти Россияга узоқ масофани ура оладиган ракеталарни етказиб беришни маъқуллади.

Резолюцияда Taurus ракетаси тилга олинмаган, бироқ унда Вазирлар Маҳкамасига «Россия агрессорининг фронт ортидаги стратегик объектларига зарба бериш учун» Украинага узоқ мусофаларга уча оладиган ракеталарни етказиб беришни бошлашга чақириқ акс этган. Депутатларнинг катта қисми резолюцияни қўллаб овоз берган.

«Украина фронт чизиғидан жуда ортдаги ўқ-дорилар омборлари, таъминот йўллари ва қўмондонлик пунктлари каби ҳарбий объектларни нишонга ола билиши ва ўз қўшинларини Россиялик ҳарбийларнинг турли туман ҳужумларидан ҳимоя қила олиши керак», — дейилади ҳужжатда.

Украина президенти Володимир Зеленский агар АҚШ ҳарбий ёрдам кўрсатишни бас қилса, Украинада «Б» режанинг ўзи йўқлигини тан олди.

«Биз тирик қолишимиз керак. Биз маълум бир параллел қадамлар ва бошқа ечимларни топишга мажбур бўламиз, бироқ ҳар қандай ҳолатда биз учун бу ёрдам жуда муҳим», — деган Зеленский Fox News журналисти Брет Байерга Харкив остонасидаги фронт чизиғида берган интервюсида.

Россияга қарши янги санкциялар

АҚШ ўзининг Россияга қарши янги санкциялар пакетига улкан миқдордаги чекловларни киритади ва уни бир икки кун ичида эълон қилади, деди АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд.

«Биз эртага (яъни, жума куни) Навалнийнинг ўлими учун жавобгар бўлган Путинга қарши санкцияларни эълон қиламиз», — деган АҚШ президенти Жо Байден.

Байден Алексей Навалнийнинг беваси ва қизи билан учрашди. АҚШ президенти Юлия ва Даша Навалнаяларга Алексей Навалнийнинг ўлими юзасидан ҳамдардлик изҳор этди.

«Алексей Навалнийнинг жасурлиги мероси Юлия ва Дашада, шунингдек Россияда демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашаётган ҳисобсиз инсонларда яшайди», — деб ёзган Байден ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида.

Днестрбўйи Россияга қўшилмоқчи

Молдованинг айирмачи ҳудуди — Днестрбўйи Россия таркибига қўшилиш ниятида, деб хабар қилган Moldova Liberă нашри мухолифатдаги активист Геннадий Чорбага таяниб.

Унга кўра «Днестербўйи Молдавия Республикаси» етакчиси Вадим Красноселский «Молдова Республикаси томонидан босим бўлаётгани учун» 28 феврал куни Тирасполда барча даражадаги депутатларнинг съездини чақирмоқда. Активист Чорбанинг таъкидлашича, «бу съездни ўтказишга буйруқ Москвадан туриб берилган».

Мухолифатнинг фикрича, бу йиғилишда Днестрбўйини Россияга қўшиб олиш илтимоси янграйди. Россия президенти Владимир Путин эса 29 феврал куни Федерал Кенгашга мурожаатномасида «келиб тушган илтимос»ни зудлик билан қаноатлантириш лозимлигини эълон қилади.

Бу орада Европа Иттифоқи Молдовадаги ҳуқуқ устуворлиги, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган олти кишига нисбатан санкциялар эълон қилди.

Санкциялар Россия Федерал хавфсизлик хизматининг оператив информациялар департаменти бошлиғи ўринбосари Дмитрий Милютинга қарши жорий этилган. Европа Иттифоқи кенгаши фикрича, Милютин Россиянинг Днестрбўйидаги операцияларига бошчилик қилади.

Арманистон КХШТдан юз ўгирди

Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашиняннинг France 24 телеканалига берган интервюсида маълум қилишича, унинг мамлакати Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти — КХШТдаги иштирокини «музлатган».

Никол Пашинян ушбу ташкилот Арманистонга нисбатан коллектив хавфсизликни таъминлаш бўйича ўз вазифаларини бажармаган деб ҳисоблайди.

Арманистон бош вазири француз журналистларига берган жавоби давомида Ереванга оид жамоавий хавфсизлик битими, хусусан, 2021-2022 йилларда, хусусан, Пашиняндан Арманистон суверенитетига қарши «Озарбойжон тажовузкорлиги»га сиёсий баҳо берилмагани сабабли КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши декларациясини имзолаш сўралганда, бу амалга оширилмаганини айтган.

«Бу бизнинг эътиборимизсиз қолиши мумкин эмас. Биз иштирокимизни тўхтатдик. Кўрамиз, кейин нима бўлади», — деган Пашинян.

Шунингдек, Пашинянга кўра ушбу ташкилотга бош бўлган Россия «очиқчасига Арманистон халқини ҳукуматни ағдаришга чақирган».

Путин: «Аёлларимиз туғмай қўйди»

Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, россиялик аёллар фаровон яшай бошлагани учун фарзанд дунёга келтиришни истамай қўйишган.

Унинг фикрича, «мамлакатдаги воқеалар», яъни уруш туғилиш кўрсаткичларига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди. Бироқ мамлакатдаги фаровон ҳаёт Россия демографиясига салбий таъсир кўрсатган.

«Даромадлар ошиб, фаровонлик даражаси кўтарилгани сари бошқа қадриятлар бўй кўрсата бошлайди — аёллар таълим олишга, қўшимча касб-ҳунар эгаллашга ва бу йўл қўшимча таълим олишга интилишади. Фарзанд дунёга келтириш эса борган сари ортга сурилаверади», — деган Путин Татаристонга сафари чоғида.

Россия ҳукумати туғилиш даражасининг пастлигидан нечоғлик ташвишда экани, шунингдек, россияликларнинг катта қисмининг турмуш даражаси қай аҳволда экани ҳисобга олинса, Путин демографияни ошириш учун қандай чораларга қўл уришини тасаввур қилиш қийин.

Мавзуга оид