Ўзбекистон | 22:03 / 27.02.2024
8560
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида сохта суд мажлисида ҳужжат қабул қилингани аниқланди

Судяга нисбатан интизомий жазо чораси қўллангани таъкидланмоқда. 

Тошкент вилояти, Нурафшон туманлараро маъмурий судининг судяси ўтказилмаган суд мажлисини гўёки бўлиб ўтган, деб қайд этиб, тегишли суд ҳужжатини қабул қилган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга Судялар олий кенгаши муносабат билдирди. 

Қайд қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан ўз вақтида хизмат текшируви ўтказилиб, Тошкент вилояти судлари судялари малака ҳайъати қарори билан судяга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. 

Муносабатда ҳодиса қачон бўлгани, қандай ҳужжат қабул қилингани, судянинг исми-шарифи ва унга нисбатан қўлланилган жазо қандайлигига аниқлик киритилмаган. 

«Мазкур қарордан норози тараф Судялар олий малака ҳайъати ва Судялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Шикоят белгиланган тартибда кўриб чиқилади», дейилади хабарда. 

Мавзуга оид